Ўзбекистон | 21:51 / 02.03.2021
10603
3 дақиқада ўқилади

Сергей Лавров: «Ўзбекистонда Спутник V вакцинасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши масаласи кўриб чиқилмоқда»

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинаси Ўзбекистонда тезлаштирилган тартибда рўйхатга олинганини маълум қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Москва шаҳрига амалий ташрифи давомида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашув ўтказди.

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Россия муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилди.

«Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага давлат ташрифини ташкил этишга алоҳида тайёргарлик кўрилмоқда. Бугунги кунда юқори даражадаги икки томонлама кўплаб ҳужжатлар мавжуд», деган Россия ташқи ишлар вазири.

У бир неча йиллардан буён Ўзбекистон Россияга ишлашга келаётган меҳнат муҳожирлари сони бўйича етакчи ўринни эгаллаб келаётгани, аммо пандемия туфайли бу оқим кескин камайганини айтиб ўтган.

«Албатта, эпидемиологик чекловлар мавжуд. Бу нафақат меҳнат муҳожирларига, балки талабаларга ҳам таъсир кўрсатди. Тезкор штаб тузган ҳолда талабаларнинг сони ҳисобга олинади, федерациядаги ҳар бир иш берувчининг аризаси асосида янги меҳнат муҳожирларини қайтариш ёки таклиф қилиши имкониятлари кўриб чиқилади», деган Сергей Лавров.

Шунингдек, Россия ташқи ишлар вазири пандемия давридаги оғир шароитга тўхталиб ўтган.

«Шу кунларда Ўзбекистонда аҳолини оммавий эмлаш бошланади. Ўзбекистонда Спутник V вакцинасини ишлаб чиқариш масаласи кўриб чиқилмоқда, ушбу вакцина Ўзбекистонда тезлаштирилган тартибда рўйхатга олинган. Биз ушбу соҳадаги ҳамкорлигимизни жуда қадрлаймиз», дейди у.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири давлатлар ўртасида ташқи иқтисодий алоқалар инқироз шароитида ва доимий парвозлар тўхтаган тақдирда ҳам ривожланаётганини таъкидлаган.

«Биз пандемия шароитида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар ривожланишининг барқарор динамикасини мамнуният билан қайд этдик. Пандемиянинг оғир оқибатларига қарамай, иқтисодий ҳамкорлигимиз жадал ривожланиб бормоқда», деди Абдулазиз Комилов

Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида доимий авиақатновларни тиклаш масаласига тўхталиб, тез орада авиақатновлар тикланишини айтиб ўтишди.

Вазирлар томонидан Афғонистондаги бугунги вазият, инклюзив афғонлараро музокараларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон иштирокида транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

  • Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини оммавий қўллаш жараёнига 17 феврал куни рухсат берилганди - вакцина давлат рўйхатидан олингани ҳақида ҳали расман эълон қилинмаган.
  • 1 март куни Ўзбекистонда коронавирусга қарши илк вакцина сифатида Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган вакцина давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мавзуга оид