Жамият | 19:09 / 01.03.2021
28370
5 дақиқада ўқилади

Уй сотиб олишда алданиб қолмаслик учун нима қилиш керак? Ҳуқуқшунос тавсиялари

Сўнгги йилларда бутун Ўзбекистон ҳудуди қурилиш майдонига айланди, десак, муболаға бўлмайди. Айниқса янги кўп қаватли уйлар қурилиши кўпайган. Уларнинг аксари аҳолининг турар жойга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилаётган бўлса, фуқаролар ишончига кириб, алдов йўли билан уларнинг пулини олишни мақсад қилганлар ҳам йўқ эмас.

Янги квартира сотиб олишда қандай жиҳатларга эътиборли бўлиш керак? Бу борадаги саволларга тўлиқроқ жавоб олиш учун Тошкент давлат юридик университети Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси доценти Қамбариддин Меҳмонов билан интервью ташкил қилдик.

– Фуқаролар янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан сотиб олаётганда нималарга эътибор бериши керак?

– Ушбу ҳолатда қуйидаги масалаларга эътиборли бўлиш керак:

  • янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг сотувчиси хўжалик юритувчи субъект сифатида давлат рўйхатидан ўтганми ва айни дамда мавжудми (тугатилмаганми)?
  • қурилиш ишлари амалга оширилаётган ер участкасини ажратиш тўғрисида тегишли ҳокимликнинг қарори мавжудми?
  • қурувчи фирма бозорда ўз ўрнига эгами?
  • қурилиш лойиҳаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» ДУК томонидан экспертизадан ўтказилганми? Қурилиш ишлари мазкур лойиҳа ва экспертиза хулосаси асосида амалга оширилмоқдами?

Шунингдек, истеъмолчилар шартноманинг турига эътибор бериши керак. Сотувчи ва сотиб олувчи ўртасида қуйидаги шартномалардан бири имзоланиши мумкин:

  • инвестиция шартномаси;
  • улушли қурилиш шартномаси;
  • ипотека шартномаси;
  • уй жой олди-сотди шартномаси.
ТДЮУ Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси доценти Қамбариддин Меҳмонов

Фуқаролар янги қурилаётган кўп қаватли уйдан квартира сотиб олишдан аввал юрист маслаҳатини олишса ҳам зарар қилмайди. Шунингдек, улар қуйидаги саволларга жавоб топишлари тавсия этилади: сотиб олмоқчи бўлган уй-жойингиз ҳақиқатдан ҳам дахлсиз ерда қурилганми-йўқми, ҳуқуқий асос мавжудми, яқин келажакда бузилиши режалаштирилган ҳудудга тааллуқлими-йўқми, сизга сотаётган шахс шундай ваколатга эгами, фирибгарлик аломатлари мавжуд эмасми, аввал ҳам ушбу шахсдан харид қилганлар мавжуд бўлса, уларнинг тақдири қандай кечди, каби очиқ саволларга жавоб олишингиз зарур.

– Бугун бир ҳолат кўп кузатилмоқда: ҳали қурилиши бошланмаган турли кўп қаватли уйлар ҳам сотиляпти, бу борада эълонлар бериляпти. Ушбу ҳолатда улардан квартира сотиб олиш бўйича шартнома тузиш мумкинми? Қонунчилик бунга йўл қўядими? Қурилиши бошланган, аммо ҳали битмаган бўлса-чи?

– Фуқаролик кодексига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Тарафлар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартномани ҳам тузишлари мумкин. Шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно.

Ҳали тайёр ҳолга келмаган квартирага келадиган бўлсак, у учун ҳам шартнома тузиш мумкин. Бу ҳолатда улушли асосда иштирок этиш шартномасини тузиш тўғрироқ бўлади. Бундай шартномага қонунда тақиқ йўқ. Ушбу шартнома фуқаро қурилишга маълум миқдордаги пул маблағини киритишини, қурилиш битганидан сўнг ундаги хонадонга нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритишини назарда тутади. Шу тариқа бу шартнома ҳам охир-оқибат олди-сотди шартномасининг мазмунига мос келиб қолади. Фақат шартномани юқорида айтилган кўрсатмаларга амал қилган ҳолда тузиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Kun.uz мухбири Аббос Салайдинов

– Шартноманинг қайси бандларига алоҳида эътибор бериш лозим?

Авваламбор, шартноманинг барча жиҳатларига эътибор бериш керак. Харидор учун [қизиқишига қараб] шартноманинг ҳар хил жиҳатлари аҳамиятли бўлиши мумкин. Кимдир фақат нархига, кимдир муддатига қарайди. Умумий қоида шундайки, шартноманинг барча жиҳатларига қараб чиқиш керак. Бу билан харидор эртага қайсидир масалада низо юзага келишининг олдини олади.

Шартноманинг муҳим шартлари сифатида квартиранинг неча кв.м экани, қайси қаватда жойлашгани, ҳар бир кв.м учун қанчадан ҳақ тўлаётгани, қурилиш қачон тугаши, қурилиш тугаганидан кейин мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш муддати кабиларни кўрсатиш мумкин.

Шартноманинг яна бир муҳим жиҳати – тарафлар жавобгарлиги масаласи. Қурувчи фирманинг жавобгарлиги қайсидир даражада ва харидорнинг жавобгарлиги қайсидир даражада бўлади. Бу келгусида низо келиб чиқадиган бўлса, ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Kun.uz мухбири Аббос Салайдинов суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид