Иқтисодиёт | 15:35 / 27.02.2021
29566
9 дақиқада ўқилади

Шахсий манфаат билан давлат манфаатини аралаштириш: Давлат органлари нега монополия тараф?

Фото: Shutterstock

Мамлакатда рақобат муҳитини ривожлантириш учун президентнинг бир қатор муҳим фармон ва қарорлари қабул қилинди. Жамоатчиликнинг катта қисми рақобат йўқлигини ҳамда монополияни UzAuto Motors сиймосида кўришга ўрганиб қолганига қарамасдан, бу соҳадаги бошқа, муҳим муаммоларга ҳам эътибор қаратишни истардик.

Тошкент давлат юридик университетида «Рақобат ҳуқуқи» фанини ўрганиб, ўз битирув малакавий ишимда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан танишар эканман, айрим давлат корхоналари ва мансабдор шахслар ўзларининг идоравий, эҳтимол, шахсий манфаатлари ёки айрим тадбиркорларнинг манфаатлари лоббиси йўлида рақобатга қарши қонунчиликка тамомила зид келувчи ҳукумат қарорлари ва президент фармонлари лойиҳасини тайёрлашаётганига амин бўлдим. Улар томонидан тайёрланаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда қуйида санаб ўтилган мақсадларни кўзловчи бандлар усталик билан қўшиб қўйилганига гувоҳ бўлиш мумкин:

a) Монопол корхоналар тузиш;

b) хўжалик юритувчи субъектларни тендер (танлов) ўтказмасдан мустақил танлаш;

c) алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга имтиёз ва енгилликлар тақдим этиш ҳуқуқини қўлга киритиш.

Маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида давлат иқтисодиётни тартибга солувчи ва ислоҳотчи бўлади. Лекин амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айнан давлат органлари томонидан рақобат ҳақидаги қонунчиликнинг бузилиши кўп учрамоқда.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги қонунининг 12-моддаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисида»ги қонуни давлат органлари томонидан рақобатни чеклаш билан боғлиқ қонунбузарликларни бартараф этишга йўналтирилган.

Келинг, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг расмий сайтида эълон қилинган амалиётдан мисолларга тўхталамиз:

Монопол компаниялар тузиш

Айни пайтда Ўзбекистонда 224та монополист корхона (жумладан, табиий монополиялар) бор. Барчага яхши маълумки, монополия — баланд нархларни ҳамда истеъмолчиларда танлов эркинлиги йўқлигини билдиради. Бинобарин, давлат сиёсати янгисини яратишга эмас, монополист корхоналарни қисқартиришга йўналган бўлиши лозим. Лекин ҳамма ҳам бунга рози эмас, шекилли. Қуйида давлат органлари монополиялар яратиш йўлида ташаббус билан чиққан бир неча ҳолатни кўриб чиқамиз:

1. Маданият, Молия, Транспорт вазирликлари ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўзлари ишлаб чиққан Ҳукумат қарори лойиҳасидаги Электрон чипталар савдоси бўйича ягона портал (оператор) — ЭЧСЯП яратиш ҳақидаги ташаббуси. Айни пайтда мамлакатда транспортга электрон чипта сотувчи e-ticket.railway.uz, uzairways.online, avtoticket.uz, шунингдек, кино, театр, концертлар ва спорт тадбирларига чипта сотувчи iticket.uz ва myticket.uz каби хизматлар ишлаб турибди. Шак-шубҳа йўқки, ягона операторнинг пайдо бўлиши соҳада монополия ўрнатилишига сабаб бўлади.

2. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг мамлакатдаги кўп квартирали турар жойларда эски лифтларни янгисига алмаштириш учун «Texnopark» МЧЖни бош пудратчи деб тайинлаш, шунингдек, ушбу корхонага лифт ускуналари мониторинги ва диспетчерлик хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини тақдим этиш бўйича ташаббуси (Бу Вазирлар Маҳкамасининг «2021–2027 йилларда кўп квартирали уйларда лифт қурилмаларини модернизация қилиш ва таъмирлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси). 

3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида «Агросервис Оператор» давлат унитар корхонасини тузишни таклиф этган. Лойиҳада кўрсатилишича, «Агросервис Оператор» ДУК боғдорчилик ва узумчиликни барқарор ривожлантиришга қаратилган мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланар эмиш.

4. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маррани катта олиб, «Uzintertrade» АЖ ташқи савдо компанияси тузилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси президентининг фармони лойиҳасини ишлаб чиққан. Лойиҳага кўра, АЖга монопол маҳсулотлар экспорти билан шуғулланиш, маҳаллий тадбиркорлар ва ҳунармандлардан маҳсулотларни ҚҚС тўловисиз, тўлиқ экспортга йўналтириш шарти билан харид қилиш, шунингдек, воситачилик хизматлари кўрсатиш ва ҳ.к.лар ҳуқуқи тақдим этиш назарда тутилган.

Тендер (танлов)ни айланиб ўтиш

Тендер — бу давлат харидлари бозорида рақобатни таъминлашнинг асосий усулларидан бири бўлиб, у буюртмачига нарх-сифат кесимида энг муносиб етказиб берувчи (ишлаб чиқарувчи)ни танлаш ҳуқуқини беради. «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга кўра, холисликни таъминлаш ва коррупцияга йўл қўймаслик мақсадида товарлар, ишлар, хизматларда давлат харидини амалга ошириш қоида тариқасида тортишув принципи, яъни танловлар (тендерлар) асосида ўтказилиши лозим. Бироқ айрим давлат органлари «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонундаги умумий қоидаларга истиснолардан асоссиз фойдаланган ҳолда танлов ўтказмасдан, хўжалик юритувчи субъектларни мустақил танлаб олишни исташади. Мисоллар келтирамиз: 

1. Давлат солиқ қўмитаси «Асл белгиси» Миллий ахборот тизими (МАТ) ишлаб чиқиш ҳамда техник хизмат кўрсатиш учун «CRPT TURON» МЧЖ билан тўғридан тўғри музокаралар йўли орқали давлат-хусусий шериклик шартномасини тузишни назарда тутувчи президент қарори лойиҳасини ишлаб чиққан… 

2. Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ўзлари томонидан ишлаб чиқилган «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ер ости бойликлари участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатнома олишда манфаатдор шахснинг аризасига асосан тўғридан тўғри музокаралар натижасига кўра, рухсатнома бериш имконияти тақдим этишни назарда тутади... 

3. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан Сурхондарё дарёсининг ўзанини тозалаш ишларини танлов ўтказмасдан, «SURXON TEKSTIL TOLA», «BOTIR ALI» ва «SHO‘RCHI SHAG‘AL SAVDO» МЧЖга тақдим этувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

4. «Ўзэлтехсаноат» ассоциацияси мамлакатга сифатсиз электротехника маҳсулотлари олиб кирилишини бартараф этиш мақсадида «Ўзэлтехсаноат» базасида яратилаётган марказни қуриш ва жиҳозлашда ассоциацияга товарлар (ишлар ва хизматлар)ни харид қилиш усулларини мустақил танлаш ҳуқуқини берувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиққан.

5.Текстил саноати ассоциацияси ўзи томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг «Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникаси билан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасида қишлоқ хўжалиги техникаси ва бутловчи қисмларни «Indorama Agro» ва «Pahtakor Teh» МЧЖ билан тузиладиган тўғридан тўғри шартномалар асосида олиб киришни назарда тутган.

Алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга имтиёзлар ва енгилликлар бериш

Давлатдан имтиёз ва енгилликлар олиш — унга эгалик қилувчи хўжалик юритувчи субъектни бозордаги бошқа ўйинчиларга нисбатан доим афзал рақобат ҳолатига келтириб қўяди. Оқибатда соғлом рақобатга путур етади ва секин-аста бозорнинг монополлашуви рўй беради.

1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29,48 гектар ерни AKFA хусусий университетига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ташаббуси билан чиққан.

2. «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси президенти қарори лойиҳасига кўра, Андижон вилоят ҳокимлиги «Саноат ҳаби»да ташкил этилаётган корхона балансига 100 гектардан кам бўлмаган ерни ажратиб бериши, шунингдек, қишлоқ хўжалиги юритиш билан боғлиқ бўлмаган суғориладиган ерлардан фойдаланишда тўланадиган компенсациядан озод қилиши керак бўлган.

Юқорида санаб ўтилган лойиҳаларнинг барчасига Монополияга қарши курашиш қўмитаси салбий хулоса берган ва бу қўмитанинг сайтида расман эълон қилинган ҳолатлар. Фикримча, амалиётда бундай ҳолатлар кам эмас. Бироқ, таассуфки, Аксилмонополия қўмитасининг салбий хулосаларига қарамасдан, бундай лойиҳаларнинг аксарияти қабул қилинмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Аксилмонополия қўмитасининг хулосаси тавсиявий эмас, мажбурий характерга эга бўлиши керак, деб ўйлайман. Яъни МҚКҚнинг ижобий хулосасисиз меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари қабул қилинмаслиги керак.

Шунингдек, амалиётда суиистеъмолчиликка йўл қўйилмаслиги учун «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонундаги истиснолар ва бўшлиқлар ҳам қайта кўриб чиқилиши керак.

Умид қиламизки, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда барча давлат органлари жамият манфаатларидан келиб чиқиб ҳаракат қилади.

 Умид Ғафуров,
Тошкент давлат юридик университетининг
«Хусусий ҳуқуқ» факультети 4-босқич талабаси

Мавзуга оид