Иқтисодиёт | 15:46 / 04.03.2021
6524
2 дақиқада ўқилади

Nike вице-президенти ўғлининг бизнеси ҳақидаги можаро ортидан ишдан кетди

Nike Inc компаниясида вице-президент ва Шимолий Америка бўйича бош менежер сифатида ишлаб келган Энн Ҳеберт компаниядан кетганини маълум қилди. У бу лавозимда ўтган йилнинг июнидан бери ишлаб келаётганди ва Nike’нинг ҳудуддаги савдо, маркетинг ва мерчандайзингига жавобгар эди.

У компанияда 25 йилдан ортиқроқ меҳнат қилиб, Шимолий Америка бўйича раҳбар даражасигача кўтарила олганди. Компания бўш қолган лавозимга тезда янги номзод қўйилишини маълум қилган.

Унинг истеъфоси Bloomberg Businessweek нашри ижрочи директорнинг ўғли кроссовкалар сотиши ва унинг номидаги кредит картасидан фойдаланиши ҳақидаги хабар тарқатиши ортидан рўй берди.

Bloomberg Businessweek’нинг сўнгги сонидаги мақолада Эннинг коллеждан ҳайдалган ўғли Жо Ҳебертнинг кроссовка сотиб юргани ҳақида ёзилганди. Мижозларига ғарбий соҳиллик Жо номи билан танилган йигит кроссовка сотишни мактаб пайтида бошлаган ва ҳозир шу иш ортидан ойига юз минглаб доллар даромад қилади.

Энн Ҳеберт мақола юзасидан электрон почтасига йўлланган саволларга жавоб бермади, лекин Nike вакили собиқ директор ўғлининг бизнеси ҳақида компанияга 2018 йилда ошкор қилганини айтиб ўтди. Компания ўша пайт Ҳеберт «компания сиёсати, конфиденциал маълумот ёки манфаатлар тўқнашуви»га хилоф иш қилмаётганини айтган.

Ҳеберт кетганидан сўнг, Nike матбуот котиби кетиш директорнинг қарори эканини маълум қилди.

Мавзуга оид