Жамият | 20:58 / 26.02.2021
14215
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Янгийўл туманларида табиий газ таъминоти автоматик тарзда ўчиб қолиш сабаби маълум қилинди

Тошкент вилоятининг Тошкент ва Янгийўл туманларида табиий газ таъминотининг ўчиб қолишига газ ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёнида далолатномалар нотўғри расмийлаштирилгани ва мазкур далолатнома асосида «CSV» базасига маълумотлар нотўғри киритилгани сабаб бўлган.

Жорий йилнинг 23-24 феврал кунлари Тошкент вилоятининг Тошкент ва Янгийўл туманларида истеъмолчилар табиий газ таъминотидан узиб қўйилгани ҳамда электрон газ ҳисоблагич ўрнатилган хонадонларда газ автоматик тарзда ўчиб қолиш ҳолатлари кузатилган. Шунингдек, тўлов мавжуд бўлганига қарамай тармоққа қайта уланишда муаммолари бўлган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг маълум қилишича, электрон газ ҳисоблагичларнинг автоматик тарзда ўчиб қолишига газ ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёнида далолатномалар нотўғри расмийлаштирилгани ва мазкур далолатнома асосида «CSV» базасига маълумотлар нотўғри киритилгани сабаб бўлган.

Бунинг оқибатида бир неча хонадондаги ҳисоблагичлар бўйича серия рақами базага бир хил киритилган бўлиб, бу ҳолат битта қарздор абонент билан бир қаторда, бошқа ҳақдор абонентларнинг ҳам тармоқдан ўчирилишига олиб келган.

Ҳудудларда газ ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёнида аниқланган хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, келгусида қайта такрорланмаслигининг олдини олиш ҳамда масъулиятсизликка йўл қўймаслик юзасидан «Ҳудудгазтаъминот» АЖга сўров хати тақдим этилган ва 150 нафарга яқин истеъмолчилар газ таъминотига қайта уланган.

Мавзуга оид