Жаҳон | 19:56 / 11.02.2021
129049
4 дақиқада ўқилади

Доғистонлик ота боласини кўмяпман деб ўйлаб, кафаннинг ичида қўғирчоқ борлигини билиб қолди

Доғистонлик Даудга эгизак фарзандли бўлганини хабар қилишди. Бир эмас, иккита ўғилли бўлган ота хурсанд бўлиб уларни кўргани шошилди. Бироқ кўп ўтмай болалар нобуд бўлганини айтишди. Йигит фарзандларини кўмаётганда кафанни очиб, боланинг юзини қибла томонга қаратмоқчи бўлади. Қарасаки, кафаннинг ичида боланинг жасади эмас, оддий қўғирчоқ турибди. Бу воқеанинг асосида ишониш қийин бўлган алдов турибди...

Россияда жуда кенг муҳокама бўлаётган бу воқеа мана бундай бошланган. Полицияга Дауд Даудовнинг онаси мурожаат қилади. Унинг айтишича, аёлнинг 31 ёшли келини Лаура Тамадаевани туғганидан кейин реанимацияга олиб боришади. Аёл тўрт кун давомида жонлантириш бўлимида бўлади. Эгизакларни онасига эмизишга олиб келишади ва саломатлиги борасида муаммо бўлмайди.

«Биз Сургутда яшаймиз. Набираларимиз туғилганини айтишгач, 11 феврал куни учиш учун чипта олдик. Лаура тўрт кун жонлантириш бўлимида ётгани ва ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтди. Кейин эса менга телефон қилиб, болалар 8 феврал куни ўлганини айтишди. Бир кун ўтиб! Қандай қилиб икки бола бирданига ўлиб қолиши мумкин? Биз нима бўлганини тушунмай йўлга чиқдик. Одатларимизга кўра болаларни Доғистонга кўмишга қарор қилдик. Бу болалар туғилган Ставрополдан 700 км узоқда. Болаларга исм қўйдик, одатимиз шунақа. Болаларнинг юзини кўрмоқчи бўлдим, касалхонага борганда Лауранинг айтишича, эгизакларни ювишган, домла ўқиган ва очиш мумкин эмас, деб айтди.

Келинимга 4 кун давомида болаларни эмизишга олиб келишган, болалар гўёки ўлган куни улар онаси билан бўлган, эмган, йиғлаган. Лаурага болалар ўлгани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат беришмаган. Иккита мулла келиб, болалар фариштага айланди, деб тинчитишга уринган.

Одатимизга кўра, одам кўмилгач, юзини қиблага қаратиб қўямиз. Ўғлим кафанни очиб қараса, ичида жасад эмас, қўғирчоқ турибди. Оддий қўғирчоқ. Болалар тирик экан, демак, уларни алмаштириб қўйишган ёки нимадир қилишган», деган Дауд Даудовнинг онаси.

Бу воқеа шунчалик шов-шувларга сабаб бўлдики, Ставрополь губернатори Владимир Владимиров муносабат билдиришга мажбур бўлди. У вазиятни ўз назоратига олганини маълум қилди. Губернатор ҳолат бўйича барча органларни оёққа турғизган, соғлиқни сақлаш бошқармасига топшириқ берган.

Кўп ўтмай Ставрополь соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат бўйича муносабат билдирди. Муносабатда айтилишича, Ставрополда иккита перинатал марказ бор ва уларнинг ҳеч бирида болалар ўлими билан боғлиқ ҳолат кузатилмаган. Ҳар эҳтимолга қарши Ставрополдаги барча тиббиёт бирлашмалари текширилган ва ҳеч қаерда болалар ўлими билан боғлиқ ҳолат қайд этилмагани аниқланган.

Интернетда тарқалган видеоларда ҳолат Ставрополдаги 1 рақамли перинатал марказда содир бўлгани айтилгани сабаб ушбу тиббиёт бирлашмасидаги 190 та назорат камераси ёзиб олган кадрлар текшириб чиқилган. Кузатув камераларида ҳам қандайдир ноодатий ҳолат аниқланмаган.

Ҳолат борасида Ставрополь ўлкаси губернатори Владимир Владимиров ҳам муносабат билдирди: «Бизнинг перинатал марказда мураккаб ҳолатдаги ҳомиладор аёллар ётади. У ерда анчадан буён чақалоқларнинг ўлими борасида ҳолат қайд этилмаган. Эгизаклар ўлими ҳолати эса адашмасам умуман қайд этилмаган. Ўлим ҳолати қайд этилса ҳам, жасад оила аъзоларга берилишидан аввал керакли текширувлар ўтказилади», деб ёзган губернатор Инстаграм саҳифасида.

Суриштирув натижасида аслида нима бўлгани аниқ бўлди. Гап шундаки, аёл 9 ой давомида ҳомиладор эканига эрини ишонтирган, лекин ,аслида, ҳомиладор бўлмаган. Аёлнинг гавдаси катта бўлгани учун бундай ёлғонга эри ва қариндошларини ишонтира олган. Аёл эри фарзандли бўлишни хоҳлагани учун шу ишни қилганини айтган. У эри кетиб қолишидан қўрққан. Айни дамда аёл тергов бермоқда ва руҳий ҳолати бўйича экспертизадан ўтиши кераклиги айтилмоқда.

Бу шов-шув тарқалгач, шифокорлар аёлни топиб, тиббий кўрикдан ўтказишган. Маълум бўлишича, аёл ҳеч қачон ҳомиладор бўлмаган. У ҳомиладор бўлмаса, касалхонага қандай борган, жасад деб қўғирчоқни бериб юборган одамлар билан қандай келишган – аниқ эмас. Буларнинг барчаси борасида суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат Ставрополда бўлганига қарамай, суриштирувларда Доғистон милицияси ҳам қатнашаётгани маълум.

Мавзуга оид