Иқтисодиёт | 18:54 / 18.02.2021
24516
4 дақиқада ўқилади

«Обналчилар» можароси. Солиқ қўмитаси масала юзасидан позициясини билдирди

Шубҳали корхоналар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркордан бюджетга тўланмаган 1 триллион сўм ҚҚС суммаси ундирилиши – «обналчилар» можароси тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлганди. Масала атрофидаги энг долзарб саволлар юзасидан ДСҚ расмийси билан интервью ташкил этилди. 

Давлат солиқ қўмитаси департаменти  директори Жаҳонгир Абдиев тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлаётган «обналчи» корхоналар туфайли ҚҚС суммасини ундириш масаласи бўйича Kun.uz саволларига жавоб берди.

ДСҚ расмийсига кўра, ҚҚС тўлаш бўйича талабнома юборилган 10 мингга яқин корхонанинг барчаси «обналчи» корхоналар билан кўзбўямачилик мақсадида битим тузган дейиш қийин, бунинг учун текширув ўтказиш керак. Шунга қарамай, текширувларда катта ҳисоб билан шубҳалар ўз тасдиғини топмоқда.

«Мисол сифатида, ўтган кундан бошлаб солиқ қўмитасига келган мурожаатлардан кейин 122та корхонани ўргандик. Булардан 117таси қалбаки операция амалга оширгани ўз тасдиғини топди, 4 таси бўйича эса қисман тасдиғини топди. Битта корхона эса кўзбўямачилик мақсадида битим тузмаганини тегишли ҳужжатлар билан асослантириб берди. Юз фоиз ҳамма корхона тўғри ёки  ҳаммаси хато ишлаган, деб бўлмайди. Мурожаат қилган ҳамма тадбиркор ҳақиқатан ҳам ишлаганман, контрагентдан товар сотиб олганман, товарсиз операция амалга оширмаганман, деб айтади. Бироқ буни ҳужжатлар, яъни ҳақиқатан ҳам операцияни амалга оширганини кўрсатувчи шартнома (товарлар олди-бердиси учун шартнома тузилган бўлади) товар-транспорт юк хати, ҳисоб-фактура, омбор кирим ҳужжатлари, товар ҳаракатларини кўрсатувчи ҳужжатлар бўлиши керак. Буни тақдим эта олмаган тадбиркорлик субъектлари ҳақиқатан «обналчилар» билан ишлаган, нақдлаштириш операциясини амалга оширган бўлиб чиқяпти», – деди департмент директори Kun.uz билан суҳбатда.

Давлат солиқ қўмитаси департаменти  директори Жаҳонгир Абдиев

Шунингдек, ДСҚ расмийси «обналчи» фирмалар билан ишлаган тадбиркорлик субъектлари агар улар ҳақиқатан товарли операцияларни амалга оширганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этса, инкассо топшириқлари бекор қилинишини маълум қилди.

«Инкассо топшириқлари қўйилган корхоналар «хавфни бошқариш тизими» орқали солиқ хавфи даражаси ўрганилганда 2960 та корхона паст хавфли даражадаги корхоналар, деб топилиб, уларнинг инкассо топшириқлари қайтариб олинди. Қолган инкассо топшириқлари турган корхоналар учун хавф даражаси баланд бўлганлиги учун инкассо сақланиб турибди. ДСҚ томонидан катта ишчи гуруҳ ташкил қилинган, инкассо топшириқлари бекор қилинмаган корхоналар тегишли ҳужжатларни топширса, инкассо топшириғи бекор қилинади», – деди у.

Департамент директори нега «обналчи» фирмалар билан ишлаган тадбиркорлик субъектларининг ўтган йил, олти ой ва бошқа узоқроқ муддатда операциялари учун бирданига йил бошида иш очилганига изоҳ берди.

Унга кўра, «Хавфни бошқариш автоматик тизими» расман феврал ойидан ишга тушгани боис, шубҳали корхоналар ва уларнинг контрагентлари дастур томонидан автоматик равишда аниқланган. Дастурга ташқи манбалар маълумотлари киритилган. Таъкидланишича, пулни нақдлаштириш билан шуғулланган корхоналар бундан кейин ҳам автоматик равишда аниқланади.

Жаҳонгир Aбдиев шубҳали 396 та корхонага нисбатан қандай чора кўрилганини ҳам маълум қилди.

«Шубҳали 396та корхонанинг ҚҚС гувоҳномаси бекор бўлди, ҳисобрақамидаги операциялар тўхтатилди. 200 атрофидаги «обналчилар»нинг ҳужжатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган, уларнинг кўпчилиги жиноий жавобгарликка тортилди, яна бошқаларига иш очилиши арафасида», – деди у.

Аввалроқ, Давлат солиқ қўмитаси давлат бюджетига етказилган зарарни қисқартириш мақсадида «нақдлаштирувчи корхоналар» фаолиятини чеклаш механизмини жорий этгани ҳақида хабар берилганди.

Хусусан, солиқ хавфини бошқариш ва таҳлил қилиш натижасида солиқларни камроқ тўлаш мақсадида, пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи 396 та «бир кунлик фирмалар» хизматидан фойдаланган 10 мингга яқин ташкилотлар рўйхати шакллантирилган.

Мавзуга оид