Жаҳон | 13:29 / 14.02.2021
32941
16 дақиқада ўқилади

«Конституцияни ўзгартиришда қатнашганларнинг ҳаммасини хоин деб биламан» – Навальний навбатдаги судда кескин гапларни гапирди

Москвадаги Бабушкина судида мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний уруш қатнашчисини ҳақорат қилганликда айбланган суд ишининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди. Танаффуслар билан ҳисоблаганда 10 соат давом этган судда яна ҳукм ўқилмади ва 16 февралгача танаффус эълон қилинди. Бу гал ҳам Навальний ўткир чиқишлари билан суд жараёни «рисоладагидек ўтишига монелик қилди».

Фото: Бабушкина суди матбуот хизмати

Бу сафарги суд мажлиси ҳам Навальнийнинг чиқишлари билан ёдда қолди. Бу гал ҳатто лингвист экспертлар ҳам тингланди, бироқ барибир Навальний уруш фахрийси Игнат Артеменкога туҳмат қилган-қилмагани борасида якуний қарорга келинмади.

Адвокатлар судьяга норозилик билдирди

Суд мажлиси бошида Навальнийнинг адвокатлари судья Вера Акимова устидан арзнома тақдим этди ва у қаноатлантирилмади. Адвокат Олга Михайлова ёзма равишда тақдим этган арзномада олдинги мажлисда судья холис бўлмагани, тўлалигича қораловчи томонда бўлганини келтирган. Адвокат суд мажлиси аввалида уни суратга олиш тақиқланганига қарамай, давлат телеканалларида суддан олинган лавҳалар кўрсатилганини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, шу орқали Навальний фахрийларни ёмон кўриши ҳақида таассурот уйғотишган.

Адвокат мижози Навальний билан юзма-юз гаплашиш имкони бўлмагани, қоғозларда ёзишиш ноқулай бўлганидан койинди. Шунингдек, Навальнийнинг оқловчилари жабрланувчи деб эътироф этилаётган Артеменконинг суд давомида аҳволи ёмонлашгани (ва шу сабаб унинг барча сўзлари тингланмагани), алоқа ёмонлиги сабаб гувоҳларнинг овози деярли эшитилмаганини эслатди. Михайлованинг фикрича, Навальнийга суд давомида ўзини оқлаш учун имкон берилмаган, унинг гувоҳларга берган саволи доимий олиб ташланган.

Навальнийнинг ўзи ҳам мажлис давомида судьяга норозилик билдирди. «Ёлғонларингиздан жуда хафа бўлдим, жаноби олиялари. Сиз шарманда бўлишни бас қилиб, Россия қонунларини ўрганиш бўйича курсларга қатнашингиз керак. Менимча, Бабушкина судида менинг ишимни кўришдан аввал ким энг ноинсоф қози экани борасида сўровнома ўтказилган ва унда сиз – Акимова хоним ғолиб бўлгансиз», деди Навальний.

Прокорур Екатерина Фролова судья Акимовани суд мажлисидан четлаштириш бўйича арзномани қаноатлантирмасликни сўради. Судья бир соатлик маслаҳатлашувдан кейин қайтди ва ўзига нисбатан билдирилган норозилик арзини қаноатлантирмасликка қарор қилди. Суд бошланиши билан Навальний судьядан ҳимоя томони ҳам жараённи видеога олишини сўраб, ўтган суднинг кадрлари қандай қилиб Дмитрий Киселёвнинг қўлига тушиб қолганини сўради.

Прокурор жабрланувчи Игнат Артеменко суднинг кейинги мажлисларида қатнашмаслиги билдирилган илтимосномани ўқиб берди. Прокурорнинг айтишича, Артеменко биринчи суд мажлисида ўзининг манзилига тинимсиз ҳақоратлар билдирилгани сабаб аҳволи ёмонлашганини баён қилган ва Навальнийга жиноий жавобгарлик белгилашни сўраган. Прокурор шунингдек, уруш фахрийси қатнайдиган поликлиникадан ҳам ҳужжат олингани, унда шифокорлар Артеменкога кейинги мажлисларда қатнашмасликни тавсия қилганини айтган.

Навальний илтимосномани кўришни сўради ва адвокати унга ойна орқали кўрсатди. Қизишиб кетган сиёсатчи шундай деди: «Кечирасиз-у, ўтган мажлисда қўлидаги икки сатр гапни аранг ўқиб берган, зўрға оёқда турган ветеран шу гапларни ёзган демоқчимисиз? Сизнингча, у компьютер олдида ўтириб, мана шу матнни терганми? Хўп, майли буни сиз сохталаштирганингиз аниқ, лекин ҳеч бўлмаса 95 ёшли одам айта оладиган гапларни ёзсанглар бўлмайдими, барака топгурлар. Бечора чолни қўғирчоқ қиляпсизлар ахир».

Навальний ва набира ўртасида «жанг»

Фото: Бабушкина суди матбуот хизмати

Суд мажлисидаги энг эсда қоларли ҳолат Алексей Навальний ҳамда Игнат Артеменконинг набираси Игорь Колесников ўртасидаги баҳслашув бўлди. Улар ўртасидаги қуйидагича диалог бўлиб ўтди:

– Игорь Владимирович, рухсатингиз билан бир нарсани сўрамоқчиман: сиз қандай қилиб ўз бобосини сотишдек бемаза ишга қўшилиб қолдингиз? Яна бир гап, 96 ёшли бобонгиз телефон тузатиш билан шуғулланадими? Ахир сизнинг 10 йил аввал очилган телефон тузатиш фирмангизда у таъсисчи сифатида кўрсатилган-ку? Демак, бобонгиз 86 ёшида телефон тузатиш билан шуғулланардими?

– Сизни у ерда уришяптими дейман?

– Айтингчи, бобонгиз 95 ёшида ўта муҳим ишлар бўйича Тергов қўмитаси раҳбари Алиевга ўзи ариза билан мурожаат қила оладими? Бобонгиз Тергов қўмитасидагилар билан қанчалик яқин алоқада?

– Ўтган мажлисда бобомни медал тақилган қўғирчоқ дегандан кўра бу ҳақда унинг ўзидан сўраш керак эди. Сиз ўзингизни қиздирилган товага тушиб қолгандай тутяпсиз.

– Бу ерда ҳамманинг бобоси урушда қатнашган, лекин фақат сиз бобонгиз урушга борганини иддао қилиб, нимадир ундириш ниятида юрибсиз. Ҳужжатларга кўра, сиз бутун ўтган йил давомида 33 минг рубль ишлаб топгансиз, шу учун бобонгиздан фойдаланиб, молиявий имкониятингизни яхшилаб олмоқчимисиз? Сир бўлмаса, қанча пул топасиз?

Навальнийнинг охирги саволидан кейин судья Акимова сиёсатчидан бундай саволлар беришни бас қилишни сўради. Томонлар бақириб кетишгач, судда танаффус эълон қилинди.

Танаффусдан кейин судда гувоҳларни тинглаш бошланди. 1959 йилда туғилган пенсионер Алексей Лукиннинг айтишича, у Навальний сўкинган твитни кўрган. «Ролик ва унга ёзилган изоҳ бор эди. Унда мамлакатни шарманда қилаётганлар, малайлар, хоинлар деб ёзилганди. Хоинлар сўзи менга жуда ёмон таъсир қилди», деди гувоҳ. Навальнийнинг адвокати гувоҳдан ролик ҳақида сўраганда эса Лукин шундай жавоб берди: «Оддий ролик. Унда ҳурматга муносиб одамлар, фазогирлар, офицер ва яна бир пушти сочли ҳам конституцияни шарафлаган».

Навальний ўша твитда мана бундай ёзганди (твит ҳамон Навальнийнинг саҳифасида турибди): «Тан олиш керак, сотилган малайлар таркиби ҳозирча анча кучсиз. Улар мамлакатни шарманда қилмоқда. Ноинсофлар, хоинлар». Навальнийнинг адвокатлари мана шу сўзларни ҳақорат деб ҳисоблаши ёки йўқлиги ҳақида Лукиндан сўрашди. Гувоҳ эса хоин сўзи ҳақорат ва туҳмат эканини айтди. «Сен кимнидир хоин деб атасанг, буни исботлаб беришинг керак», деган гувоҳ.

Оқловчи томон гувоҳга бир неча савол билан мурожаат қилди: «Сиз ҳақорат сўзининг маъносини тушунасизми? У туҳмат сўзига синоним бўла оладими? Сиз конституцияга киритилган ўзгаришларни қўллайсизми?». Судья бу саволларнинг барчасини олиб ташлагач, адвокатлар эътироз билдиришди. «Бизнинг саволларимиз нуқул олиб ташланмоқда, давлат қораловчисининг саволлари эса гувоҳгача етиб боряпти. Бу ноҳақлик», деган сиёсатчининг адвокати.

Навбатдаги гувоҳ терапевт бўлиб ишлайдиган Сархан Кичибеков бўлди. У 9 июн куни Артеменконинг мазаси қочиб қолгач, унинг уйига борган тез ёрдам шифокори. Бошқа гувоҳлардан фарқли бу гувоҳнинг сўзлари ортиқча бўёқларсиз бўлди: «Бемор кўкрак қафасида оғриқ сезаётганди. Унда қон босими ошиши ва дискомфорт кузатилган. Бемор бунинг сабабини руҳий зўриқиш билан изоҳлади. Тўғрисини айтганда, унинг ҳолати 93-94 ёшли инсон учун нормал эди. Уни касалхонага ётқизишга асос йўқ эди».

«Отлар кам қолганди, лекин барибир бор эди...»

Прокурор жабрланувчи Игнат Артеменко қанчалик қаҳрамонлик кўрсатганини исботлаш учун унинг ўз тилидан ёзилган биографиясини ўқиб беришини маълум қилди. Ярим соат давомида қораловчи томонидан ўқилган ҳикояда ветераннинг уруш ҳақида хотиралари ҳам келтирилганди: «Қийин кунлар ҳали олдинда эди, райондан хурсанд қилмайдиган хабарлар кела бошлади. Бироқ бу ҳақда кичик қишлоқнинг одамлари, айниқса ўсмирлар қаердан ҳам биларди... Отлар кам қолганди, лекин ҳали бор эди». Навальний бу гапларнинг судга нима алоқаси борлигини сўрашига қарамай, прокурор ҳикояни ўқишда давом этди. Ўқиб бўлгач, мухолифатчи эътироз билдирди: «Ўтган мажлисда икки қатор гапни зўрға ўқиб берган одам мана шу нарсаларни ёзганига мени ишонтирмоқчимисиз? Бу нарсаларни у 1974 йилда ёзган. Бу одамлар уни олиб протоколга расмийлаштирган».

Ёзма далилларни эълон қилиш

Суд эълон қилган 40 дақиқалик танаффус тугагач, ёзма далилларни текшириш жараёни бошланди. Бу борада Навальнийнинг оқловчилари томонидан чақирилган эксперт ташқарида тургани сабаб адвокатлар уни ичкарига киритишни илтимос қилишди: «Жаноби олийлари, раҳм қилинг, у ёши катта одам ташқарида совуққотди». Бироқ судья бу илтимосни рад этди. Кейин бу илтимосни такрорлаган Навальний судьядан навбатдаги марта огоҳлантириш олди. Далиллар тингланаётганда Навальний яна ҳазиллашишга улгурди. Прокурор далиллар келтирилган қоғозларни ўқиётиб, ҳар сафар янги саҳифага ўтганда кўрсаткич бармоғини лабига теккизиб олаверди. Навальний унга қарата шундай деди: «Ҳурматли прокурор, илтимос бармоғингизни ялайвермасангиз, сизга қарашга тоқатим қолмади».

Прокурор ёзма далилларни узоқ вақт ўқиб тугатгач, Навальний «Ура» деб бақириб юборди. Оқловчи томоннинг ўзи чақирган экспертни ичкарига киритиш бўйича сўровига навбатдаги марта инкор жавобини олгач, Навальний яна эътироз билдирди. «Сизда инсоф йўқ экан. Мени қоралаш учун чақирилган гувоҳларни қўлингизда кўтариб ардоқладингиз, бизда эса атиги битта эксперт бор, уни ҳам ичкарига киритмаяпсиз», деди сиёсатчи ва судьядан навбатдаги марта огоҳлантириш олди. «Мен ҳам сизга огоҳлантириш бераман, менда улардан 30тадан кўпроқ бор. Бу огоҳлантиришлар ҳеч нарсани англатмайди», деди яна Навальний.

Судья 15 дақиқа танаффус эълон қилди ва ниҳоят шу вақтда Навальнийнинг оқловчилари томонидан чақиртирилган профессор Баранов ичкарига киритилди.

Лингвистик экспертиза

Бундай турдаги экспертиза борлиги кўпчиликни ажаблантирган бўлиши мумкин, лекин ҳақорат ёки туҳмат бўйича очилган ишларда бундай экспертиза бўлиши шарт. Даставвал қораловчи томондан қатнашган Тергов қўмитаси лингвистик экспертиза бўлими катта эксперти Альбина Глотова тингланди. Экспертдан прокурорнинг талабига кўра «малай», «сотқин», «шарманда» ва «хоин» сўзларига изоҳ бериш сўралди. Навальний гап қўшиб «Масалан, судья Акимова – шарманда», деди ва навбатдаги марта огоҳлантириш олди.

Қизиғи, Навальнийнинг ёзган твитига салбий баҳо берган эксперт Глотова доклади давомида Навальнийнинг адвокатлари таклиф қилган ва узоқ вақт совуқда қолишга мажбур бўлган профессор Барановнинг текширувларидан фойдаланган. Шундан кейин суд далилларни текширишга ўтди. Russia Today телеканалида эълон қилинган видеонинг диски, Навальний твиттерда жойлаган видеонинг диски ва Навальний YouTube'га юклаган видеонинг дискини ўрганиш бошланди. Суд конституцияга киритилажак ўзгаришларни қўллашга чақирилган видеони уч марта кўрди. Кейинчалик «Навальний билан Россиянинг келажаги» дастуридан лавҳа кўрилди. Хусусан, Навальний Путинни қиролга айлантиришни қўллайдиган ҳаммани малай деб билиши ҳақидаги лавҳа ҳам кўрилган.

Ўзи тайёрлаган видео қўйилгач, Навальний тезда шундай деди: «Ҳа, мен одамларни Путинни қирол қилиш учун овоз беришга чорловчиларни, ветеранлардан қўғирчоқ сифатида фойдаланадиганларни чиндан малай ва хоин деб биламан. Бу яширадиган гап эмас».

«Бу шунчаки баҳо»

Навальнийни оқлаш учун таклиф этилган ягона инсонга суд якуни арафасида сўз берилди. Ўтган асрнинг 80-йилларидан буён рус тилидан дарс бериб келаётган профессор Баранов ишга алоқадор энг муҳим фактни икки оғиз гап билан тушунтириб берди: «Пётр – касал». Бу гап ёки рост ёки ёлғон бўлиши мумкин. Яна бир мисол: «Пётр – ярамас одам». Бу эса шунчаки бир кишининг баҳоси. Чунки Пётр ким учундир ярамас, бошқа биров учун яхши одам бўлиши мумкин».

Профессор бевосита ишга алоқаси бўлган хоин сўзи ҳақида ҳам гапирди: «Хоин сўзининг ҳам икки хил маъноси бор. Масалан, ватан хоини. Иккинчиси эса қандайдир руҳий идеалга хиёнат қилиш маъносида ишлатилиши мумкин. Масалан, «Хиёнаткор эр жазманиникига кетиб қолди». Навальний хоин сўзини ишлатганда у айнан руҳий ва жамоатчилик идеали бузилган ҳолатни назарда тутган. У бу сўз билан конституцияга ўзгартириш киритишни қўллаш бўйича пропагандада қатнашганларга нисбатан салбий муносабатини билдирган. Бу ифодада ёлғон ёки рост деб баҳолаш мумкин бўлган гап йўқ. Туҳмат деб қабул қилинган гапни текшириб кўриш мумкин, лекин бу ерда текширадиган сўзнинг ўзи йўқ», деди эксперт. У Навальнийнинг твитидаги «малай», «шарманда» сўзлари туҳмат эмас, баҳолаш сифатида қабул қилиниши ҳақида хулоса берди.

Профессор Барановнинг чиқишидан кейин прокурор унга босим қила бошлади ва қонунда туҳматга бошқача таъриф берилганини айтди. Профессор эса қонун ижодкорлигига даъво қилмаслигини маълум қилди.

«Ўткир саволларингизни беринг»

Суд якунида Навальнийни сўроқ қилиш бошланди. Кириш қисмида Навальний Россия конституциясини ўзгартириш бўйича ишлаганларни энг ёмон сўзлар билан сўкишини айтди: «Ҳа, мен конституцияга ўзгартириш киритиш кампаниясида ишлаган ҳаммани ёмон кўраман. Уларнинг манзилига энг ёмон сўзларни айтаман. Мен улар мамлакатни талаяпти деб ўйлайман. Шу сабаб ўз фикримни билдираман ва бу менинг фуқаролик бурчим. Агар мен Артеменко фронтнинг қандайдир чизиғини босиб ўтган десам, буни туҳмат сифатида қабул қилиш мумкин. Бироқ менинг шахсий қарашларим кимгадир ёқмас экан, улар ҳам мендан арз қилиши мумкин, аммо мен ҳеч ким ҳақида ёлғон маълумот тарқатмадим».

Суд Алексей Навальнийдан твиттер ва телеграмда аккаунти бор ёки йўқлигини сўради. Навальний эса ҳар икки тармоқда ҳам аккаунти борлигини, твиттерга алоҳида муҳаббати борлигини билдириб, у ердаги обуначиларига салом айтди. Кейин судья Навальнийни сўроқ қилишда давом этди:

– Russia Today телеканалидаги ватанпарварлик ҳақидаги видеони қачон кўрдингиз?

– Кўнгилни айнитадиган ва ватанпарварликка хос бўлмаган руҳидаги роликни твиттерда кўрдим. Қачонлиги эсимда йўқ.

– Видеодаги одамларни танидингизми?

– Артемий Лебедевни танидим, кейин Иван Охлобистинни кўриб, юзимни қўлим билан ёпиб олдим.

– Ёзган нарсангизни кўпчилик кўришини билганмидингиз?

– Айнан шундай бўлишига умид қилгандим.

– Айтган гапларингизга исботингиз бормиди?

– Мен исботлаш талаб қилинадиган гап гапирмаганман. Шу ишда (конституцияни ўзгартирганлар назарда тутилмоқда) қатнашган барча ҳақида гапирганман. Малайлар ва сотқинлар деб бу инсонларнинг барчасини атаганман. Сайлов бюллетенларини сохталаштирган Элла Памфиловани ҳам (Россия марказий сайлов комиссияси раҳбари). Яна қандай ўткир саволлар тайёрлаб қўйгансиз, бераверинг.

– Сиз халқимизнинг тарихий хотирасини йўқотмоқчимисиз?

– Кечирасиз-у, ўша тарихий хотирани ҳимоя қиладиган кимдир бўлса, ўша биз. Чунки биз ўша сиз ҳимоя қилаётганингизни айтаётган ветеранлар, пенсионерлар кўпроқ пенсия олишини талаб қиляпмиз. Сиз эса мана бу ерда ўтириб олиб безбетларча мени тарихий хотирани камситганликда айблаяпсиз.

– Сиз уруш фахрийсига билиб туриб туҳмат қилдингизми?

– Сизчи, Чайка (Россиянинг собиқ бош прокурори) жиноий гуруҳлар билан ҳамкорлик қилишини билатуриб прокуратурага ишга кирганмисиз?

– Сизда қандайдир сурункали касаллик борми?

– Ўйлаб турибман: Бабушкина судига бўлган нафрат аста-секин сурункали касалликка айланиб боряптимикин?

Айнан мана шу савол-жавобдан кейин суд мажлиси якунланди ва унда 16 февралгача танаффус эълон қилинди.

Мавзуга оид