Ўзбекистон | 09:09 / 12.02.2021
35232
7 дақиқада ўқилади

Олтиариқ узумлари: Ҳосилни келгуси мавсумгача сақлашни боғбонлар қандай уддалайди?

Олтиариқ деганда кўпчиликнинг кўз ўнгида унумдор тупроқ билан дўст тутиниб узум, бодринг, турп етиштирган, қиш бўлишига қарамай, эл дастурхонига узум ва бодрингни узмасдан тортиқ қилаётган меҳнатсевар боғбон гавдаланади.

Дарҳақиқат, Фарғонанинг бу туманига келсангиз, маҳаллий одамларнинг боғдорчилик борасида анча устамон бўлиб кетганига гувоҳ бўласиз. Олтиариқнинг заҳматкаш боғбонлари бугун нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикаларда ҳам довруқ қозонишган.

Чинортаги кўчаси 81-хонадонга кириб борар эканмиз, дарвозадан хонадон ичра ўтишимиз билан худди куз фаслида бўлганидек сўриток узра ястаниб ётган узумларга кўзимиз тушди.

Ишониш қийин. Айни пайтда қиш фасли ҳукмрон бўлишига қарамай, узумнинг бир неча тури сўритокда ғарқ пишиб ётарди.

Файзли ўзбек хонадонларидан бири. Дарвозадан кираверишда сўриток устидан усталик билан «целофан қоғоз» тортилган.

Хонадон дарвозасига узумларга совуқ ҳаво зарар етказмаслиги учун ҳовли ичкаридан махсус материал қопланган. Буларнинг барчаси хонадон соҳиби Ҳусанбой Ғофуровнинг айнан қиш палласида узумларни ток устида сақлашда ўта эҳтиёткор эканидан дарак берарди.

Йиллар давомидаги меҳнати эътироф этилиб, 2020 йилнинг декабр ойида «Намунали томорқачи» кўкрак нишони билан тақдирланган Ҳусанбой ака узум етиштириш ва уни сақлаш сир-асрорлари билан ўртоқлашди.

«Хонадонимиздаги узумларни бир неча йиллардан буён «токнинг устида сақлаш» усулида сақлаб келяпмиз. Узум парваришига алоҳида эътибор қаратамиз.

Кузда пишган узумларни июн ойигача сақлашнинг ўзи бир машаққат. Сақлашнинг эса 3 хил тури бор: ток устида сақлаш (узум пишган вақтда уни узмай жойида қолдириш), бакалашка услуби (узум ғарқ пишган пайти унинг калтаги билан кесиб бандини сувга солиб қўйиш) ҳамда ота-боболаримиздан қолган эски сақлама (октябр ойида узум узиб қўйилади ва яшикларда омборда сақланади) услуби.

Узумчилик билан шуғулланишни бошлаганимга 50 йил бўлди. Ҳар қандай соҳанинг ҳам ўзига яраша оғир ва енгил томонлари бор. Ҳар бир соҳада изланиб турмасангиз, замондан орқада қолиб кетишингиз ҳеч гап эмас. Изланишлар самара бериб, 15–20 йилдан буён «бакалашка» услубида сақлаган узумларимизни май ойигача асл ҳолидек сақлашга эришиб келмоқдамиз.

Мана, январ ойи ҳам поёнига етиб боряпти, лекин ҳали биз «бакалашка» услубидаги узумларни сотишни бошламадик. Март ойига ўтиб бу усулда сақланган узумларни сота бошлаймиз. Ҳозирги пайтда банди қуруқ узумларни маҳаллий бозорларга ва қўшни Тожикистонга сотяпмиз.

Изланишларимизга кўра, одатда узум июн-июл ойларида пишадиган бўлса, то кейинги узум пишгунича эски узумни сақлаш усулларини ўзлаштирдик.

Ҳозирда бизда узумнинг 25 хилдан ортиқ тури мавжуд. Ток устида қишда ҳам 5–6 хил узум навини сақлаб келмоқдамиз. Булар – «ҳусайни», «келин бармоқ», «улкан», «қора жанжал», «Ф1» каби навлардир.

Олтиариққа атрофдан, қолаверса, хориждан кўплаб меҳмонлар қадам ранжида қилиб туради. Келган меҳмонларга узумларни тепасидан узиб берамиз.

Ток услубидаги узумларни ҳам май ойигача сақлаб келяпмиз. Энг асосийси, ток устидаги узумлар баҳоргача ўз мазасини йўқотмайди. Келган меҳмонлар эса айниқса қиш фаслида узумни тепасидан узиб егиси келади.

Авваллари тажриба етишмаслигидан ота-боболаримиздан қолган эски сақлама усулида узумларни узоқ муддат сақлай олмаётган эдик. Бу усулда сақланган узумларни жуда борса феврал ойигача «ушлаб» турардик. Изланишлар натижасида ҳозирда омбордаги узумларимизни октябр ойида новдасидан қандай ҳолатда узсак, то узум пишадиган июн ойигача худди шундай асл ҳолатидек сақлаб туришга эришдик.

Узум кўчатини тупроққа қандай ўтқазиш, уни қайси пайтда хомток қилиш, қандай парвариш қилиш – буларнинг барчасининг ўз сир-синоатлари бор.

Баъзида куз ойи ҳар доимгидан кўра иссиқ бўлади, ёки совуқ эрта келиши мумкин. Айрим йиллари узумни сентябр ойида узишга тўғри келади. Ҳаттоки куз иссиқ келиб ҳосилни ноябр ойида узган ҳолатлар ҳам бўлган. Об-ҳавонинг қандай келишига қараб узум парвариш қилиниб, узилади.

Иқлим ўзгаргани боис парвариш ҳам ҳар йили ўзгариб туради. Фаолиятимизга иқлим шароити чамбарчас боғлиқ.

4 ўғлим бор. Керак бўлса, 12 яшар невараларим ҳам узум парваришида менга ёрдам бериб келишади. Зарурий ҳолатда оиламизда ишчи кучи етишмаса, ташқаридан ҳам ишчи ёллаймиз. Парвариш кўнгилдагидек бўлса, мана кўриб турганингиздек узум июн ойигача туриши мумкин.

Узумларнинг йилдан йилга ҳосилдорлиги камайиб боряпти. Сабаби – иқлим ўзгариши, турли касалликларнинг кўпайиб кетиши. Ўтган йили негадир узумлар ҳар йилгидан кўра кам ҳосил берди. Ёшлигимизда ноябр ойида ҳам узум барглари ям-яшил бўлиб барқ уриб турарди, бир неча йиллардан буён айни мева ғарқ пишадиган июн ойидаёқ барглари сарғайиб сўлиб боряпти», – дейди биз билан суҳбатда Ҳусанбой Ғофуров.

Аллоҳ берган неъматни қарангки, боғбон Ҳусанбой Ғофуров ўзи эгиз бўлгани учун унинг икки ўғли ҳам эгиз туғилган экан. Оилада Ҳусанбой Ғофуровлар икки нафар экан.

Эгизак ўғилларидан бири Ҳусанбой Ғофуровга қулоқ тутамиз.

«Оилада 4 ўғил ва 1 қизмиз. Акамнинг ўғиллари ва келинлар билан оилавий қўл меҳнати билан узумларни парваришлаб, боғбончилик билан шуғулланиб келмоқдамиз.

Дадамизнинг кўрсатмалари билан узумларни сақлаш сир-синоатларини қунт билан ўргандик. Дадам 50 йилдан буён боғдорчилик билан шуғулланиб келади. Келажакда омборхоналарни яна ҳам кенгайтириш ниятимиз бор.

Хонадонимизни «Олтиариқнинг энг бахтиёр оиласи» десак арзийди. Узумчилик ортидан кам бўлганимиз йўқ. Узумчилик орқасидан 2 та намунавий уй олдик, тагимизда замонавий машина. Доим Аллоҳга шукр айтиб келамиз. Меҳнатимиз ортидан, дадамнинг бизга берган тарбиялари ортидан устимиз бут, қорнимиз тўқ».

Олтиариқлик оддий, заҳматкаш ўзбек хонадон аъзоларининг тиришқоқлиги, ўзаро аҳиллиги, меҳнатсеварлиги таҳсинга лойиқ. Бободеҳқоннинг етиштирган сархил узумлари бугун дастурхонимизга файз улашиб турибди. Айни организмда витамин етишмаган пайтда улар бу бўшлиқни тўлдиряпти.

Эътибор берсак, ҳовлига, токнинг шундоқ ёнгинасига киви дарахти ҳам ўтқазилган экан. Демак, келажакда оила киви дарахти парваришини йўлга қўйишга аҳд қилган.

Сўритокка осиб қўйилган қушлар қишда ҳам тинимсиз сайраб кўнгилни яйратади. Ҳовли саҳнида ўйнаб юрган Ҳусан тоғанинг набираси, гоҳ қафасдаги қушларни сайратар, гоҳ томорқада юрган ғоз ва товуқларга дон берарди. У ҳам улғайиб моҳир боғбон бобосининг узумчилик ишини давом эттирса ажаб эмас...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид