Light | 07:50 / 02.03.2021
125025
3 дақиқада ўқилади

VIP сўзининг асл маъносини биласизми?

VIP («Вип») атамаси тилимизга шунчалик ўрнашдики, айримлар уни ҳатто ўзбекча сўз деб ўйлашгача борган. Аммо биз тез-тез ва алоҳида урғу қўйиб ишлатадиган бу сўз аслида аббревиатура эканини, асл маъноси ҳам бошқачароқ эканидан кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак.

Фото: Dreamstime

VIP сўзининг ҳаётимизга шитоб билан кириб келиш даврини уяли алоқа тизимининг дастлабки қадамлари, Ўзбекистондаги илк «сотка»лар даврига боғлаш мумкин. Бу матоҳ ҳар кимда ҳам йўқ, боридан ҳам фойдаланиш хизмати жуда қиммат эди.

Кимда уяли телефон бўлса, у обрўли одам бўлган даврлар. Аммо шу бахтлилар орасида ҳам бир тоифа борки, улар алоқа компаниясининг энг қиммат ва ҳамма хизматларни жамлаган, бир сўз билан айтганда суҳбатда чекловни йўқ қилган «VIP» тарифидан фойдаланадилар.

«VIP»чиларнинг обрўси алоқа компанияси олдида ҳам баланд – уларга алоҳида эътибор қилинади, мўмай даромад берувчи яхлит мижоз-да. Таниш-билишлар эса «фалончининг телефони «VIP» деб алқашади.

Аста-секин алоқа нархлари арзонлашди. «VIP» тарифига ҳам ҳожат қолмади. Аммо бу пайтга келиб, ўзбекча сўзлашувга чуқур кириб улгурган бу атама билан кўз ўнгимизда маъно кўчиши рўй берди.

Энди биз учун «VIP» – мўл-кўлчиликни, бемалолчиликни, ўйланмай фойдаланаверишни, хотиржамликни ва умуман «ҳаммаси тўланган» деган тушунчани англата бошлади. Тўйхона «VIP», машина «VIP», ошхона «VIP», стадион «VIP»...

Қисқа қилиб айтганда, ҳашамдор меҳмонхоналардаги русчасига «Всё включено» (инглизча all inclusive) атамасини биз «VIP» дея ифодалай бошладик.

Хўш, бу дабдаба уфуриб турадиган «VIP» атамаси нимани англатади?

Инглизчасига Very Important Person ёки VIP аббревиатураси «жуда муҳим шахс», «раҳбар», «юқори мартабали шахс», «бадавлат корчалон» каби маъноларни англатиб, ўзига хос имтиёзлардан фойдаланувчи инсонларга нисбатан ишлатилади.

Руслар бу сўзни ўзларига мослаб – «Весьма именитая персона» (ВИП) шаклида ҳам ишлатишади.

Бу атама дастлаб 1940 йилларда Буюк Британия авиациясида ўзига хос эътибор ва хизматларни талаб қилувчи йўловчиларга нисбатан қўллана бошлаган. Тез орада атама бошқа соҳаларга ҳам ўтиб, у орқали шоу-бизнес вакилларига, сиёсатчилар, йирик харидорларга ва умуман бадавлат ҳамда таниқли шахсларга таъриф берилган ҳамда улар алоҳида имтиёзлардан фойдаланишини англатган.

Қисқа қилиб айтганда, бу сўз (аниқроғи аббревиатура) аслидаги маъносига кўра кўпчилик ўйлаганидай маълум бир хизмат тури, вазият ёки алоҳида эътиборни эмас, шунга лойиқ кўрилган шахсни англатади.

Мавзуга оид