Ўзбекистон | 14:55 / 26.02.2021
8100
2 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт»: Жиззахдаги бинолар қулашига сифатсиз маҳсулот ишлатилгани асосий сабаб бўлган

«Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги департамент бошлиғи Зоиржон Омонов Жиззахдаги янги қурилган уйларнинг қулаши ҳолатлари юзасидан изоҳ берди.

Мутахассис юқоридаги ҳолатларда қурилиш ишлари лойиҳадан чиқиб кетиб амалга оширилгани, бинолар қулашига сифатсиз маҳсулот ишлатилгани асосий сабаб бўлганини таъкидлади.

«Жиззахдаги янги қурилган уйларнинг қулаш ҳолати агентлик ходимлари томонидан бориб ўрганилди. Ишлатилган металл маҳсулотлари ва бетон плиталарининг сифати кафолатланмаган, тамғаланмаган, маркаси ҳам ноаниқ, ким ишлаб чиқарилгани ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Қурилиш маҳсулотлари оддий бозордан олиб ишлатилган. Бу ҳолатларнинг ҳеч қайсиси қурилиш норма ва талабларига жавоб бермайди», дея Зоиржон Омоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 январ куни Жиззах шаҳридаги «Зилол» маҳалласи Мустақиллик кўчасида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бири кутилмаганда қулаб тушганди.

Кейинроқ, мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилди.

Қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов бу ҳолат қурилиш ишлари давомида назорат олиб борилганда темир-бетон, ғишт ва цемент маҳсулотларига мувофиқлик сертификати ва қурилиш пойдевори мос келиши бўйича синов лабораторияси хулосаси тақдим қилинмагани, объектда ишлар техник назоратчи ва иш бошқарувчисиз олиб борилгани учун содир бўлганини айтиб ўтганди.

Мавзуга оид