Россия ТИВ: Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида ўнлаб ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган
Бугун Москвада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашади.
2 март куни ўтказилиши режалаштирилган Россия ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирларининг учрашуви давомида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиниши, кун тартибидаги ўзаро манфаатли халқаро ва минтақавий муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилиши кутилмоқда.
«Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага давлат ташрифини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Бугунги кунда юқори даражадаги 30га яқин икки томонлама ҳужжатлар мавжуд. Яқинда бўлиб ўтадиган қўшма комиссиянинг иккинчи йиғилиши Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари даражасида саммит муваффақиятли ўтказилишига ёрдам беради», дейилади Россия ТИВ матбуот хизмати хабарида.
Россия томони яқинлашиб келаётган тадбирлар икки мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеаларга айланишига, кўп форматли икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга, давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирган.
- Эслатиб ўтамиз, 2020 йил декабрида Россия ТИВ 2021 йил баҳорида Ўзбекистон президенти Москвага келиши кутилаётгани ҳақида хабар тарқатганди. Ҳозирча ташрифнинг аниқ санаси маълум қилинмаган.
- Шавкат Мирзиёевнинг Россия президенти Владимир Путиннинг билан сўнгги учрашуви 2020 йил 23 июнда Москвада бўлиб ўтган. Шунингдек, жорий йилнинг 4 феврал куни Алмати шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида Россия бош вазири Mихаил Мишустин ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўзаро учрашув ўтказган.
- Маълумот учун, 2020 йил давомида Ўзбекистоннинг савдо шериклари орасида Россия иккинчи ўринда (ўзаро ташқи савдо айланмаси 5,6 миллиард доллар, шундан экспорт 1,5 миллиард доллар, импорт 4,1 доллар) қайд этилган. Охирги икки йилда Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори мақомини йўқотган.
Мавзуга оид
16:16 / 24.12.2024
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
09:27 / 24.12.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга ташриф буюради
20:43 / 23.12.2024
Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади
13:58 / 20.12.2024