Жаҳон | 22:48 / 05.03.2021
4797
1 дақиқада ўқилади

Японлар вируслардан ҳимояловчи пластик карта ишлаб чиқишди

Япониялик мутахассислар одамлар хавфсизлигини таъминловчи вирусларга қарши пластик карта ишлаб чиқишди. Карталарда қўлланган вирусларга қарши восита 24 соат давомида уларнинг сиртидаги вирус зарраларини 99 фоиздан кўпроққа камайтиради. 

Фото: Toppan Printing Co., Ltd.

Восита карта тайёрланган материал ичига киритилгани сабабли карта сирти тирналган ёки зарарланган бўлса ҳам вирусларга қарши хусусияти сақланиб қолади.

Картани ишлаб чиққан Toppan компанияси ўз ихтироси учун патент олишга ариза берган.

Вирусларга қарши карталар электрон тўловлар тизимида, тиббий муассасалар ва бошқа соҳаларда қўлланиши кўзда тутилмоқда.

“Бугунги кунда одамлар хавфсизлик ва гигиенани оширувчи ечимларни қидиришмоқда. Бу карталар сиртларда вирусларни камайтириб, буни таъминлашда ёрдам беради”, деб айтган компания ходими Хироши Шимада.

2020 йил декабрда Нобел мукофоти совриндори Константин Новосёлов Шаффхаузен технология институтидаги (Швейцария) ҳамкасблари билан бирга коронавирус, грипп ва бошқа юқумли касалликлар зарраларининг 90 фоизга яқинини ўлдирувчи қоплама ишлаб чиққан.

Мавзуга оид