Ўзбекистон | 21:06 / 20.02.2021
33263
2 дақиқада ўқилади

Январь ойида UzAuto Motors'нинг автомобиль ишлаб чиқариши 4 баробарга қисқарди

Масалан, 2021 йилнинг илк ойида атиги 2та «Lacetti-Gentra» ишлаб чиқарилган. Пасайиш Асакадаги завод фаолиятининг вақтинча тўхтатилиши билан боғлиқ.

Фото: Аскар Якубов

UzAuto Motors 2021 йил январь ойида 5235 та автомобиль ишлаб чиқарди. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан 4,2 баробарга кам: 2020 йил январида компания 22 мингта автомобиль ишлаб чиқарганди.

Статқўм хабарига кўра, енгил автомобиль ишлаб чиқаришдаги пасайиш декабрь–январь ойларида Асакадаги заводда ишларнинг тўхтатилиши билан изоҳланган.

2020 йил январь ойида UzAuto Motors 5078та «Cobalt» ишлаб чиқарган бўлса, бу рақамлар жорий йилнинг илк ойида 101 тани ташкил этган. «Nexiа Т-250» (5962тадан 88тагача), «Lacetti-Gentra»(4340тадан 2тагача) ва «Spark»(2320тадан 39тагача) моделлари ҳам камайган. Бу моделлар Асакадаги заводда ишлаб чиқарилади.

Хоразмдаги заводда ишлаб чиқариладиган «Damas» (3989тадан 4335тагача) ва «Labo» (311тадан 670тагача) ишлаб чиқариш ҳажми ошган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2021 йил январида 6 дона автобус ишлаб чиқарилган. Таққослаш учун, 2019 йил январида 74та, 2020 йил январида эса 51та автобус ишлаб чиқарилганди.

Йилнинг илк ойида трактор ишлаб чиқариш ҳам сезиларли камайган: бор-йўғи 5 та трактор ишлаб чиқарилган. Бир йил олдин бу кўрсаткич 25та, икки йил олдин эса 9тани ташкил этганди.

2021 йил январь ойида 250 дона юк автомобили ишлаб чиқарилган. Ўтган йилнинг мос даврида бу рақам 272та эди.

Мавзуга оид