Жамият | 21:07 / 04.03.2021
5441
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ССВ вазири: Пандемияга қарши Ўзбекистон тажрибаси ўрганишга арзийди

Ўзбекистонга ташриф буюрган Қозоғистон Республикаси бош вазир ўринбосари Эрали Туғжанов бошчилигидаги делегация аъзолари мамлакатда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишмоқда.

Делегация аъзолари Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида ҳам бўлиб, коронавирусни даволаш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси билан танишишди.

Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасининг умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлиб, 33 гектар майдондаги 2та комплексни ўз ичига олади. Бунда юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари инобатга олинган. Муассаса 4 минг ўринга мўлжалланган. 

Реанимация бўлимларида ҳар бир койка сунъий ўпка вентиляцияси ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланган. Бу бўлимни кардиология, неврология, педиатрия каби турли йўналишлар бўйича жиҳозлаш ҳам мумкин.

Лабораторияда вирусология, биокимё ва иммунология, микробиология, паразитология бўйича энг илғор аппаратлар ўрнатилган. Масалан, амалдаги полимер занжирли реакция ускунаси 5 соатда ўртача 40 кишига ташхис қўйса, бу ердаги замонавий жиҳозлар 2 соатда 90та намунани аниқлаш имкониятига эга. Экспресс-тест усулида қондаги антитаначаларни 10 дақиқада аниқлаш имкони яратилган. 

Шунингдек, қабул-диагностика бўлимида  мультиспирал компьютер ва магнит резонанс томография, рақамли рентген ҳамда замонавий ультратовуш диагностикасини бир вақтнинг ўзида бажариш мумкин.

«Ўзбекистоннинг қисқа фурсатларда шундай улкан мажмуанинг барпо этгани мамлакатнинг салоҳиятидан дарак беради, албатта. Пандемияга қарши Ўзбекистон тажрибаси ўрганишга арзийди. Айниқса, давлатларимиз орасида бу борадаги ҳамкорлик кўпроқ самара беради, деб ўйлаймиз. Чунки бир минтақада яшаётган, иқлим шароитлари, яшаш тарзи бир-бирига яқин бўлган аҳоли орасида вируснинг тарқалиш табиати ҳам бир-бирига яқин бўлиши кузатилади», деган Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой. 

Шунингдек, Қозоғистон делегацияси Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига ташрифдан сўнг Ўзбекистондаги фармацевтика корхоналари фаолияти билан ҳам танишган. 

Мавзуга оид