Жаҳон | 21:36 / 18.02.2021
17266
6 дақиқада ўқилади

АҚШ жанубида қор бўрони: 20дан ортиқ киши ҳалок бўлган, миллионлаб кишилар электрсиз қолган

АҚШнинг жанубий штатларига ёпирилган қор бўронлари ва қаттиқ совуқ камида 21 кишининг ўлимига сабаб бўлди ва миллионлаб кишиларни электр энергияси таъминотисиз қолдирди. Об-ҳавонинг кескин ўзгариши айниқса Техасга жиддий зарба берди, бу ерда энерготизим истеъмол кўлами кўтарилишига дош беролмади.

АҚШ жануби учун ноодатий бўлган об-ҳаво шароити туфайли Техас, Луизиана, Кентукки, Шимолий Каролина ва Миссурида одамлар ҳалок бўлишмоқда.

Америкалик метеорологларнинг маълумотларига кўра, чоршанба куни кечқурун Техасда қор бўронлари тина бошлаган. Аммо экстремал об-ҳаво шароити ҳақидаги огоҳлантиришлар 100 миллион кишидан ортиқ аҳоли яшайдиган ҳудуд учун тааллуқлилигича қолмоқда.

АҚШ жанубида рекорд даражадаги совуқ ҳаво яна бир неча кун давом этиши кутилмоқда. Ҳозирда Америка ҳудудининг 71 фоизини қалин қор қоплаган.

Қор бўронлари Мексиканинг шимолий ва марказий қисмларига ҳам зарба берган - бу минтақада ҳам миллионлаб кишилар электр таъминотидаги узилишлардан азият чекмоқда.

«Мен Ҳьюстонда, Техасдаман. Совуқ шунчаки ўлимвор, мен музлаб қолдим. Электр ўчган, иссиқлик таъминоти йўқ, сув йўқ. Менинг ёш болаларим бор. Бу қандай рўй берди?» дея ёзган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Крис Принс твиттердаги саҳифасида.

Твиттернинг яна бир фойдаланувчиси Жош Моргерман унинг Техасдаги дўсти исиниш учун «каминга мебелларни қалагани» ҳақида ёзган.

Техас штатидаги электр тармоқларни бошқарувчи компания раҳбарларидан бири CNN учун берган интервьюсида пайшанба куни электр ёнишини айтган. Дан Вудфиннинг сўзларига кўра, электр токи ёниши - эҳтимолли вариантлар орасида энг яхшиси. «Прогнозларимизга кўра, қувват етарли бўлмаслиги мумкин. Шундай экан, бугуннинг ўзида ёки эртага тонггача ҳамманикида ток ёнишини кутмаслик керак», деган Вудфин.

Олимлар ноодатий об-ҳаво ўзгаришлари, жумладан, бўронлар, тошқинлар ва қурғоқчиликларни глобал иқлим исиши билан боғлашмоқда.

Одамлар нимадан ўлмоқда?
Қор бўронлари вақтида ҳалок бўлган америкаликларнинг кўпчилигининг ўлимига табиий офат билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сабаб бўлган. Жумладан, одамлар автомобил авариялари қурбони бўлишмоқда, исиниш учун қўлланган машина ва электр иситкичлардан чиққан газлардан заҳарланишмоқда.

«Бу соғлиқни сақлаш соҳаси нуқтайи назаридан фалокат. Қаттиқ совуқ тушган маҳалларда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари учраб турарди, аммо бундай миқёсда ҳеч қачон рўй бермаганди», деган Ҳюстондаги шифокорлардан бири. Техасдаги туманлардан бирида газлардан заҳарланиш билан боғлиқ 300дан ортиқ ҳолат қайд этилган.

Шимолий Каролинада эса қор бўронлари торнадо келтириб чиқарган, натижада уч киши ҳалок бўлган, ўн киши жароҳатланган.

Ноқулай об-ҳаво туфайли бир неча кун давомида Covid-19'га қарши эмлаш марказлари ёпиқ турди, бир неча штатларда эмлаш учун дориларни етказиб беришда узилишлар кузатилди. Электр ўчиши туфайли марказларда музлаткичлар ишламади, шу туфайли шифокорлар вакциналар яроқсиз ҳолга келиб қолмаслиги учун эмлаш ишларини имкон қадар тезроқ амалга оширишларига тўғри келди.

Техасда қанчалар совуқ?
Техасда сўнгги 30 йилликдаги энг совуқ кунлар кузатилмоқда. Якшанба куни штатнинг айрим ҳудудларида ҳарорат -18 даражагача тушди. АҚШ президенти Жо Байден Техасда фавқулодда ҳолат жорий этилганини эълон қилди. Штатнинг уч миллиондан ортиқ аҳолиси ҳамон электрсиз яшамоқда.

Техас губернатори Грег Эбботт 21 февралга қадар штатдан табиий газ экспортини тақиқлаган ва электроэнергия билан боғлиқ вазиятни тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат деб баҳолаган. У бундай вазият келиб чиқишига сабаб бўлган барча хатоликларни аниқлаш учун маҳаллий энерготармоқларга жавобгар бўлган компанияни текширишга чақирган.

Эбботт компанияни ислоҳ қилиш зарурлиги, шунингдек, унинг раҳбарлари истеъфога чиқиши кераклигини айтиб ўтган. «Бу буткул шармандалик. Улар ўзларига ишониб бўлмаслигини кўрсатиб қўйишди», деган губернатор ABC телеканалига берган интервьюсида.

Техас аҳолиси одатда қиш илиқ кечиши туфайли уйига теплоизоляция (иссиқлик йўқолишига йўл қўймаслик учун печни иссиқлик ўтказмайдиган материал билан қоплаш) ўрнатмайди. Иссиқлик таъминоти узилгач, уйлардаги ҳарорат кескин тушиб кетди. Айримлар трубаларни одеяллар билан ўраган бўлса-да, кўп ҳолатларда сув қувурлари музлади ва трубалар ёрилди.

Техасда яшовчи 7 миллион кишига сув қувурларидан келадиган ичимлик сувини қайнатмай истеъмол қилиш тақиқланган. Расмийлар маълумотига кўра, 260 мингдан ортиқ киши ичимлик суви муаммосига дуч келган.

Ҳюстон мэри Силвестр Тернер электр йўқ бўлса, сув қайнатишнинг бошқа имкони топилмаса, дўкондан идишлардаги сувларни сотиб олишни тавсия қилган, у крандан тушаётган сув хавфсиз эмаслигини таъкидлаган. У шунингдек, трубалар музламаслиги учун кранларни очиқ қолдираётган одамларни танқид қилган ва ресурсларни тежашга чақирган.

Техасдаги Форт-Уэрт шаҳрида яшовчи Чак Ҳаррисон BBC журналистига унинг уйида икки кундан буён электр йўқлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, у ва оила аъзолари камин атрофида ухлашга мажбур бўлган. «Уйда бўлган барча кўрпалар ва ёстиқлардан фойдаландик», деган у.

У маҳаллий меҳмонхоналардан хона олмоқчи бўлган, аммо меҳмонхоналарда барча жойлар банд бўлган ёки у ерларда ҳам электр узилган.

Бундан ташқари, йўллар музлагани туфайли кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари рўй бермоқда, шу туфайли маҳаллий аҳолига саёҳатларга чиқмай туриш тавсия этилмоқда.

 

Мавзуга оид