Ўзбекистон | 14:27 / 20.02.2021
9085
2 дақиқада ўқилади

Президент: «Вакцинанинг энг маъқулини, пулидан қатъи назар, халқимизга керакли миқдорда олиб келамиз»

Президент Шавкат Мирзиёев 19 феврал куни Наманган шаҳридаги йиғилишда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш масаласига тўхталди.

«Мана, эмлаш тўғрисида кўп-кўп гаплар бўляпти. Албатта, биз ҳам Европа, Хитой, Россиядаги кўп ҳамкорларимиз билан вакцина бўйича ишлаяпмиз. Ҳамкорлик қилиб, албатта олиб келамиз.

Эмлаш чораларини албатта кўряпмиз. Бу борада шошилиб бўлмайди. Ўзим ҳар ҳафтада 2–3 кун ўтираман: қайси вакцина энг маъқули? Мурожаатномада айтганимдек, 3 триллион пулни захира қилиб қўйганмиз.

Вакцинанинг энг маъқулини топамиз. Бизнинг иқлимимизга мос, халқимизга фойдаси кўпроқ бўладиган вакцинани сотиб оламиз. Етти марта эмас, ўн марта ўлчаб, бир марта кесамиз.

Халқимизнинг саломатлиги – мен учун энг катта масалалардан бири. Қайси вакцина маъқул бўлса, пулидан қатъи назар, халқимизга керакли миқдорда албатта етказиб олиб келамиз», – деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда оммавий эмлаш тадбирлари март ойида бошланиши кутилмоқда.

Эмлашда Россиянинг «Спутник V» ва Хитойнинг «ZF 2001» вакциналари қўлланади. Ҳар иккала вакцинадан 1 миллионтадан доза сотиб олинмоқда.

Биринчи босқичда 4 112 668 нафар аҳоли эмланиши, битта эмлаш пунктида бир кунда 70 киши вакцина олиши кутилмоқда.

Мавзуга оид