Жаҳон | 20:23 / 26.02.2021
35541
3 дақиқада ўқилади

«Қрим — бу Украина». Жо Байден АҚШ Қрим Россияга қўшилганини ҳеч қачон тан олмаслигини айтди

АҚШ президенти Жо Байден Америка ҳукумати ҳеч қачон Қрим Россияга қўшиб олинганини тан олмаслигини билдирди. У 26 феврал куни Украинада Қрим ва Севастополнинг ишғол қилинишига қаршилик кўрсатиш куни муносабати билан баёнотида шу ҳақда маълум қилди.

Фото: Reuters

«Қўшма Штатлар бугунги кунда ҳам бу зиддият бошидан буён бўлгани каби Украина ва унинг иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу нохуш санада биз яна бир бор оддий ҳақиқатни таъкидламоқчимиз: Қрим — бу Украина. Қўшма Штатлар Россиянинг ярим оролни эгаллаб олганини ҳеч қачон тан олмайди, биз Украина билан бирга Россиянинг тажовузкор ҳаракатларига қарши турамиз», деган у.

Жо Байден 26 феврал куни Россия халқаро ҳуқуқ ва замонавий давлатларнинг ўзаро муносабатлари нормаларини, шунингдек, Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузган ҳолда «Қримга бостириб киргани»га етти йил тўлганини эслатиб ўтган.

Россия ҳукумати аввалроқ Қрим ва Севастополь халқаро ҳуқуқ доирасида РФ таркибига кирганини иддао қилганди.

  • Қрим 2014 йил 16 мартида ўтказилган референдум асосида Россия таркибига киритилганди. Ўшанда Қримда РФ қуролли кучларининг ҳарбий бўлинмалари жойлаштирилганди, президент Владимир Путин бу ҳарбийлар «Қрим халқ мудофаа кучларига кўмак сифатида юборилгани» ҳақида айтганди. 17 март куни Қрим парламенти мустақиллик ҳақида фармон қабул қилиб, Қримни Россия таркибига субъект сифатида қўшиб олиш учун мурожаат қилади. 18 март куни Россия президенти Владимир Путин Қрим Республикасини мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида қарор имзолайди. Шу куннинг ўзида Россия ва Қрим респубикани ва Севастопол шаҳрини Россия Федерацияси таркибига киритиш бўйича келишув имзолашади.
  • 2014 йил 27 март куни БМТ Бош ассамблеяси Украининг ҳудудий яхлитлигини тан оладиган резолюцияни қабул қилган. Унда референдум қонуний кучга эга бўлмаганлиги айтилган.
  • Қрим Россияга қўшиб олиниши фонида АҚШ ҳукумати Украинадаги воқеалар туфайли россиялик амалдорларга қарши санкциялар жорий этади. Бундан ташқари, Америка ҳукумати Қрим билан ҳар қандай иқтисодий алоқаларни тақиқлайди. Жумладан, Америка маҳсулотлари, технологиялар ва хизматлар Қримга экспорт қилиниши тақиқланади.
  • 2017 йилнинг декабрида БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Қрим ва Севастополни «вақтинча оккупация қилгани»ни қоралайдиган ва «аннексиянинг тан олинмаслиги» таъкидланган резолюцияни қабул қилган.
  • 2020 йилда Украина президенти Владимир Зеленский Қрим автоном республикаси ва Севастопол шаҳри ишғол қилинишига қарши қаршилик кунини таъсис этади ва бу кун ҳар йили 26 февралда нишонланадиган бўлади.

Мавзуга оид