«Бу йил Ўзбекистонда сув танқислиги 2008 йилги оғир кўрсаткичга тушиш эҳтимоли мавжуд» – Сув хўжалиги вазирлиги
Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Шуҳрат Суюнов суҳбат давомида 2021 йилда кутилаётган сув танқислигини юмшатиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ҳам маълумот берди.
Қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик ва озиқ-овқат хавфсизлигини сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Глобал иқлим ўзгаришлари таъсирида Ўзбекистондаги бу неъмат танқислиги йилдан-йилга кўпроқ сезилмоқда.
Бу йил Ўзбекистонда суғорма деҳқончилик учун сув таъминоти қандай бўлади? Ёғингарчилик миқдори-чи? Деҳқон, фермер, кластер ва томорқа ер эгалари қандай шароит ва вазиятларга тайёр туриши керак?
Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан вазирлик матбуот хизмати раҳбари Шуҳрат Суюновга юзланди.
Суюновнинг вазирлик мутасаддиларига таяниб маълумот беришича, гидрометеорологик вазият таҳлили ва дастлабки баҳолаш натижалари 2021 йил вегетация (ўсимликларнинг ўсув даври, апрель, сентябрь ойлари – таҳр) даврида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларининг аксарият дарёларида сув сарфи меъёрга нисбатан сезиларли камайишини кўрсатмоқда.
«Бу Фарғона водийси жанубидаги дарёларда 90-100 фоиз, Вахш, Зарафшонда 85-95 фоиз, Сурхондарё, Норинда 80-90 фоиз, Қашқадарёда 75-85 фоиз, Қорадарё, Чирчиқ, Оҳангаронда 70-75 фоиз, Фарғона водийси шимолидаги дарёларда 60-70 фоиз дегани.
Бу кўрсаткичлар дарёлар сувлари, ёғингарчилик миқдоридан келиб чиқиб, кўп йилликка нисбатан шу йил кутилаётган сув миқдори ҳисобланади.
Ёғингарчилик миқдори шундай давом этса (суҳбат 18 февраль куни ёзиб олинган – таҳр) 2021 йил ёзги суғориш мавсумида сув таъминоти даражаси 2018 йилдаги вазиятга ўхшаш бўлади (меъёрга нисбатан 25 фоизга кам).
Агар февраль-март ойларида ёғингарчилик яхши бўлмаса, 2008 йилги кўрсаткичларга яқин, яъни сув танқислиги бўлиш эҳтимоли мавжуд», – деди у.
Мулозимга кўра, Ўзбекистон ҳудудидаги сув омборларида сув захираси 10 млрд м3 бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 2,3 млрд м3, ўртача кўп йилликка нисбатан эса 1,5 млрд м3 га кам.
Ҳозирда Андижон ва Чорвоқ сув омборларида кўп йилликка нисбатан 25-30 фоизга кам сув захираси йиғилган бўлиб, сув омборларига сув захираларини йиғиш давом этяпти.
«Тоғларда ёғинлар ва мавсумий қор тўпланиш жараёни апрель ойигача давом этиши сабабли 2021 йилнинг вегетация даврига сув сарфининг дастлабки прогнози март ойи бошланишида тайёрланади.
Шундан келиб чиқиб, 2021 йил вегетация мавсуми учун барча манбалардан суғориш ишларига 26,9 млрд м3 сув лимити ажратилган.
2020-2021 йиллар кузги-қишки мавсумда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш, шўр ювиш ва яхоб суви бериш ишларини амалга ошириш учун 10,6 млрд м3 сув лимити ажратилган бўлиб, шу кунга қадар сув ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда 6,8 млрд м3 сув етказиб берилди (2020 йилнинг шу даврига таққослаганда 1,5 млрд м3 сув кам сарфланган), – деди Суюнов.
Шуҳрат Суюнов суҳбат давомида 2021 йилда кутилаётган сув танқислигини юмшатиш бўйича Сув хўжалиги вазирлиги кўраётган чоралар ҳақида ҳам маълумот берди.
«Жорий йилда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан таъминлаш учун экин майдони ва ҳосилдорлигига таъсир кўрсатмаган ҳолда олдинги йилларга нисбатан ўртача 12 млрд куб метр миқдордаги сувни иқтисод қилиш талаб этилади.
Бу миқдордаги сув қуйидаги тадбирлар ҳисобига тежалади:
– сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ҳисобига 3,1 млрд куб метр;
– ирригация тадбирлари ҳисобига 3,3 млрд куб метр;
– экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 1,7 млрд куб метр;
– экинларни жойлаштиришда сувни кам талаб қиладиган экинлар экиш ва шолини интенсив усулда экиш ҳисобига 2,7 млрд куб метр;
– ерларни лазерли текислаш ҳисобига 650 млн куб метр;
– сув хўжалигида ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни кенг жорий қилиш ҳисобига 571 млн куб метр», – деди у.
Вазирлик мулозимига кўра, 2021 йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув хўжалиги объектларининг ишончли ишлашини таъминлаш бўйича жорий йилда қуйидаги ишлар амалга оширилади:
- 384,6 км канал, 125,7 км лоток, 23 та гидротехник иншоот, 580,4 км коллектор-дренаж, 130,5 км ёпиқ горизонтал ва вертикал дренаж, 62 та суғориш қудуғи, 10 км босимли қувур ва бошқа объектларни қуриш таъмирлаш;
- 5 026 км магистрал канал, 4 746 та гидротехник иншоот, 4 779 та гидропост, 14 867 км мелиорация тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш;
- эскирган 181 та насос агрегатини ҳамда 354 та электродвигателни янгилаш;
- вазирлик тизимидаги барча 1688 та насос ёрдамида чиқарилаётган сув миқдорини «онлайн» режимда мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатиш;
- ҳудудлар (СИУ) чегарасида сув ресурсларини “онлайн” режимда назорат қилиш учун 18 576 та «ақлли сув» қурилмалари ўрнатиш;
- 316 минг гектарда сувни тежайдиган технологиялар, шундан 276,2 минг гектарда томчилатиб суғоришни жорий қилиш.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Мавзуга оид
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
14:06 / 12.12.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 16 фоизга ошди
15:43 / 05.12.2024