Жамият | 18:04 / 27.02.2021
4774
2 дақиқада ўқилади

Қуйи Чирчиқда тикувчиликни ўргатиш учун ажратилган 282,4 млн сўм талон-торож қилингани аниқланди 

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида фуқароларни махсус курсда ўқитиш учун ажратилган маблағни ўзлаштирган жамият раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Иллюстратив фото

Қайд этилишича, тумандаги 81 нафар фуқарони тикувчилик фаолияти бўйича махсус курсда ўқитиш учун хусусий фирмага 282,4 млн сўм ажратилади. Бироқ бу пуллар хотин-қизларнинг ҳунар ўрганиши учун йўналтирилмайди. Жамият раҳбари ва Қуйи Чирчиқ тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази масъул шахслари аслида малака оширмаган фуқаролар номига сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, бюджет маблағларини талон-торож қилишади. 

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 228-моддаси 1 ва 3-қисмлари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.

Мавзуга оид