Ўзбекистон | 16:59 / 02.03.2021
25364
3 дақиқада ўқилади

«ТТЖда шароит яхшимаслиги – ректорнинг эътиборсизлигидан. Бошқа сабаб йўқ» — Абдуқодир Тошқулов

Бугун, 2 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтмоқда. Унда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни турар жой билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги масала муҳокама қилинмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов депутатларнинг саволларига жавоб берар экан, олий таълим муассасаларидаги муаммоларга ҳар бир ректор шахсан жавобгарлиги, талабалар турар жойларида оддий шароитлар яратилмагани, ўзи ҳам бир кеча талабалар билан тунаганини айтди.

«Олий таълим муассасалари ётоқхоналарининг шароити яхши эмаслиги шахсан ректорнинг эътиборсизлиги, ОТМ раҳбарининг ўша ётоқхонага кирмаслигидан, бошқа сабаб йўқ.

Ҳар қандай ОТМ пул топа олади. Чунки талабалар турар жойида яшаётган талаба муассаса ҳисоб-китобидан келиб чиқиб, оз бўлса-да пул тўлайди. Арзимас пул, лекин ўша пулни ўзига сарфласа ҳам ҳамма жиҳозини тайёр қилиб қўйса бўлади. Чунки электр энергияси ва бошқа харажатлар асосий ҳисобдан тўланади.

Энди ҳозир мен айтмайман, ижтимоий тармоқларда чиқиб, нотўғри талқин бўлиши мумкин. Бир куни бир талабалар турар жойига бориб, талабалар орасида бир кеча ётдим. Бир талаба билан унинг хонасида тунни тонгга улаб суҳбат қилиб чиқдим ва ундан бутун сир-асрорни сўраб олдим. Яшаш шароити, санузеллар ҳолати, бир дунё муаммо бор.

Талабалар 40 фоиз дарслардан норози. Жами ўқитувчиларнинг 40 фоизи бераётган билимдан норози.

Нега ётоқхонада автомат кир ювиш машиналари турмаслиги керак? Ҳамма нарса номига қилиб қўйилган, қизлар ташқарида кир ювади, ташқарида кир ёяди, бунга ҳеч қанча харажат кетмайди, бунга эътибор керак, холос.

Ҳали ҳам бизда профессор-ўқитувчилар “устоз отангдек улуғ”, деб масаланинг фақатгина бир томонига эътибор беришади-да, унга фарзанддек меҳр қўйишни ўйлаб кўрмаяпти. Агар шу муносабатни шакллантирсак, мана бундай ҳолатлар тўғри, тақдирга боғлиқ-ку, лекин бўлмасди, менимча. Контингент кўпайиб кетди, деб нолийди ректорлар, гуруҳ мураббийларига етарлича ҳақ бериб ишни талаб қилса бўлади-ку.

Мен буларнинг ҳаммасини тартибга соламан. Агар қайси ОТМ гуруҳ мураббийига пул топиб беролмайдиган бўлса, вазирлик фондидан биз пул берамиз. У пулини олиб ишлаши керак бўлади», – дея таъкидлади Абдуқодир Тошқулов.

Мавзуга оид