Қибрайда икки гектар ерни 1 млн долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қибрай туманидаги «Тузель» массивида жойлашган 2 гектар ерни 1 миллион долларга сотмоқчи бўлган хусусий тадбиркор қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.
Терговга қадар текширув давомида ушбу тадбиркор мунтазам равишда ноқонуний ер олди-сотдиси билан шуғулланиб келгани аниқланган.
Фирибгар келишилган пулнинг 10 минг долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, «Навоий савдо» АЖ раҳбари мазкур жамиятга тегишли 1 гектар ерни акциядорларни хабардор қилмасдан ноқонуний равишда 29,7 минг долларга сотишга урингани аниқланди. У Навоий вилояти ДХХ бошқармаси ва Департамент ходимлари томонидан аванс сифатида 50 миллион сўм ва 1,5 минг АҚШ долларини олаётганида қўлга олинган.
Ўзбек давлат ер тузиш илмий-лойиҳалаш институти Андижон вилояти филиали ходими шоличилик билан шуғулланиш учун Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги захирасидан 8 гектар ерни юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ажратиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 10,4 минг доллар талаб қилган. У сўралган пулдан 1000 долларини олган вақтда ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ушланган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасида Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари доирасида мазкур ноқонуний ҳолатларга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Аввалроқ Андижонда ўзига тегишли бўлмаган 1 гектар ерни 45 минг долларга сотмоқчи бўлган мансабдор ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Мавзуга оид
16:01 / 28.10.2024
Қибрайда бепул тиббий кўрик учун ўқитувчилардан пул олинаётгани айтилмоқда
19:56 / 15.10.2024
Қадимий олтин тангаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди
13:37 / 01.10.2024
Тошкент вилоятида “Жигули” ёниб кетди
11:30 / 01.10.2024