Жамият | 14:30 / 07.03.2021
14246
5 дақиқада ўқилади

Ташхислашдан дориларгача бепул, лекин беморлар нега пулга муҳтож? Онкогематология мутахассиси билан суҳбат

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий маркази директори Абдураҳмон Қаюмов Kun.uz билан суҳбатда онкогематологик касалликларни даволаш бепул бўлса-да, беморлар маблағга зарурат сезиши, онкопсихология хизматига эҳтиёж, қоннинг ўсма касалликларидан тузалиш кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди.

Республика ихтисослаштирилган гематология маркази 1941 йилдан бери илмий-текшириш институти мақомида фаолият кўрсатиб келган, 2020 йил феврал ойида илмий-амалий марказга айлантирилган. Марказ республикада гематологик хизматни шакллантириш, ҳудудлар ва марказда методик ёрдам бериш, даволаш протоколлари, ташхис стандартларини ишлаб чиқиш каби вазифалар билан шуғулланади. Марказ филиаллари вилоят кўп тармоқли касалхоналар қошида катталар гематология бўлимлари ҳамда вилоят кўп тармоқли болалар шифохоналарида болалар гематология бўлимлари сифатида фаолият юритади.

Марказ директори Абдураҳмон Қаюмов Kun.uz билан суҳбатда онкогематологик (қоннинг ўсма/саратон хасталиклари) касалликларни даволаш бепул бўлса-да, беморлар маблағга зарурат сезиши, онкопсихология хизматига эҳтиёж, қоннинг ўсма касалликларидан тузалиш кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди.

«Болалар мурожаатларининг 20-25 фоизи оққон касалликлари»

Республика ихтисослаштирилган гематология маркази 260та ётоқ жойга эга бўлиб, улардан 105таси болаларга, қолгани катталарга мослаштирилган. Ҳудудлар кесимида 405га яқин болалар учун ва худди шунча катталар учун койка ўринлари мавжуд.

Йил давомида республика бўйича марказ поликлиникаларига 60 минг атрофида мурожаат бўлиб, улардан 20-30 фоизи болалар билан боғлиқдир. Хусусан, болаларнинг тиббий ҳолати бўйича қилинган мурожаатларда ташхис қўйилиб, таҳлиллар ўтказилганда умумий нисбатнинг 20-25 фоизи оққон касалликлари экани аён бўлади.

Қандай даво турлари қўлланмоқда?

Ҳозиргача фанда маълум бўлган қоннинг ўсма касалликларини даволаш бўйича дунё протоколлари мавжуд. Ўзбекистонда ҳам уларнинг даволашга  маблағ, дори воситалари ажратилган. Шунингдек, ажратилаётган пул маблағлари йилдан йилга кўпайтириб борилмоқда. Хусусан, яқинда ҳужайра  даражасида ташхислашни йўлга қўйиш учун 200 минг доллар қийматида ускуна ва реагентлар харид қилинди. Кимётерапия амалиётлари учун 48 турдаги кимёвий препаратлар ҳам харид қилинган. Суяк ўзак ҳужайраларни кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.

Ҳозирда оққон касалликларини даволашда таргет, яъни нишонга олувчи препаратлардан фойдаланилмоқда. Улар жуда қимматбаҳо ва юқори самарадор ҳисобланади. Улар фақатгина касал ҳужайрага таъсир кўрсатади ва соғлом ҳужайраларга зарар етказмайди.

Абдураҳмонов Қаюмов

Барчаси бепул бўлса, нега беморлар даволаниш учун маблағ излашади?

Онкогематологик касалликларни ташхислашдан тортиб, муолажалар ва дори перапаратларигача барчаси бепул амалга оширилади. Шунга қарамай, онкологиядан даволанаётган беморларнинг моддий кўмак сўраб мурожаат қилишларини кўп кузатамиз. Онкогематологик касалликларнинг бошқа хасталиклардан фарқи уларнинг даврий даволанишидир. Бемор 2-2,5 йил давомида 6-10 марта кимётерапия олади.

Гап шундаки, кимётерапия фақатгина ўсма ҳужайраларига эмас, балки бошқа органларнинг соғлом ҳужайраларига ҳам таъсир кўрсатади. Шу боис, бемор кимётерапия билан параллел равишда бошқа ёндош терапияларни ҳам олишига тўғри келади. Юрак, жигар ва бошқа органларни мустаҳкамловчи муолажалар ўтказилади, вирус ёки микроб юқмаслиги учун эҳтиёт чоралари кўрилади, қон маҳсулотлари (плазма, тромбоцитлар) юборишга тўғри келади. Яъни онкогематологик касалликларни даволаш бир қанча йўналишларда амалга оширилади. Шунинг учун ҳам бемор молиявий қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезиши мумкин.

Нафақат ривожланаётган, балки ривожланган давлатларда ҳам онкология ташхиси қўйилган беморларни даволашга катта маблағ талаб этилади ва бу сахий инсонлар, ҳомийлик маблағлари ёрдамида амалга оширилади.

«Болаларда тузалиш кўрсаткичи катталарникидан юқорироқ»

Онкогематологик касалликлардан тузалиш кўрсаткичи катталар ва болаларда турлича. Болалар ўткир лимфобласт лейкоз касалликларида 70-90 фоизгача тузалиш кузатилмоқда.

Катталарда эса тузалиш нисбатан секинроқ кечгани, уларда қўшимча касалликларнинг ҳам мавжуд бўлиши ҳисобига бу кўрсаткич нисбатан камроқ, яъни 50-60 фоизни ташкил қилади.  

«Оққон фақатгина гематолог ва онколог даволайдиган касаллик эмас»

Онкогематологик касаллик ташхиси қўйилган бемор ва унинг яқинлари кайфиятида ўзгариш, тушкунлик пайдо бўлади. Шунинг учун бунда фақатгина касалликни даволовчи онколог ва гематолог шифокорларнинг эмас, бошқа мутахассисларнинг ҳам ёрдамига зарурат пайдо бўлади.  

Ҳозирда бундай беморларни қўллаб-қувватлаш учун нодавлат ташкилотлар, кўнгилли гуруҳлар концертлар, тўгараклар ташкил қилиш орқали ёрдам кўрсатишади. Аммо беморнинг ўз тузалишига ишончини мустаҳкамлаш учун жуда зарур бўлган профессионол психологик хизмат йўлга қўйилмаган. Бу борадаги тадбирларни янада кучайтириш лозим. Бемор фақатгина ўз хасталиги ҳақида ўйламаслиги, руҳий тушкунликдан чиқиши учун керакли мутахассисларни жалб қилиш керак. Бу жуда муҳим. Аммо ҳозир бу вазифа волонтёрлик гуруҳлари ва нодавлат ташкилотлар ёрдамигагина асосланиб қолган.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.
Тасвирчи: Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид