Жамият | 08:48 / 25.02.2021
13744
10 дақиқада ўқилади

Хоразмда «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури асосида ажратилган ер сотиб юборилди

Хоразм вилояти, Боғот туманида «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури асосида ажратилган ер сотиб юборилди. Аслида ер майдонини ажратиш ҳам ноқонуний бўлган. Жараёнда ҳужжатлар қонун доирасида расмийлаштирилмаган, баъзилари сохталаштирилган.

Ҳаммаси нимадан бошланди?

Боғот шаҳарчаси, «Оқтепа» маҳалласида яшовчи 60 ёшли тадбиркор Рустам Рўзибоев 2018 йилда «Боғот темир бетон» оилавий корхонаси фаолиятини кенгайтириш учун Наврўз кўчасида, автомобилларни ювиш шохобчаси ёнидаги бўш турган 200 кв.м. ер ажратилишини сўраб ҳокимликка мурожаат қилади.

Аммо келгусида бу жойда кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилаётгани, шу сабабли ер ажратилмаслиги ҳақидаги рад жавобини олади.

Орадан 2 йил ўтгач, айнан шу жойда бошқа бир шахс қурилиш ишларини бошлаб юборади. Бироқ, бу кўп қаватли уй эмас эди.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида, тадбиркор Боғот тумани архитектура ва қурилиш бўлимига мурожаат қилади. Тайинли жавоб бўлмагач, Президент виртуал қабулхонасига шикоят ёзади.

Президент виртуал қабулхонасига ёзилган мурожаат сохта баённома билан ёпилди

Рустам Рўзибоевнинг Президент виртуал қабулхонасига ёзган шикоят хати Боғот тумани ҳокимлиги ходимлари томонидан сохта баённома билан ёпиб юборилади. Жумладан, Сарвар Хўжаниёзов, Х.Болтаев ва А.Кенжаев мурожаатни ўрганиш жараёнида Рустам Рўзибоев билан телефон орқали суҳбатлашилгани, унга тушунтириш берилгани ҳақида сохта баённома тузиб, имзолашади.

Баённомада: «Рўзибоев коронавирус пандемияси карантини сабабли, ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиш нияти йўқлигини айтгани», шу сабабли телефон рақамига қўнғироқ қилиниб, суҳбат ўтказилгани баён этилган.

Аслида Рустам Рўзибоевга телефон орқали ҳеч ким мурожаат қилмаган ва ҳеч қандай суҳбат ўтказилмаган. Мурожаат ими-жимида сохта баённома билан ёпиб юборилган. Бунинг сабабини Сарвар Хўжаниёзовдан сўраганимизда, «бу қилмиши учун ҳайфсан жазосини олганини» айтиш билан чекланди.

Сохта баённома тузилишига Боғот тумани архитектура ва қурилиш бўлими ҳам қисман ўз «ҳиссасини қўшган», яъни туман ҳокимлигига сохта маълумотлар акс этган хатни тақдим қилган. Унда: «Рустам Рўзибоев брусчатка ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 1500-2000 кв.м. ер майдони сўрагани» қайд этилган. Ваҳоланки, тадбиркор 200 кв.м. ер сўраган эди. Хатни имзолаган бўлим бошлиғи Фарҳод Қурбановга бу ҳақда савол берганимизда, бу иддаоларга далил келтира олмади.

Ер кимга ва қандай мақсадда ажратилди

Кейинчалик маълум бўлишича, Рустам Рўзибоев сўраган 200 кв.м. ер майдони орадан 1 йил ўтгач, Боғот тумани ҳокимининг 28.09.2019даги 5832-сонли қарори билан «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури асосида Севара Қурбондурдиевага «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси» биноси қурилиши учун ажратиб берилган.

Ушбу қарорни қабул қилиш жараёнида йўл қўйилган камчиликларнинг кўплиги таажжубга солади.

А) Ер майдони бошқа ҳудуддан ажратилган

«Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури асосида Севара Қурбондурдиевага «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси» биноси «Ҳуррият» маҳалласи ҳудудидан ажратилиши лозим эди. Бу ҳақда дастур иловасида белгилаб қўйилган. Аммо негадир ер майдони «Оқтепа» маҳалласидан ажратилган.

Б) Далолатнома раис ва унинг ўринбосари томонидан имзоланмаган

Севара Қурбондурдиевага «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси» биноси қурилиши учун ер майдони ажратилишини маъқуллаш тўғрисидаги далолатнома бор. У 2019 йилда (аниқ сана кўрсатилмаган ҳолда) расмийлаштирилган. Уни бир неча ташкилотлар раҳбарлари имзолаган. Жумладан, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ёнғин хавфсизлиги хизмати, Санитария-эпидемиология назорати маркази ва ҳ.к. Аммо энг муҳими – комиссия раиси, туманнинг собиқ ҳокими Ойбек Холбоев ва унинг собиқ ўринбосари Улуғбек Матяқубов имзоламаган. Далолатномага ҳокимлик муҳри ҳам босилмаган. Мана шу «далолатнома»га асосан, туман ҳокимлигининг ер майдони ажратиш ҳақидаги қарори қабул қилинган.

Собиқ ўринбосар Улуғбек Матяқубов орадан кўп вақт ўтгани сабабли, ҳужжатни нега имзоламаганини эслай олмаслигини айтди. Аммо «хатони тўғрилаш мақсадида, ҳозир ҳам зинҳор имзоламаслигини» таъкидлади.

В) Қурилиш бош бошқармаси лойиҳани шартли маъқуллаган

Боғот тумани ҳокимининг 5832-сонли қарорига Хоразм вилояти қурилиш бош бошқармасининг 11.09.2019даги 479-сонли хулосаси ҳам асос қилиб олинади. Аммо хулосада «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси» қурилиши маъқулланмаган эди.

Лойиҳа «ер майдони турар жой зонасида жойлашгани сабабли, «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси» эмас, балки «Автомобиллар эҳтиёт қисмлар дўкони» объектини қуриш шарти билан» маъқулланган.

Г) Ҳокимлик ва тадбиркор ўртасида битим тузилмаган

«Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишда давлат шериги (ҳокимлик) ва хусусий шерик (С.Қурбондурдиева) ўртасида битим тузилиши шартлиги белгиланган. Бироқ, амалда ушбу битим тузилмаган.

Ер майдони ажратилиши ноқонуний эди, чунки у бошқа ширкатга тегишли бўлган

Аслида ушбу ер майдони 09.07.2018да Боғот тумани ҳокимининг қарори билан «Оқтепа» маҳалласидаги 1-сон хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига (ХУЖМШ) ажратиб берилган эди. Бу қарор ҳозир ҳам ўз кучида.

Яъни Севара Қурбондурдиевага ажратиб берилаётган 200 кв.м. ер майдони қонун бўйича 1-сон ХУЖМШга тегишли. Ер кодексининг 23-моддасига кўра, ер майдонини бошқа шахсга бериб юбориш учун, олдин белгиланган тартибда олиб қўйилиши (ёки сотиб олиниши) керак эди. Боғот тумани ҳокимлиги бундай йўл тутмаган.

Нега ширкатга тегишли ер майдони ноқонуний тарзда бошқа шахсга ажратиб берилди?

Хоразм вилояти қурилиш бош бошқармаси 1-сон ХУЖМШга тегишли ернинг бошқа шахсга ажратилишида Боғот туман қурилиш бўлими объектларни жойлаштириш ва бош режаларини амалга ошириш масалалари бўйича архитектор Руслан Жуманиёзовни айбламоқда.

Айнан унинг ер майдонини жойлаштиришдаги хатоси туфайли шундай ҳолат юзага келгани, бу қилмиши учун унга нисбатан «ҳайфсан интизомий чораси кўрилгани» ҳақида маълумот берган.

Қизиқ факт: биздаги маълумотларга кўра, ер майдони ноқонуний тарзда ажратиб берилган фуқаро Севара Қурбондурдиева архитектор Руслан Жуманиёзовнинг яқин қариндоши, яъни холасининг қизи ҳисобланади.

Давлат дастури асосида ажратилган ер майдони бошқа шахсга сотиб юборилди

Севара Қурбондурдиева 200 кв.м. ер майдонини 13.11.2020да Нодирбек Атахановга сотган ва буни нотариал тартибда расмийлаштирган. Аслида «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури ҳеч қаерда ишламайдиган, тадбиркорлик билан шуғулланишни мақсад қилган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун қабул қилинмаганми? Севара Қурбондурдиева эса ишсиз эмас, у 2010 йилдан бери туман тиббиёт бирлашмасида ишлаяпти.

Хўш, тиббиёт ходимига «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси» керакми? Агар керак бўлса, у ҳолда нега 1 йил ўтгач, ер майдони бошқа шахсга сотилди?

Шу саволларни Севара Қурбондурдиевага бердик, аммо «мени тинч қўйинглар» деган қисқа жавобни олдик. Умуман олганда, ўринли савол туғилади: «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури бўйича ажратилган ерни сотиб юбориш мумкинми?

Яна бир сохта ҳужжат

2020 йил 24 июнь куни «Оқтепа» маҳалласидаги фуқаролар иштирокида йиғилиш ўтказилади ва «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси» биноси қурилиши муҳокама қилинади. Қизиқ, уч нафардан ортиқ шахснинг бир ерда тўпланиши мумкин бўлмаган карантин даврида қандай йиғилиш ўтказиш мумкин?

Хуллас, 1-сон ХУЖМШ собиқ раиси Гулзода Қурёзова раислигида ўтган мажлиснинг 22-сонли баённомасига асосан, шу атрофдаги уйларда яшовчи 22 нафар фуқаро бино қурилишига «қарши эмаслигини билдиради».

Бироқ, 1-сон ХУЖМШ янги раҳбарияти томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, бундай йиғилиш умуман ўтказилмагани, баённома эса сохта экани аниқланган.

Ҳозирги вақтда 1-сон ХУЖМШ томонидан Боғот тумани ҳокимининг Севара Қурбондурдиевага ер ажратиш ҳақидаги қарори бекор қилиниши бўйича судга ариза берилган. Ажратилган ер майдонида эса қурилиш ишлари давом этмоқда.

Боғот тумани ҳокимлиги нега маълумот бермаяпти?

Хоразм вилояти қурилиш бош бошқармаси Севара Қурбондурдиевага ер майдони ажратилишида йўл қўйилган камчиликларни аниқлаб, бу масалаларни Боғот тумани ҳокимлигидаги комиссия томонидан қонун доирасида кўриб чиқиб, маълумот беришни сўраган.

Хат 2020 йил 23 декабрь куни юборилган. Орадан 2 ой ўтди. Биз бу хатга қандайдир муносабат билдирилдими, жавоб хати ёзилдими, агар ёзилган бўлса, шу хатнинг 1 нусхасини сўраб, Боғот тумани ҳокими ўринбосари Одилбек Қурёзовга мурожаат қилдик. Аммо хат тақдим қилинмади.

Сўнгсўз

Боғот туманидаги чигал ва ажабтовур воқеаларнинг қисқача мазмуни шундай.

Ёшларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга рағбатлантириш, уларнинг орасидаги ишсизликни камайтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат дастурлари қабул қилиняпти. Аммо Боғот туманида юз берган воқеалар ушбу дастурларнинг ижроси билан боғлиқ ҳолат аслида қандайлиги ҳақидаги саволларни келтириб чиқармоқда. Давлат дастурида кўзланган мақсадга эришилаётгани, давлатнинг ёшларга ёрдами «манзилга етиб бораётгани» борасида шубҳаларни уйғотмоқда. Албатта бу воқеалар давлатимиз ривожи учун ўта зарур бўлган тизимли ислоҳотларнинг илдизига болта уради. Тегишли идоралар вазиятни ўрганиб, баҳо беради деган умиддамиз.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид