«Мартнинг охирларида Сардоба бўйича ҳужжатларни ошкор қилишимиз мумкин» — қурилиш вазири
Ўзбекистон қурилиш вазири Ботир Зокиров Сардоба фожиаси бўйича ўрганиш натижалари, тўпланган ҳужжатлар тез орада давлат комиссиясига тақдим этилиши, март ойи охирларида ушбу ҳужжатларни жамоатчиликка ошкор қилиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
«Тўғон ёрилиши натижасида сув омборидаги сувнинг тахминан 50 фоизга яқин қисми чиқиб кетган. Фожиа сабабларини тўғри баҳолаш учун Ўзбекистон президенти ва ҳукумат топшириқларига асосан хориждан умуман бу ишга дахлсиз бўлган одамлар – Москва давлат қурилиш университети мутахассислари жалб қилинган.
Улар ҳозир тўртта босқичдан иборат ишларни амалга оширди. Яқин кунларда бизга тўртинчи босқичда қилинган ишларнинг тақдимотини қилишади. Тахминан март ойи охирларида Сардоба фожиаси бўйича давлат комиссиясига тақдим этиладиган ҳужжатларни ошкор қилишимиз мумкин.
Бугунги кунда маълумотлар охиригача аниқ эмас. Масала шундаки, лойиҳа билан боғлиқ кўп саволлар бор. Уларнинг ҳаммасини кўриб чиқишяпти», дея Ботир Зокировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
1 март куни Қурилиш вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида қурилиш вазири Ботир Зокиров мазкур жараёнга нима учун айнан россиялик экспертлар жалб қилинганига ҳам изоҳ берди.
«Москва давлат қурилиш университети бу ишга жалб қилингандан кейин бизда фожиага холисона баҳо бериш имкони пайдо бўлди. Уларни Вазирлар Маҳкамаси топшириғига асосан, шартнома асосида ёлладик. Улар барча ишларни шартнома асосида амалга оширишмоқда. Шу билан бирга, лойиҳа олди қидирув ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Сув омбори жуда катта, бутун периметр бўйича жуда кам оралиқда кўплаб бурғилаш ишлари ўта сифатли амалга оширилди.
Уларни бу масалага жалб қилганимизнинг сабаби шуки, уларда катта тажриба бор. Ушбу олий ўқув юрти мутахассислари шунга ўхшаш ўнга яқин масалаларни ўрганиб, ўз хулосаларини беришган. Улар холис ташкилот, ҳеч кимга бўйсунмайди, ўрганиш жараёнида манфаатлар тўқнашуви бўлмайди.
Москва давлат қурилиш университети мутахассислари дастлаб фожианинг сабаб ва омиллари бўйича хулосаларини тақдим этишса, кейинчалик сув омборини тиклаш бўйича лойиҳавий ечим-таклифларини беришлари керак.
Москва давлат қурилиш университети мутахассислари ўрганиш ишларини якунлаганидан сўнг, уларнинг хулосалари ҳам бошқа консорциум асосида халқаро экспертлар томонидан текширилади. Бунинг учун Италия, Туркия, Корея сингари давлатлардан мутахассислар жалб қилинади. Биз улар билан музокаралар олиб борганмиз», дейди Ботир Зокиров.
Вазир россиялик экспертларнинг Сардоба сув омборини тиклаш бўйича лойиҳавий ечим-таклифлари умумий характерга эга экани, қайта тиклаш ишлари ҳеч қачон битта ташкилот хулосаси билан амалга оширилмаслигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 7 йил давомида қурилган Сардоба сув омборида 2020 йилнинг 1 май куни тўғон ўпирилиши содир бўлган эди. Фожиа оқибатида 6 киши ҳалок бўлган, бир киши эса бедарак кетганди. Сув тошқини натижасида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етган. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлган, учта тумандаги 22та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинганди.
2020 йилнинг 25 декабр куни 17 кишига нисбатан «Сардоба иши» бўйича суд бошлангани, бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлгани сабабли иш ёпиқ тарзда кўрилаётгани хабар қилинган эди.
Мавзуга оид
18:44 / 24.12.2024
Қурилиш вазирлигига шаҳарсозлик нормаларига зид ҳужжатларни бекор қилиш ваколати берилди
18:00 / 17.07.2024
«Трест 12»га тендерсиз лойиҳалар, бажарилмаган ваъда ва “енгилмаган” коррупция – Ботир Зокировнинг 5 йили
12:05 / 17.07.2024
Ботир Зокиров қурилиш вазири лавозимидан кетди
15:28 / 16.05.2024