«Турмуш масаласига юзаки қараманг». Президент ёшларга мурожаат қилди
Бугун, 6 март куни пойтахтдаги “Конгресс-ҳолл”да 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтяпти ва унда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Kun.uz мухбири хабарига кўра, президент ўз нутқини аёлларни табриклашдан бошлади ва шундай деди:
“Жорий йилда турмуш шароити оғир бўлган аёллар ҳамда ёлғиз онаси қарамоғида ўсган қизларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида бюджетдан 200 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилади.
Бошпанаси бўлмаган аёлларни ижара асосида “ижтимоий уй-жойлар” билан таъминлаш учун яна 211 миллиард сўм йўналтирамиз. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга моддий ёрдам бериш ва малакали тиббий ёрдамга муҳтож аёлларни даволашга қўшимча 110 миллиард сўм берилади.
Шу билан бирга, аёллар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қўшимча 600 миллиард сўм ажратилади.
Яна бир муҳим масала. Кейинги пайтда оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича самарали иш олиб борилмоқда. Буни ажралиш ёқасига келиб қолган, 23 мингга яқин оила яраштирилгани, ажримлар сони 3 мингдан зиёдга камайгани ҳам кўрсатиб турибди.
Лекин аччиқ бир ҳақиқатни тан олишимиз керак. Бу рақамлар ҳамон юқори бўлиб қолмоқда. Ўтган йили 28 мингдан зиёд оила ажралиб кетгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Албатта, барчамизнинг истагимиз, тилагимиз битта: қани эди, юртимизда ажрим деган нохуш ҳолатнинг ўзи бўлмаса, оилалар пароканда, болалар тирик етим бўлиб, сарсон-саргардон бўлмаса... Мен бир фикрни қайта-қайта айтишдан чарчамайман. Оила – бу меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор. Оилавий бахт бу – энг улуғ саодатдир.Мен йигит-қизларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: турмуш қуришга, оилага, фарзанд тақдирига ниҳоятда чуқур масъулият билан қаранг. Бу масалага юзаки ёндашиб, ҳам ўзингиз, ҳам ўзга бир инсон ҳаётини хавф остига қўйманг. Мен бу борада кўпни кўрган маҳалла фаоллари, муҳтарам кайвонилар, маънавиятимиз ва динимиз фидойилари, ўз тенгдошларига ибрат бўлиб келаётган ёшларимиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қиладилар, деб ишонаман” – деди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
16:16 / 24.12.2024
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
09:27 / 24.12.2024
Шавкат Мирзиёев Россияга ташриф буюради
20:43 / 23.12.2024
Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади
13:58 / 20.12.2024