Иқтисодиёт | 15:26 / 06.03.2021
59727
10 дақиқада ўқилади

ҚҚС зачётини бекор қилиш машмашаси. Таниқли эксперт Солиқ қўмитасига 6та савол билан чиқди

Фото: Kun.uz

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ҚҚС зачётини бекор қилиш масаласида эълон қилинган танқидий чиқишларга жавобан Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) ахборот хизмати ўз сайтида расмий муносабат эълон қилди. Баёнотда муаллифлар номи тилга олинмаган, лекин «қўштирноқ ичидаги экспертлар» дейилган. Яхши, биз «қўштирноқ ичидаги экспертлар» бўла қолайлик.

Энди муносабатнинг мазмун-моҳиятига тўхталамиз. ДСҚ ахборот хизмати ушбуларни таъкидламоқда:

  • ДСҚнинг «ҚҚС тўловидан қочиш «схема»ларига қарши фаол курашиш борасида бошланган» барча ҳаракатлари «мантиқий, изчил, мавжуд солиқ қонунчилиги доирасида» эканлиги, халқаро солиқ маъмурчилигида кенг фойдаланилиши қайд этилган;
  • 500дан ортиқ «шубҳали» фирмалар реестри «64та мезонга асосланган «Хавфларни таҳлил қилиш» автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилгани» қайд этилган;
  • Ўтказилган камерал назорат натижалари ушбу «шубҳали» фирмалар билан ишлаган ҳар бир субъектнинг қалбаки ҳужжатлари ортида товарларни сотиш ёки хизматлар кўрсатиш каби ҳақиқий ҳолатлар мавжуд эмаслигини исботлаган.

Ахборот хизматига саволлар:

1. «Хавфларни таҳлил қилиш» тизими аниқлаган 64та мезоннинг айнан қайсилари «шубҳали» компанияларни «нақдлаштирувчилар» сирасига қўшишни таъминлайди? Аввалроқ эълон қилинган мезонларда «нақдлаштирувчилар» белгисига ўхшаш ҳеч нарса йўқ эди. Ҳозирча мутлақо тушунарсиз ҳолда «шубҳали» ва «нақдлаштирувчи»лар ДСҚ терминологиясида синонимларга айланиб қолди.

2. Нега сохта келишув тузган ва/ёки ҚҚС тўламаган «шубҳали» компанияларга эътирозлар суд тартибида баён этилмаган?

3. Қандай қилиб «камерал назорат» мобайнида 7,5 мингдан ортиқ корхонанинг «шубҳали» компаниялар билан тузилган келишувлари сохта эканлиги аниқланган (яъни ДСҚ ўз шубҳаларини текшириб кўрган ва мўъжиза юз бериб, текширув кутилмаганда ўзларининг ҳақлигини кўрсатган)? Бу уникал услуб эканки, сенсацион ихтироларни қилишга изн берса? Марҳамат қилиб, ўртоқлашинглар.

4. Ахборот хизматининг бир энликкина хабаридан англашиладики, «камерал назорат»га кўра, тадбиркорлар қандайдир «тасдиқловчи ҳужжатлар» тақдим этишлари лозим бўлган. Агар бундай ҳужжатлар тақдим этилмаса, келишув автоматик равишда сохта деб ҳисобланар экан. Мен «камерал назорат»нинг моҳиятини тўғри англадимми ёки нимадир чала айтилдими? Солиқ тўловчилар айнан қандай ҳужжатлар тақдим этишлари керак эди? Қонунчиликнинг қайси меъёрлари бу ҳужжатларга эга бўлиш ва уларни тақдим этиш мажбуриятини юклайди? Илтимос, жавоб беринг.

5. ДСҚ суд қарорисиз, фақатгина «контактсиз текширувлар» асосида тадбиркорларнинг хусусий мулки (пул маблағлари)ни тортиб олиш ва ҳисобрақамларини музлатиш ҳуқуқига эгами? ДСҚ буни қонунчиликнинг қайси меъёрлари асосида қилмоқда?

6. Ҳа, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида солиқ органларига «товарлар (хизматлар) харид қилишда зачёт (ҳисобга олиш) ҳуқуқи қалбаки ёки кўзбўямачилик учун битимлар тузиш натижасида вужудга келганига етарли далиллар мавжуд бўлса, зачётни тўғрилаш ҳуқуқини бекор қилиш» ҳуқуқини берувчи меъёр бор. Лекин, биринчидан, келишувнинг сохта бўлганини аввал исботлаш керак, ҳозирча жазога мубтало бўлган 10 мингта компания бўйича исботлар келтирилгани йўқ. Иккинчидан, ҳурматли ДСҚ, қўлингизни кўксингизга қўйиб жавоб беринг-чи, тўланган солиқ бўйича зачётнинг бекор қилиниши (меъёрда солиқ тўланмагани ҳақида гап йўқ) ҚҚС ишлаш принципига зид эмасми? Агар солиқ тўланган бўлса, у нега яна тўланиши керак? Ҳуқуқнинг бундай қўлланилиши ҚҚС тўлаш тизимини барбод этишини тушунмайсизларми? Нега сизлар бундай зарар етказувчи меъёрни бекор қилиш ёки уни қўлламаслик ташаббуси билан чиқмайсизлар? (Уни қўллаш ДСҚнинг ҳуқуқи, мажбурияти эмас). Илтимос, солиқ тизимимиз ўтирган шохни кесманглар, уни вайрон қилманглар!

Ёзганларимга қўшимча равишда ўқувчимиз Николай Сергеевнинг 17 февралдаги шарҳини келтираман:

«ДСҚ хатти-ҳаракатлари кишини ғазаблантирмоқда. Бир йил муқаддам бизнинг корхонамиз ҳам ДСҚ томонидан «ёмон» деб топилган қандайдир етказиб берувчи билан тузилган келишув бўйича ҚҚС суммасини тан олмаслик ҳақида шундай билдиришнома олган эди. Ўшанда ҳам ҳозиргидек Солиқ кодексининг 15- ва 266-моддаларига ҳавола қилинган эди. Бунга жавобан биз кенг тушунтириш ёзиб берган эдик, лекин тушунтиришимиздан бирор ҳарф инобатга олингани йўқ.

Энди воқеа айнан такрорланмоқда. Севимли ДСҚ учун Солиқ кодексининг 15- ва 266-моддаларини тушунтириб ўтмоқчиман.

1. 15-моддада «лозим даражада эҳтиёткорлик» ҳақида сўз боради. Унда қуйидагилар тилга олинган (сўзма-сўз эмас, моҳиятан):

Биринчи хатбоши — солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши шарт. Тўғри кўрсатма.

Иккинчи хатбоши — агар етказиб берувчи «ёмон» бўлиб чиқса ва олдингиздаги «ўз мажбуриятларини бажармасдан», қўпол қилиб айтганда, сизни «ухлатиб» кетган (яъни пулни олиб, товарни бермаган) бўлса, бу сизнинг муаммонгиз, бу алфозда йўқотган пулларингиз солиқ солиш базасини камайтиришга хизмат қилмайди. Мутлақо адолатли шарт.

Учинчи хатбоши — айнан ДСҚ солиқ тўловчиларнинг статуслари ҳақидаги расмий ахборот билан таъминлаши керак.

Чиндан ҳам, my.soliq.uz сайтида ҳар қандай корхонанинг статусини текшириб кўриш мумкин бўлган саҳифа бор. Қулай ва фойдали функция. Зўр! Лекин!

«Яхши эмас» деб топилган етказиб берувчи бизни ухлатмади, шартнома бўйича мажбуриятларини бажарди, биз товарни тўлиқ қабул қилиб олдик. Келишув амалга оширилаётган чоғда ДСҚ сайтида бу етказиб берувчи «яхши» ҚҚС тўловчилар сафида бўлган. Фақат биз билан келишув амалга ошганидан бир ой ўтиб «ёмон»лар сафига қўшилган.

Бу my.soliq.uz порталида яққол кўриниб турибди — у ерда ҚҚС тўловчининг статус олган санаси ва бу статуснинг тугаш санаси ҳам кўрсатилган.

Бинобарин, ДСҚ мутлақо қийналмасдан, ўзида мавжуд маълумотларга асосланиб, ўзи учун «шубҳали» деб топилган корхоналар бўйича, улар расман ҚҚС тўловчиси статусига эга бўлган давр учун келишувларни фильтрлаб олиши мумкин (тўғрироғи, мажбур!)

Ва ДСҚ уларнинг «нормал» ишлаб турган давридаги келишувлар учун ҚҚС бўйича эътирозлар билдиришга ҳақли эмас. Чунки Солиқ кодексининг 15-моддасига кўра, бизнинг «лозим даражада эҳтиёткорлигимиз» учун барчамизни ахборот билан таъминлаш — ДСҚнинг мажбурияти.

Шундай қилиб, СКнинг 15-моддаси келишув амалга оширилган даврда ДСҚ расмий порталида ҚҚС тўловчиси статусига эга бўлган корхоналар билан амалга оширилган келишувлар бўйича ҚҚС зачётини рад этиш учун асло асос бўла олмайди. Ҳеч қанақасига! Лекин ҚҚС зачётини рад этиш бўйича эътирознинг стандарт матнида 15-модда асос сифатида кўрсатиб ўтилган.

2. 266-модда — унинг сўнгги хатбошисида оддий ва тушунарли қилиб ёзиб қўйилган: «Агар ҳисобга олиш (зачёт) ҳуқуқи товарларни (хизматларни) олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим натижасида вужудга келганлигига оид далиллар мавжуд бўлса, солиқ органлари ҳисобга олишни бекор қилишни ёки унга тузатишни амалга оширишга ҳақли».

Диққат билан ўқиймиз — ҚАЛБАКИ ЁКИ КЎЗБЎЯМАЧИЛИК УЧУН ТУЗИЛГАН БИТИМ натижасида вужудга келганлигига оид ДАЛИЛЛАР МАВЖУД БЎЛСА!

Бошқаларни билмадим, лекин бизда келувчи абсолют реал (кейинчалик ишлаб чиқариш мақсадида бутловчи қисмлар харид қилиш), товарлар барча ҳужжатлари билан реал етказиб берилган, келишув амалга оширилаётган чоғда етказиб берувчи ҚҚС тўловчиси статусига эга бўлган.

Бизга бу битим қалбаки бўлгани ҳақида бирорта исбот тақдим этинглар! Биз ҚҚСни етказиб тўлаш бўйича ўтган йилги тушунтиришимизда айнан шуни талаб қилган эдик — ўшанда бизни ҳеч ким эшитмади ҳам, жавоб ҳам бермади. Энди ҳаммаси бошқатдан бошланяпти...

Ҳурматли ДСҚ, ўзларингнинг «дастуриламалларинг» — Солиқ кодексини яхшилаб ўқинглар. Уни диққат билан ўқиб, сизларга бу кодекс билан нималар буюрилган бўлса, ўшангагина риоя қилинглар. У ерда ёзилмаган нарсаларга жимжимадор талқинларингни тўқиб чиқарманглар.

Фактлар ва қатъий таассуфларга кўра, ДСҚ солиқ жиноятларини суриштириш (албатта, улар бор, уларни аниқлаш ва уларга қарши курашиш шарт) асносида ўзининг мутлақо заиф эканлигини намойиш этиб қўйди.

«Обналчилар» баландпарвоз термини остига беркиниб ДСҚ уларни эмас, виждонли харидорларни дабдала қилмоқда. Агар ўша «обналчи» дейилаётганлардан кимдир бюджетга ҚҚС тўламаган бўлса — ўшалардан ундиринглар. Боз устига, Солиқ кодексининг 13- ва 14-бобларида «солиқлар тўловини таъминлаш» жараёнлари акс эттирилган.

Бизнинг ДСБ ва ДСҚга шахсий кабинет ҳамда кирувчи ва чиқувчи электрон ҳисоб-фактуралар реестрининг хато ишлаётгани, бу реестрларда айрим божхона ҳужжатлари акс эттирилмаётгани, электрон ҳисоб-фактураларини қайта ишлаш жараёни (орадан ярим йил ўтиб!) Вазирлар Маҳкамасининг 489-қарори бандларига мос келмаётгани ҳақидаги кўплаб мурожаатларимиз ва ҳ.к.лар ҳақида бу ерда ёзиб ўтирмайман.

Чунки, таассуфлар бўлсинки, ушбу мурожаатларга ҳанузгача тушунарли реакция билдирилгани йўқ».

Юлий Юсупов,
Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази (CED) директори

Мавзуга оид