Ўзбекистонда картошка нархлари кўтарилишига нима сабаб бўлди ва келажакда нарх пасайиши мумкинми?
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда картошканинг улгуржи нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баравар юқорироқ ҳисобланади. 2020 йилда картошка нархи 42 фоизга ўсди, бу 2020 йилдаги умумий инфляция кўрсаткичига нисбатан деярли 4 баравар юқорироқдир. Хўш, картошка нархлари кескин кўтарилишига нима сабаб бўлди ва яқин келажакда нархлар пасайиши мумкинми?
Сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистонда картошка нархларининг юқори ўзгарувчанлиги кузатилган. EastFruit мутахассисларининг фикрига кўра, 2017 йилда ушбу маҳсулот нархи 90 фоизга ўсган.
2020 йил охирида Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси 42 фоиз ўсиш кузатилгани ҳақида хабар берди. Бу йилларда мамлакатда инфляция тезлашди, лекин картошка нархларининг ўсиш суръати умумий инфляция даражасидан ҳам, озиқ-овқат маҳсулотларидаги инфляциядан ҳам бир неча баравар ошиб кетди.
Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда картошка нархи кескин ўсишига нима сабаб бўлди? EastFruit мутахассислари ушбу ўсишнинг асосий сабабларини аниқлаш учун сўнгги йигирма йилликдаги картошка ишлаб чиқариш, импорт ва истеъмол қилиш тенденцияларини таҳлил қилди.
2000 йилдан 2020 йилгача Ўзбекистон аҳолиси 24,8 миллион кишидан 34,6 миллион кишига кўпайди, яъни шу давр оралиғида умумий ўсиш 39,3 фоизни ташкил этган. Таққослаш учун, ушбу даврда Ўзбекистонда картошка етиштириш ҳажми 731,1 минг тоннадан 3,14 миллион тоннага кўпайган. Умумий ўсиш 330 фоизни ёки 4,3 бараварни ташкил этмоқда.
Булар фақат шу даврдаги ўзгаришларни кўрсатадиган умумий хулосавий кўрсаткичлардир. Ушбу даврда аҳолининг ўсиш динамикаси ва Ўзбекистонда картошка ишлаб чиқариш ҳажми синчковлик билан ўрганиб чиқилса, ўтган давр мобайнида нархлар ўзгаришининг бир неча муҳим нуқталарини кўрсатиш мумкин.
Биринчидан, Ўзбекистонда аҳоли нафақат ўсиб бормоқда, балки ўсиш кўрсаткичи ҳам ошиб бормоқда. Масалан, 2000 йилдан 2006 йилгача аҳолининг йиллик ўсиши ўртача 1,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2007 йилдан 2017 йилгача бўлган кейинги 11 йил ичида аҳоли сонининг йиллик ўсиши ўртача 1,7 фоизни ташкил этган. 2018 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда аҳоли сони ўртача 1,9 фоизга кўпайган. Бошқача айтганда, сўнгги 21 йил ичида аҳолининг ўсиш суръатлари йилига ўртача 1,2 фоиздан 1,9 фоизгача ўсган. Ушбу факт аҳолининг кундалик истеъмолида нондан кейин иккинчи ўринда турадиган маҳсулотни истеъмол қилишни прогнозлашда жуда муҳим ҳисобланади.
Иккинчидан, Ўзбекистонда картошка етиштириш ҳажми йилдан йилга аҳоли сонига нисбатан тезроқ ошиб бормоқда. Картошка етиштиришнинг йиллик ўсиш суръати аҳоли ўсишидан анча юқорироқдир. Натижада 2000 йилдан 2020 йилгача аҳоли жон бошига картошка ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 29,5 килограммдан 91 килограммгача, яъни 3 баравар ошди.
Ҳозирги ҳолатни чуқурроқ англаш учун, сўнгги 4 йилда картошка ишлаб чиқариш ўсишининг динамикасига эътибор қаратиш керак. 2017 йилдан 2020 йилгача картошка етиштиришнинг ўртача ўсиш суръати йилига 3,1 фоизни ташкил этди, бу ҳали ҳам аҳолининг ўртача йиллик ўсишидан юқори ҳисобланади. Умумий қилиб олганда, картошка ҳажмининг ўсиши 4 йил ичида 8,2 фоизни ташкил этган.
Ҳолатни тўлиқ англаш учун, яна иккита таркибий қисм - импорт ва экспорт ҳажмини таққослаш керак. Ўзбекистон картошкани деярли экспорт қилмаслиги инобатга олинса (экспорт ҳажми шунчалик кичикки, уларни эътиборсиз қолдириш мумкин) бу жуда муҳим.
Нима учун картошка нархи бу қадар кескин қимматлашиб кетди?
Мамлакатда 2017 йилда картошка етиштириш ҳажми пасайиши сабабли импорт ҳажми 4 бараварга ошган ва ички бозор етарли даражада маҳсулот билан таъминланган, аммо нарх-наво 90 фоизга қимматлашган. 2017 йилда нарх-наво ошишини импорт маҳсулоти кўпайиши билан изоҳлаш мумкин, чунки импорт қилинадиган маҳсулотлар таннархи жаҳон бозоридаги вазият ва логистика харажатлари асосида шаклланади.
2018 йилда учта омил картошка нархини 28 фоизга пасайтирди:
- ишлаб чиқариш 4,2 фоизга ўсди (шу йилги аҳоли ўсишидан 2,3 баравар кўп);
- ички бозорда картошка нархи юқорилиги импорт ҳажмини янада оширди ва бозорда маҳсулот ҳажми ошди;
- ҳукумат 2018 йилнинг бошидан 2019 йилнинг 1 январигача картошка импортини ҚҚСдан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
2019 йилда картошка ишлаб чиқариш 2018 йилдагига нисбатан 6 фоизга ўсди (шу йилги аҳоли ўсиш суръатидан 3 баравар кўп), импорт ҳажми қарийб 300 минг тоннага етди, маҳаллий картошкани сотиш ҚҚСдан озод қилинди. Бу ўзгаришлар нархлар барқарорлигини таъминлашга имкон берди ва картошка нархи инфляциядан пастроқ бўлган даражада, яъни 12 фоизга ошди.
2020 йилда картошка нархи 42 фоизга ўсди, бу 2020 йилдаги умумий инфляция кўрсаткичига нисбатан 4 баравар юқорироқдир. Нарх кескин ошишини қуйидаги 5та омил билан изоҳлаш мумкин:
1. Дунё миқёсидаги коронавирус пандемияси ва иш жойларининг йўқолиши туфайли 600 мингга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз ватанларига қайтишди. 2020 йил март ойининг иккинчи ярми ва апрел ойи бошларида карантин жорий қилиниши ва чегаралар ёпилиши натижасида меҳнат муҳожирлари йил давомида Ўзбекистонда қолди. Бу ички бозорда талабни ошириб юборди.
2. 2020 йилда картошка етиштириш (1,7 фоизга ошган) аҳолининг ўсиш динамикасидан (1,9 фоиз) кам бўлди. Натижада ички бозорни етарли таъминот билан таъминлаш пасайди.
3. Пандемия сабабли мамлакатга етарли даражада импорт маҳсулотлари олиб кирилмаган.
4. Чегараларда карантин чекловлари туфайли импорт логистикаси нархи ва савдо хатарлари кескин кўтарилди. Бу импортчиларни нархни оширишга мажбур қилди, бу эса, албатта, улгуржи ва чакана нархларга таъсирини ўтказди.
5. Чакана ва улгуржи нархларнинг юқори бўлишидан келиб чиққан ҳолда уруғлик картошкага талаб кескин ўсди. Картошкани етиштиришнинг рентабеллиги ошди. Шунга кўра, сотиладиган картошканинг бир қисми уруғ учун ажратилган ва шу сабабли бозорга чиқмади.
Юқоридаги омиллардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун ички бозорда картошка таъминотининг йиллик ўсиши 5,5-6,5 фоиз атрофида бўлиши керак. Жорий йилда Ўзбекистон картошка ички бозоридаги таъминотининг прогноз ҳажми 3,63-3,67 миллион тоннани ташкил этади.
Ўзбекистонда картошка нархини пасайтиришга имкон бермайдиган яна бир муҳим омил мавжуд. Бу мамлакат ичида сифатли уруғлик картошка ишлаб чиқариш етишмаслиги омилидир. Мамлакатнинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонга ташриф буюрган халқаро экспертларнинг аксарияти мамлакатда юқори сифатли уруғлик картошкасини етиштириш жуда қийинлиги, ҳатто имконсизлигини таъкидлашган.
2018 йилда Ўзбекистон уруғ картошкаси импорти бўйича дунёда 12-ўринни эгаллаб, 34 минг тоннадан ортиқ импорт қилди. Ўзбекистонга уруғлик картошкасининг асосий етказиб берувчилари Қозоғистон, Нидерландия ва Россия ҳисобланади. Транспорт компоненти ва олиб келувчининг фойдаси уруғлик картошка нархи ошиб кетишига, бу эса умумий картошка етиштириш харажатлари ошишига олиб келади.
Ўзбекистондаги картошканинг юқори нархлари енгиб бўлмайдиган бир қатор омиллар билан изоҳланади, улардан энг муҳими – аҳолининг юқори талабидир. Агар аҳолининг даромадлари миқдори ошса, картошкага бўлган талаб ўрни нисбатан калорияси юқори бўлган бошқа маҳсулотлар билан қопланиши мумкин. Аҳоли даромадларининг пастлиги ва уруғлик картошка муаммоси тезда ҳал этилмаслиги сабабли, Ўзбекистонда картошка нархлари даражаси узоқ вақт давомида нисбатан юқори бўлиб туриш эҳтимоли катта.
Мавзуга оид
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
14:06 / 12.12.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 16 фоизга ошди
15:43 / 05.12.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ХМИ иштирокида 2 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда
15:09 / 03.12.2024