Жаҳон | 14:52 / 23.02.2021
5374
2 дақиқада ўқилади

БАА ва Қатар расмийлари Кўрфаз келишувидан кейин илк бор учрашишди

Икки қўшни мамлакатнинг делегациялари дипломатик инқирозга барҳам бериш учун Кувайтда учрашишди.

Showkat Shafi/Al Jazeera

Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарнинг расмий делегациялари 3 йилдан зиёдроқ давом этган дипломатик узилишларга якун ясаш учун Кувайтда кўришишди. Бу ҳақда амирликларнинг WAM давлат ахборот агентлиги хабар берди.

Кўрфаз кооперацияси кенгаши (GCC) аъзолари Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср 2017 йилнинг июнида ташкилот аъзоларидан бири Қатар билан иқтисодий ва дипломатик алоқаларни узиб, Қатарни терроризмни қувватлашда айблаб, қуруқлик, денгиз ва ҳаво йўлларини блокада қилишганди.

WAM’нинг хабар беришича, душанба куни Кувайтда учрашган БАА ва Қатар расмийлари «Ал-Ула» келишувини амалга ошириш механизм ва жараёнларини биргаликда амалга оширишни муҳокама қилишган».

«Улар кўрфаздаги қардошликни сақлаш ва кўрфаз мамлакатлари ва аҳолиси манфаатлари доирасида кўрфазнинг қўшма ҳаракатларини тараққий эттириш ҳамда ҳудудда барқарорлик ва фаровонликка эришишнинг аҳамиятига урғу бердилар», дейилади хабарда.

Икки делегация Саудия Арабистони ва Кувайтга инқирозни бартараф этишдаги роллари учун ташаккур изҳор қилишган.

Қатар томони ҳали баёнот бермади. Ўтган ойдан бошлаб Қатар ва бошқа тўрт мамлакат ўртасида ҳаво ва туризм алоқалари қайта боғланди. Ҳар бир мамлакат Қатар билан икки томонлама музокараларга киришишига келишиб олинди.

Мавзуга оид