Иқтисодиёт | 16:32 / 02.03.2021
14630
4 дақиқада ўқилади

Битим ҳақиқий ё қалбаки эканини нега суд эмас, солиқчилар ҳал қиляпти? — эксперт «обнал» ҳақида

«Обнал иши»дан мақсад – тўлмай қолган бюджетни тўлдириш, деб ҳисоблайди солиқ бўйича эксперт Нодирбек Хўжабеков. Унинг фикрича, «обналчи» фирма билан тузилган битимни қалбаки деб топиш бўйича Солиқ кодексида мавҳумликлар бор: унда битим ҳақиқий эмас деб топилишининг асослари кўрсатилмаган. Тўланмаган ҚҚСни эса солиқ мажбурияти бор томон, яъни «обналчи» тўлаши керак.

Солиқ бўйича эксперт Нодирбек Хўжабеков «MFaktor» лойиҳасида берган интервьюсида «обналчилар» можароси ва улар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари бўйнига тушаётган 1 триллион сўм ҚҚС, Давлат солиқ қўмитасининг хатти-ҳаракатлари ва Солиқ кодексининг муайян моддасидаги камчиликлар борасида фикр билдирди.

Экспертга кўра, Солиқ кодексининг 14-моддасида назарда тутилган битимларни ҳақиқий эмас деб топишда мавҳумликлар бор.

«Кодекснинг 14-моддаси 3-хатбошида: «Қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган битимлар солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинмайди. Aгар ундай битимлар бошқа муқобил битимларни солиқларни ҳисоблаш учун ҳақиқий битимларнинг иқтисодий мазмун ва жиҳатлари ҳисобга олинади», деб ёзиб қўйилган.

«Қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган битимлар»ни ким аниқлайди? Aсосий масала мавҳум: солиқ хизмати органи нималарга асосан битимни қалбаки деб топади? Бу кўрсаткичлар белгиланмаган.

Бундан ташқари, битимнинг ҳақиқий эмаслигини аниқлаш ваколати кимга берилган?

14-моддада «қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган битимлар» фақат солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинмаслиги ёзилган. Бунда битим бутунлай бекор бўлади дейилмаяпти, фақат солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинмайди дейилмоқда. Таққослайдиган бўлсак, Фуқаролик кодексининг 113-моддасида: «Битим ушбу кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъи назар, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим)», дейилган. Бу ерда суд томонидан битим ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, деб аниқ ёзилган», – дейди Нодирбек Хўжаев.

Унинг қайд этишича, битим ҳақиқий эмас деб топилса, мазкур шартнома бўйича қилинган хатти-ҳаракат ҳам ноқонуний бўлади.

«Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 114-моддасида: «Битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт», – дея кўрсатиб ўтилган.

Демак, битим қалбаки деб топилдими, товар олинмади деб ҳисоблаб, ҳисоб-китоблар ҳам орқага қайтиши керак. Товар ҳам, ҚҚС ҳам нолга тенглаштирилиши керак», – дейди эксперт.

Хўжаевнинг таъкидлашича, мурожаат қилаётган корхоналар вакиллари судга чақирилгани, иш судда кўрилгани ҳақида маълумотлар йўқ. Ваҳоланки, битимларни аслида суд ҳақиқий эмас деб топиши керак.

«ДСҚ 396та корхонани нақдлаштириш фаолияти билан шуғулланган деган хулосани берган. Улар билан ишлаган тадбиркорлик субъектларига ҳам ҳозирда контрагентининг «обналчи» эканини билгансан, деган важлар қўйилмоқда.

Контрагентининг «обналчи»лигини билгани ёки билмагани солиқ тўловчининг виждонига боғлиқ. Солиқни ким тўлаши керак? Солиқ тўлаш мажбурияти бўлган томон тўлаши керак. Солиқ мажбурияти бўйнида бўлганлар булар – «обналчи»лар, бироқ тўланмаган солиқ улар билан ишлаган тадбиркорлардан ундирилмоқда», – дейди Нодир Хўжабеков.

Солиқ мутахассисига кўра, «обналчилар» иши – бюджетнинг тўлмай қолган қисмини қоплаш мақсадида қилинган иш.

«Солиқ органларига ҳар йили режа қўйилади. Режа қўйишни ҳам хато деб ўйламайман, бу режага интилиш учун керак. Aммо режа бажарилмагани учун чора қўллаш бу тўғри эмас», – таъкидлайди Нодирбек Хўжабеков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ иқтисодчи Юлий Юсупов Солиқ қўмитасининг «обнал» бўйича ҳаракатларини «соғлом ақлни мазах қилиш» деб атаганди.

Мавзуга оид