Жаҳон | 20:25 / 16.02.2021
9022
2 дақиқада ўқилади

Билл Гейтс инсониятнинг асосий муаммосини айтди

Microsoft асосчиси Билл Гейтс инсоният олдида турган асосий муаммо 2050 йилгача иқлим нейтраллигига эришиш эканини ва иқлимни сақлаб қолишда атом энергетикаси бош рол ўйнашини айтди. 

Фото: EPA

Америкалик тадбиркор бундай фикрни Австралия миллий жамоатчилик телекорпорациясига берган интервьюсида билдирди.

“Бу инсоният олдида турган энг оғир муаммодир, чунки дунё иқтисодиёти – цемент, пўлат, транспорт, қишлоқ хўжалиги – ушбу барча тармоқлар ўзгариши лозим”, деб таъкидлаб ўтган Гейтс.

Унинг айтишича, иқлимга салбий таъсирни атмосферадаги иссиқхона газлари ҳажмини қисқартириб йўққа чиқариш мумкин. Атроф-муҳитга чиқарилувчи асосий чиқиндилар кўмир, нефт ва газ ёқишга асосланган энергетика билан боғланган.

Гейтснинг айтишича, қуёш ва шамол энергетикаси ҳозирча инсониятни зарур энергия билан таъминлашга қодир эмас. Иқлимни сақлаш вазифасини ҳал қилишни фақатгина атом энергетикаси ўз зиммасига олиши мумкин. 
 
“Ядронинг бўлиниши ва термоядро синтези бундай катта кўламда ишлай оладиган ягона нарсалардир”, деб таъкидлаб ўтган Гейтс.
 
Унинг таъкидлашича, атом энергетикаси одамлар томонидан қабул қилиниши учун янада арзонроқ ва хавфсизроқ бўлиши лозим.

Мавзуга оид