Ўзбекистон | 21:10 / 17.02.2021
18867
5 дақиқада ўқилади

Яна UzIMEI ҳақида. Ўзбекистон парламенти ўз қарорини 1 йилдан бери ижро қилолмаяпти

IMEI кодни рўйхатдан ўтказишни текин қилиш ҳақидаги жамоатчилик мурожаати «Менинг фикрим» порталида керакли овоз тўплаганига қарамай, бир йилдан буён эътиборсиз қоляпти. «Бу қандай парламент бўлдики, ўзи тасдиқлаган ҳужжат ижросини таъминлай олмаса?» дея савол қўйди блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Фото: Kun.uz

Бундан 1 йил аввал, 2020 йил 17 февралида «Менинг фикрим» порталида IMEI кодларни рўйхатга олишдаги тўловни бекор қилиш ҳақида петиция эълон қилинган эди.

Петиция 3 соат ичида керакли миқдорда (10 минг) овоз тўплаганди. Ҳозирда тўпланган овозлар сони 25 мингга яқинлашиб қолган.

«IMEI кодлaрини рўйхaтгa олишда тўловлар бекор қилинишини сўрaймaн», дея таъкидланган жамоавий мурожаатда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланган низом талабига кўра, парламент ва ҳукумат номига йўлланган мурожаат камида 10 мингта қўллаб-қувватловчи овозни олганда, у белгиланган тартибда кўриб чиқилиши, кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган қарор модератор томонидан 60 кундан ошмаган муддат ичида «Менинг фикрим» порталига жойлаштирилиши лозим.

Орадан 365 кун ўтган бўлса-да, мурожаат ҳамон «Кўриб чиқиш жараёнида» турибди. Ўша пайтда Олий Мажлис IMEI-кодлари бўйича жамоавий мурожаат юзасидан ишчи гуруҳ тузганди.

«Ўз қарори ижросини таъминлай олмаса, бу қанақа парламент?»

Мавзуни кўтариб чиққан ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев парламентдаги журъатсизлик ва «Менинг фикрим» порталининг «кўзбўямачилик учун очилгани»ни танқид қилди:

«Бу қандай парламент бўлдики, айнан ўзи тасдиқлаган, юридик кучи бўйича қонунга тенг ҳужжатнинг ижросини таъминлай олмаса?!

Нега минглаб фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган, халқ учун эмас фақат маълум идораларнинг манфаатлари учунгина амал қилиб турган бу тартибни бекор қилиш чоралари кўрилмади?

Эртага тушунмовчилик бўлмаслиги учун аниқлаштираман: гап IMEI тизимини бутунлай бекор қилиш ҳақида кетмаяпти, чунки бу тизим орқали қора бозорга анча чек қўйилди (100% бўлмаса ҳам), расмий сотув кўпайди ва ўз-ўзидан давлат бюджетига жуда катта миқдорда солиқлар тушишни бошлади. Шу сабабли бу тизим қолиши тарафдориман, фақат рўйхатдан ўтказиш БЕПУЛ, мантиқий ва ортиқча бюрократиясиз бўлсин.

Энди сизларга савол, ҳурматли СЕНАТОР ва ДЕПУТАТЛАР: чегарачи, божхоначи ва солиқчилар ўз ишини эплолмаётгани учун, яъни ноқонуний телефонлар кириб келишининг олдини олишолмаётгани учун ўйлаб топилган UZIMEI тизими нега халққа пуллик бўлиши керак? Нега?! Ҳукумат ҳам бюджетга юз миллиардлаб солиқ туширсин, ҳам халқдан юз миллиардлаб тўлов (бу ҳам солиқ аслида) ундирсинми? Яхши бузоқ иккита сигирни эмади, деганими бу? Сизнингча, шу адолатданми?

Кўзбўямачилик учун очилган «Менинг фикрим» порталининг нима кераги бор унда? Барибир парламент у ердаги масалаларни ҳал қилишни эплолмаётган бўлса?

Хуллас, ўтган йили масъулларга қарата айтган гапларимни яна қайтараман: Агар сизга жамоатчилик фикри қизиқ бўлса, унда тўловларни бекор қиласиз. Агар сизга жамоатчилик фикри мутлақо қизиқ бўлмаса, унда билганингизни қилаверинг!»

«Портал шунчаки кўзбўямачиликка айланиб қоляпти»

Олий Мажлис депутат Расул Кушербаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда петициялар порталининг аҳволидан афсусда эканини билдириб, ҳаммасига масъулларнинг журъатсизлигини сабаб қилиб келтирди:

«Хушнуднинг фикрларига қўшиламан. «Менинг фикрим» портали номига қўйилган порталга айланиб қолди.

Депутат сифатида эмас, оддий фуқаро сифатида, мен бу қўлда бошқариладиган ва одамларнинг таклифларини фильтр қилиб овозга қўядиган, қўйганда ҳам кун тартибига киритиб ҳал қилолмайдиган бунақа порталга ишонмаган бўлардим. Бу тизим ишончни йўқотиб бўлган.

Вақт ҳаммасини кўрсатиб бўлди. Портал шунчаки кўзбўямачиликка айланиб қоляпти. Эссиз ишонч ва берилаётган овозлар.

Президент нимани истаб ташаббус қилган эди-ю, амалда нима бўлди. Менимча, президент ҳам билса, портални шу аҳволга олиб келинганидан ранжиса керак.

Ҳаммасига сабаб – масъулларнинг журъатсизлиги ва мустақил қарор қабул қила олмаслиги бўлса керак».

Мавзуга оид