Ўзбекистон | 08:30 / 20.02.2021
12634
11 дақиқада ўқилади

Судья: «Маҳаллий кенгаш депутатлари суд раислари ахборотини эшитишининг нафи нолга тенг»

Нуриддин Муродов Учтепа туманлараро суди судьяси

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида суд раислари ахбороти эшитилишидан фойда йўқ. Бу эшитувлар:

А) Ўзбекистон Конституциясида белгиланган мақсад ва кўз илғамас муддаоларимизга мувофиқ эмас;

Б) Нафсиз, натижасиз;

В) Юзаки, расмиятчилик учун;

Г) Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг умумий негизига мос келмайди;

Д) Коррупция ҳолатларини келтириб чиқаради;

...Я) Бундай эшитувлардан воз кечиш мақсадга мувофиқ.

Энди ҳар бир сўзга эмас, ҳар бир бандга жавоб излаймиз...

А) Ўзбекистон Конституциясида белгиланган мақсад ва кўз илғамас муддаоларимизга мувофиқ эмас?

Жавоб: Ўзбекистон Конституциясининг 106-моддасига кўра, Ўзбекистонда суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. 107-моддада эса, «Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон конституциявий суди, Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир», дейилган.

Демак, сизда «Нега Парламент (олий вакиллик органи)га Олий суд ҳисобдор? Маҳаллий вакиллик органига жойлардаги судлар ахборот бермаслиги керак?», деган саволлар бўлиши табиий.

Лекин қуйидагиларга ҳам эътибор қаратиш керак:

Суд ҳокимиятининг олий идораси – Олий суд, суд тизими – суд ҳокимияти номидан Парламент (олий вакиллик органи)га ҳисоб берар экан, Парламент фаолиятини тартибга солувчи конституциявий қонунлар (Конституциявий қонунлар, менимча бармоқ билан санарли эканини барчамиз биламиз, шунинг учун ҳам уларнинг юридик кучи оддий қонунларникидан кўп-да)да Парламент, депутатлар сўровлари, эшитув саволлари судларнинг муайян ишларига қаратилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган;

– Ва содда қилиб айтганда, Парламент депутатлари профессионал қонун ижоркорлиги фаолияти билан шуғулланади, бошқа жойда ишламайди, тадбиркорлик қилмайди. Улар судларнинг умумий фаолиятини яхшилаш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда судлар ўрни ва ролини оширишга хизмат қилувчи норма ижодкорлигини қилади, қонунлар яратади, шу мақсадда Парламентнинг умумий назоратини ҳам ўрнатади.

– Маҳаллий вакиллик органлари аъзолари эса, бошқа фаолият билан шуғулланади... тадбиркорлик қилади...

– Қолаверса, маҳаллий вакиллик органи бошлиғи ҳам ҳозирча ҳокимдир. Шунинг учун ҳам жойлардаги ижро ҳокимияти раҳбари бошчилик қилаётган вакиллик органига судларнинг ахборот бериши, Конституциядаги қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти – ҳокимият бўлиниши ва бир-бирини тийиб туриши дейиладиган, Шарль Луи де Секонда, барон де Ла-Бред и де Монтескье ғоялари асосида умумэътироф этилган тамойилларга шикаст етказиши мумкин.

Б) Нега самара ва натижасиз?

Жавоб: Маълумотларга кўра, 2019 йилнинг ўзида суд раисларининг 900 та ахбороти эшитилган. Менимча, бугунга қадар бу кўрсаткич, 3000 дан ошди.

Энди очиқчасига айтинг-чи, мазкур эшитувлардан сиз бирор самарани сездингизми?

Мен бу саволни мақолани ўқиётган юртдошларимизга бераётганим йўқ. Бу савол айнан маҳаллий вакиллик органи аъзоларига берилмоқда. Ҳа, дея олмайсиз. Чунки мен судья сифатида Сиз каби бунинг самараси бор деб ўйламайман. Одамлар ҳам катта эҳтимол билан шу фикрда. Баъзилари, бу борада Парламент эшитувининг ҳам самарасини сезганимиз йўқ-ку дейишаётгандир балки, лекин унчаликмас, Парламент эшитувининг самараси бор албатта. Буни қабул қилинаётган қонунларда кўриш мумкин.

Натижа бермаётганини, самарасизлигининг сабабларидан асосийси эса, аввало эшитувнинг якуни, натижаси ҳақида қандай чора-тадбир белгиланиши, нима ҳужжат қабул қилинишини қонунда белгиланмаганидадир. Бу норма белгиланса мободо... Лекин белгилаб бўлмайди, сабабки унда бу ахборот эшитиш эмас, ҳисобот сўраш бўлиб қолади ва бу ўз-ўзидан мақсадга мувофиқ эмас...

Бироз ҳазил бўлса-да, шунинг учун ҳам мен «ўтган давр мобайнида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, қолаверса, суд ҳокимиятининг очиқлиги масаласида ҳам бир қатор ижобий натижаларга эришилди», деб айнан «халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан судлар фаолиятига оид ахборотни эшитиш амалиёти»ни ҳеч бир мушоҳада қилмай гапираётган нотиқларни эшитсам, телевизорни бошқа каналга оламан. Тўғри-да, уларнинг гапи ҳам балки тўғридир...

В) Нега юзаки, расмиятчилик учун?

Жавоб: «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 34-, 38-моддаларида суди раиси – суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида тегишли халқ депутатлари Кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этади деб белгилаб қўйилган.

Энди шу нормаларни ҳар ҳудудда ҳар хил тушуниш асосида татбиқ этаётган маҳаллий вакиллик органлари ҳоким бошчилигида, ҳар чорак режа-дастур қилиб, суд раисини эшитади, берадиган саволларнинг эса, 90 фоизи судларнинг муайян ишларига боғлиқ, бундай саволларга суд раҳбарлари ҳам «тўғри, ўринли савол», бу масалада сизга алоҳида маълумот тақдим этамиз», дейишдан бошқа иложи йўқ.

Чунки кўпчилик ХДК аъзоларига нима фарқи бор ахборотми, ҳисоботми, ҳаммаси ҳам бир, барибир ўзи ҳохлаган саволни беради. Саволлар судларнинг муайян ишларига оид бўлмасин, йилига камида бир марта, «ҳар чорак» ва юқори палатага ҳисобот бериш учун ҳохлаган пайт судларни эшитиш мақсадга мувофиқ эмаслиги...

Эшитувларнинг юзаки, расмиятчилик учун эканини яна бир сабаби шуки, судлар фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар (ҳар бир туман кесимида, иш ва низоларнинг таркиби, статистикаси) Олий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади. Суд раислари ҳам эшитувларда аксарият ҳолатда шу маълумотларни беради-да, ё уларнинг ахбороти бошқачами?

Кейинги сабаб эса, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 34- ва 38-моддаларида суд раислари – бир ойда камида бир марта жойларда судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этади, шунингдек жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради, деб белгиланган. Демак, аҳоли ҳар ой оладиган ахборотни ХДК аъзолари кейинроқ эшитув жараёнида олса, мантиқ қаерда бу ерда, дейман-да.

Г) Нега суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг умумий асосларига мос келмайди?

Жавоб: Умуман олганда, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга одамларни ишонтириш аввало судларнинг чинакам мустақиллигига аҳолини ишонтириш билан бошланади. ХДК раислари ким? Ҳокимлар. Ҳокимлар ким? Улар ижроия ҳокимиятининг жойлардаги раҳбарлари. Улар ҳам судларга мурожаат-даъво қиладиларми? Ҳа. Масалан, «снос» масаласида ва бошқа масалаларда. Бу мурожаатларни ким кўриб чиқади? Судьяларми? Суд раиси ҳам судьями? Ҳа. Мана бу – сизнинг маҳаллий вакиллик органларини Парламент депутатлари, улар фаолиятига солиштирганингизга жавоб – Парламент аъзолари судга даъво ариза кирита олмайдилар. Шунинг учун уларнинг бевосита судлар фаолиятига аралашуви йўқ...

ХДК аъзолари – маҳаллий депутатлар ким? Улар бир пайтнинг ўзида тадбиркор, корхона-ташкилот раҳбарлари, шифокор, мураббий, қурувчи ва ҳоказолар. Улар судларга даъво аризалар, аризалар бера оладиларми? Ҳа. Улар берган даъво аризаларни ким кўради? Судьялар. Суд раислари ҳам судьяларми? Ҳа. Бу қайси қонунда ёзилган? «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида. Яшанг! Мана гап қаерда...

Д) Нега коррупция ҳолатларини келтириб чиқаради?

Жавоб: Мисол учун, сиз маҳаллий Кенгаш депутатисиз, сизнинг таниш-билишингиз, қариндошингиз ёки кўпинча сайловчингиз сизга мурожаат қилди: «Депутат ака (опа), сайловларда кўп ваъда бердингиз, ҳар бир мурожаатларингизга имкон қадар ёрдам бераман дедингиз, мана менинг ишим, (ўғлимни, қизимни... ва ҳ.к.) иши судда, бир ёрдам қилинг».

Сиз нима қиласиз, судьяни қабулига муайян иш билан бора олмайсиз, мумкин эмас, энди ўша «эшитув»да ҳеч бўлмаганда шу масалани бир кўтариб кўрасиз-да. «Аввало узр сўрайман, ўзимни муаммом эмас, сайловчиларники... Ҳурматли суд раиси, шу масалада қандай амалий ёрдам бера оласиз?»

Саволни қаранг, шу масалада қандай амалий ёрдам бера оласиз. Раислар ҳам нима дейди. «А энди, бу муайян иш бўйича экан, мен ёзиб олдим, қонун асосида кўриб чиқилади, сизга қўшимча ахборот берилади»...

Табиийки, сиз бу жавобдан қониқмайсиз. Чунки сизнинг бу жавобингиздан сайловчи қониқмайди... Сиз эса, сайловчига амалий ёрдам беришни сўрайсиз, суд раиси қонундан чиқишни истамайди. Сиз, буни сайловчига тушунтира олмайсиз, ана шундан бошланади манфаатлар тўқнашуви деган энг чатоқ коррупцияген ҳолатлар.

Кейин суд раиси депутатлар олдида ахборот беришда сермулозамат бўла бошлайди, акси бўлса, депутатлар кераксиз савол беради, ахборотингиздан қониқмадик дейди... ва бошқа нозик, сезилар-сезилмас амалиёт шакллана боради.

Бундай жараёнлар, расмиятчиликда яширинган бюрократия, ваколат ва мартабадан фойдаланиш, гуруҳбозлик, манфаатлар тўқнашуви деган салбий иборалардан фойдаланишимизга асос яратиб бораверади... Бу эса, аҳоли ишончига акс таъсир этади. Буниси эса ортиқча...

...Я) Нега халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг суд раислари ахборотини эшитувларидан воз кечиш мақсадга мувофиқ?

Жавобни: қисқача қилиб, юқоридаги бандларда кўрсатиб ўтишга ҳаракат қилдим.

Фақат бир қўшимча мулоҳазамки, мавлоно Румий хазратлари таъкидларидек: «Сўз (гап) кўпайиб боргани сайин, сўздан маъно чекинади, мақсад узоқлашиб боради». Бундан хулосани, фикрни ўзингиз, ўз қаричингиз асосида қилаверинг.

Муддао эса, самарасиз ва жамиятга нафи нолга тенг, зиёни сезилар-сезилмас ортиб бораверадиган, худди кераксиз ҳамда натижа бермайдиган ортиқча тадбир, йиғилиш каби бир расмиятчилик бўлган бу – эшитувдан воз кечиш хайрлироқлиги ҳақида фикр билдириш эди холос!

Нуриддин Муродов, ФИБ Тошкент шаҳар
Учтепа туманлараро суди судьяси

Мавзуга оид