Жамият | 10:36 / 04.03.2021
11612
2 дақиқада ўқилади

Ғозғон шаҳрида ишловчи ходимларнинг иш ҳақига туман коэффициенти бўйича устама тўланмаётгани маълум бўлди

Навоий вилояти Ғозғон шаҳрида ишловчи ходимларнинг иш ҳақига туман коэффициенти қўшиб ҳисобланмаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда ҳудудда яшовчи фуқаролар вилоят маъмурий суди ҳамда Адлия бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган сайёр қабулда мурожаат қилишган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш, Ғозғонни вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги (!) СҚ-419-III-сон қарорига мувофиқ Навоий вилояти бўйсунувидаги Ғозғон шаҳри ташкил этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги «Меҳнат бозорида меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 743-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, Туман коэффициентлари, шунингдек, йиллик қўшимча таътилнинг энг кам муддати қўлланадиган табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойлар рўйхати тасдиқланган. Мазкур рўйхатга Навоий вилоятининг барча туман ва шаҳарлари (Ғозғондан ташқари) киритилган.

Унга кўра, Навоий вилоятида ишловчи ходимлар иш ҳақига туман коэффициентлари бўйича тегишли миқдорларда устама ва қўшимча меҳнат таътили кунлари белгиланган.

Масаланинг аҳамиятли жиҳати шундаки, Ғозғон шаҳри меҳнаткашларига Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Навоий вилояти таркибида Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 584-сон қарори қабул қилингунига қадар Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарорига асосан туман коэффициенти бўйича устамалари тўлаб келинган.

Навоий вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлимининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Навоий вилоят маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳукуматнинг тегишли қарорига қўшимча киритиш ҳақида таклиф юборилган.

Kun.uz Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан Ғозғон шаҳрида ишловчи ходимларнинг манфаатларини назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш ва ҳукуматга киритишда ташаббус кўрсатилишини сўраб қолади.

Дилшод Абдуқодиров

Руслан Сабуров

Мавзуга оид