Жамият | 17:28 / 04.03.2021
24508
11 дақиқада ўқилади

«Сомсахонага учраб, дўкон керак дейсиз...» - Андижон шаҳрида ҳоким қарори билан ажратилган ер майдонлари бўлиб-бўлиб сотилганми?

Ер сотиш синдроми. Бу ибора кўпчиликка, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва бошқа мутасадди ташкилотларга яхши таниш. Telegram’даги Muxbir Daliyev каналида бу мавзуда қатор постлар эълон қилинди.

Блогер постларидан бирида шаҳар ҳокими қарори билан ажратилган катта ер майдони бўлиб-бўлиб сотилгани ҳақида ёзади.

«Андижон шаҳар, «Сафоий» МФЙ ҳудудидаги Айланма ҳалқа йўли бўйида жойлашган 2 327 кв.м. ер майдони Андижон шаҳар ҳокимининг 18.05.2020 йилдаги 240-Қ сонли қарорига асосан фуқаро И.О.га президентнинг 27.07.2018 йилдаги «Ёшлар келажагимиз Давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5466-сонли фармонига асосан маиший хизмат кўрсатиш ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш биноси қуриш учун тўғридан тўғри ажратиб берилган.

 Кейинчалик мазкур ер майдонлари 500 кв. метрдан бўлинган ҳолда, Телеграм ижтимоий тармоғида 15.000 АҚШ долларидан сотилиши тўғрисида эълон қўйилган.

Бу нағмаларнинг ортида ким турибди?

 Бутун мамлакатимизда ер ажратиш фақат аукцион орқали белгиланганига, мана, икки йилдан ортиқ вақт ўтди.

 Бироқ, келаётган маълумотларга кўра, фақат Андижон шаҳрида ер ажратилишининг ноанъанавий услублари яратилмоқда», дейилади хабарда.

Блогер навбатдаги мурожаатида янада қизиқроқ маълумотни эълон қилади.

 «Бу галги мурожаатимиз Андижон шаҳар Мустақиллик шоҳкўчасида жойлашган дўконлар мажмуаси тўғрисида.

Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровнинг 2020 йил 24 феврал кунги №111-Қ сонли қарорига асосан, фуқаро Муҳаммадсодиқ Умаровга Андижон шаҳар «Ҳунарманд» МФЙ Мустақиллик шоҳкўчаси бўйидан 780 кв.м. ер майдони «Ёшлар келажагимиз Давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-5466-сонли фармонига биноан «Ёшлар меҳнат гузари» қуриш учун ажратиб берилган.

 Демак, ушбу дўконлар ўрнида аслида «Ёшлар гузари» бўлиши керак эди. Ва ҳунарманд ёшлар ушбу манзилда ўз иш фаолиятини давом эттириши ва ривожланиши керак эди. Аммо бунинг ўрнига бугунги кунда 30та савдо дўконлари қурилиб, ҳар бири кўча баҳосида 15 000 АҚШ долларидан сотилмоқда...

... Қандай топамиз дейсизми? Ўша дўконлар қаторида «Сомсахона» бор. «Сомсахона»га учраб, «дўкон керак эди» десангиз бўлди. Сизни улар топишади...», дейилган хабарда.

Бундан ташқари, саҳифада Андижон шаҳар 3-кичик даҳа ҳудудидан ўтиши режалаштирилган, шунингдек, Андижон шаҳар Наврўз мажмуасининг қаршисидаги MACRO супермаркети ён қисмидаги лойиҳавий йўл ўрни бўлган ер майдони ҳам сотилгани хусусида хабарлар эълон қилинди.

Муаллиф ўз мурожаатларида Бош прокуратура, вилоят прокуратураси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Кадастр агентлиги ҳамда Қурилиш вазирлигидан расмий муносабатлар кутишини таъкидлаб ўтган. Бироқ, блогернинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозирча ҳеч бир идорадан тайинли жавоб олмаган.

Kun.uz ўндан ортиқ постдан 4таси бўйича Андижон шаҳар прокуратураси ҳамда Ер ресурслари ва кадастр бўлими мутасаддиларидан изоҳ олди.

Жумладан, Андижон шаҳри прокурори ўринбосари Баҳром Усманов ижтимоий тармоқда эълон қилинган хабарлар юзасидан идоралараро суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирди.

Баҳром Усманов

 «Ижтимоий тармоқларда «ер сотиш синдроми» туркумида қатор мақолалар эълон қилинди. Шу муносабат билан шаҳар прокуратураси томонидан соҳа мутахассислари жалб қилинган ҳолда ишчи гуруҳ тузилиб, ҳар бир ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича прокурор назорати таъминланади ва қонуний тўхтамга келиш чоралари кўрилади. Ҳозирда ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда», дейди Баҳром Усманов.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимлик томонидан чиқарилган фармойиш ёки қарорларда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган бўлса, уларнинг устидан протест келтириш ёки бошқа соҳа мутахассислари томонидан қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган бўлса, интизомий ёки бошқа қонуний чоралар кўриш масалалари таъминланади.

Кадастрлар палатаси Андижон вилояти бошқармаси, Андижон шаҳар филиали ер тузиш бўлим бошлиғи Фаёзиддин Минҳожиев ҳам айрим саволларга жавоб берди.

Фаёзиддин Минҳожиев

«Бугунги кунда «Мухбир Далиев»нинг «Ер сотиш синдроми» туркумидан жой олган ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотлар мутахассислари билан ўрганиб бўлинди. Тез кунда хулосалар берилади», деди мутасадди.

У дастлабки хулосаларни маълум қилди.  

«Ер сотиб юборилиши ҳақида гапирсак, кимгадир ҳадя қилиш ёки ерни сотиб юбориш ҳолатлари бўлмаган. Кадастр ҳужжатлари ўзининг номида расмийлаштирилиб тургани аниқланди. Яъни иккита ҳолатда фуқаролар томонидан ерни кимгадир расмийлаштириб бериш ёки ҳадя қилиш аниқланмаган», деди Минҳожиев.

У ер сотишда Кадастрнинг собиқ ходимлари ҳам аралашгани бўйича ҳам тез орада атрофлича маълумот тақдим этилишини қўшимча қилди.

Бўлим бошлиғи, шунингдек, «Ер сотиш синдроми» туркумида эълон қилинган айрим хабарларда қайд этилган маълумотлар юзасидан кадастр филиалида мавжуд ҳужжатларни тақдим этди ва улар юзасидан изоҳлар берди. Дастлаб, Бобур шоҳкўчаси ва лойиҳавий Машраб кўчалари кесишмасидаги маиший хизмат кўрсатиш ва автомобиллар ювиш шохобчасига ажратилган ер ҳақида маълумот берилди.

«Андижон шаҳар ҳокимининг тегишли фармойишига асосан, «Nano Farm Said» МЧЖга 700 кв.м. ер майдони автомобилларга маиший хизмат кўрсатиш ва автомобилларни ювиш шохобчасини вақтинчалик ташкил этиши учун ажратиб берилган. Фармойишнинг 2-бандида белгиланганки, шаҳар бош режасига мувофиқ, бу ерда йўл тушиши лойиҳалаштирилган, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун керак бўлганда ҳокимиятнинг илк талаби билан тадбиркор ҳисобидан бўшатиб берилиши белгиланган», деди бўлим бошлиғи.

 У Андижон шаҳар «Ҳунарманд» МФЙ, Мустақиллик шоҳкўчаси Ёшлар меҳнат гузаридаги бинолар сотилишига доир хабар ҳам ўрганилганини айтди.

«Бу ерда ҳеч қандай ер ёки дўконни фуқарога ёхуд бошқа шахсга сотиш ҳолати аниқланмаган. Ҳозирда унга Давлат хизматлари агентлиги томонидан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилаётгани маълум бўлди. Якуни бўйича тўлиқ маълумот берилади», дейди Минҳожиев.

Унинг сўзларига кўра, «Ёшлар меҳнат гузари»да чеварчилик, тикувчилик, сартарошхона, дўконлар фаолияти йўлга қўйилиши, уларда ёшлар меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари керак эди.

Ўрганишлар чоғида ушбу манзилларга бордик ва геожойлашувни харитамизга муҳрладик. Биз манзилларга чиқиб, ўрганиш чоғида шаҳар Архитектура ва қурилиш бўлими мутасаддилари ҳам бўлишини қанчалик истамайлик, улар бизга ҳамроҳлик қилмасликни, саволларимизга жавоб бермасликни маъқул кўришди.

Давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган «Ёшлар меҳнат гузари»га борганимизда айрим дўконлар ишлаётгани, бошқалари бўш турганига ҳам гувоҳ бўлдик. Айни дастур билан «Сафоий» МФЙда берилган ер майдонида ҳозирча бирорта қурилиш ишлари бошланмаган.

Шу ўринда, шаҳар ҳокимининг «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида чиқарилган 2та қароридан бирига Ёшлар иттифоқи Андижон вилоят Кенгашининг хати ҳам асос сифатида келтирилган бўлса, иккинчисида бундай хат назарда тутилмаган.

Бу хусусда Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашидан изоҳ сўралди. Бўлим бошлиғи Азиз Казаковнинг Kun.uz’га маълум қилишича, «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури доирасида ер участкаларини ажратиш учун Ёшлар иттифоқи хати талаб қилинмайди. Ер ажратиш учун зарурий ҳужжатлар тақдим этилса, истисно тариқасида ер ажратиш ваколати туман ёки шаҳар ҳокимларига берилган.

Блогернинг Андижон шаҳридан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратилгани билан боғлиқ хабарига кадастр филиали томонидан тақдим этилган ҳужжатга ҳам диққат қаратишингизни истардик.

Унга кўра, Андижон шаҳар ҳокимининг 2019 йил 24 июлдаги 728-қ сонли қарорининг 12, 13, 14 ва 15-бандларига асосан, 4 нафар фуқарога «Чўлпон 100 йиллиги» МФЙдан 4 сотихдан ер ажратиб берилган. Бироқ, шаҳар ҳокими 2020 йил 3 апрел куни 179-қ сонли қарори билан ўзининг 728-қ-сонли қарорининг тегишли бандларини бекор қилиш бўйича навбатдаги қарорни имзолаган. Бунга шаҳар прокуратурасининг 2020 йил 30 мартдаги протести сабаб бўлган. Шу билан 4 фуқарога ажратилган ер майдонлари туман захирасига қайтарилган.

 Бироқ, ушбу манзилга борганимизда фуқароларнинг бири уй қуриб олгани ва унда кадастр ҳужжатларисиз яшаб келаётгани, иккинчи ер майдонига эса пойдевор қуйилгани, 3- ва 4- ер участкалари устида йўл қурилиб, ундан маҳаллий аҳоли фойдаланиб келаётгани маълум бўлди.

Энди савол туғилади: шаҳар ҳокимининг нотўғри қарори асосида уй қурган фуқаролар кўрган моддий ва маънавий зарар ким томонидан қопланади?

Андижон шаҳар ер тузиш бўлим бошлиғи бу борада ҳам изоҳ берди.

«Бунинг орқасида 4 сотихдан 2та 8 сотих ер бўлган. Прокуратура протестидан кейин бу ердаги қурилишлар ҳаммаси тўхтатилган. Аҳоли фойдаланиши учун йўл ётқизилгани сабабли бугунги 8 сотих ер майдони йўлости ҳудудига кириб кетган. Уйни қуриб бўлган фуқаронинг ҳолати бўйича прокуратура томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда», дейди Фаёзиддин Минҳожиев.

Шу ўринда, масъул идораларнинг ижтимоий тармоқларда чиққан хабарларга муносабат беришга шошилмаётганини алоҳида қайд этиш даркор. Кузатишларимизга кўра, Muxbir Daliyev каналида «Ер сотиш синдроми» мавзусида чиққан хабарларнинг аксарига мутасадди идоралар томонидан аниқ эмас, балки умумий жавоблар берилмоқда.

Шу билан бирга, ПФ-5466-сонли фармон маҳаллий ҳокимларга «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури доирасида ер майдонларини истисно тариқасида ажратиш ҳуқуқини бериши, туман ва шаҳар ҳокимлари ер участкаларини ушбу фармон ижросини таъминлаш важи билан ажратиши кўп кўзга ташланмоқда. Шу муносабат билан, маҳаллий ҳокимликларнинг «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури доирасида ер майдонларини ажратиш борасида «бебилиска» қарор чиқараётгани кейинги суриштирувлар мавзусига айланади.

Мавзуга оид