«Осмонда юлдуз кўра олмайдиган даражага бориб қолмайлик» — Экоқўмита раҳбарлари билан катта суҳбат
Экология – қанчалик долзарблигини биз доим ҳам тўла англайвермайдиган масала. Аммо бунинг тасдиғини кўриш учун бугун узоққа бориш шарт эмас.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси – Ўзбекистон ҳавоси, суви, тупроғи тозалиги ва бунинг учун қабул қилинган меъёрларга ҳамманинг амал қилишини таъминлаш учун жавобгар ва ваколатли орган.
Шу туфайли ҳам фаол жамоатчиликда ушбу органга саволлар талайгина.
Kun.uz соҳадаги кўплаб муаммоли масалалар юзасидан қўмита раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов ва бошқа мутасаддилар иштирокида катта интервью ташкил этди.
«Агар ўзимни табиатга бефарқ тадбиркор деб олсам, унда ўзим атмосферага чиқинди чиқаряпман, ўзим оқова сувларга кимёвий заҳарларни оқизяпман, ўзим чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаяпман. Кейин эса аптекага бориб, болаларимга дори оляпман. Табиатни ўзим заҳарлаб, энди ўзим даволаняпман...» – дея айрим тадбиркорлар ҳолатини тасвирлади Исломбек Боқижонов.
«Биз экологияга зарар етказаётган корхоналарга нисбатан кескин чоралар кўриб, суд орқали фаолиятини тўхтатиб қўя оламиз. Масалан, бир корхона бир кун ишламаса, унинг 300 ёки 500 нафар ишчисининг уйида қозони қайнамайди. Бу томонини ҳам ўйлашимиз керак-да.
Шунинг учун биз кескин чоралар қўллашдан олдин босқичма-босқич шароит яратишимиз керак. Ўзимизда айб бўлган, ўша корхона очилаётган пайтда биз шуни талаб қилмаганмиз. Агар бошида қаттиқроқ турсак эди, у корхона ҳали иш бошламасидан, ўша 500 кишини ишга олмасидан олдин зарур чораларни кўрганда, яъни экологияга зарарни минималлаштирадиган технологияларни жорий этганида, тўғри бўларди. Шу сабабли ҳам биз ҳозир янги очилаётган корхоналарга талаб қўйяпмиз.
Ўзим гувоҳ бўлдим. Тошкент шаҳрининг ўртасида битта катта завод қурган. У заводдан атмосферага чиқинди чиқади, заводнинг шундоқ ёнида эса – аҳоли уйлари. Шунга қарамай бу завод қурилган. Энди уни кўчирамиз десак, фаолиятини тўхтатиб қўямиз десак, у бир неча юз ёки минг кишини иш билан таъминлаган.
Йирик корхоналар триллионлаб солиқ тўлашади, тўғри, лекин солиқ тўлади, давлатга фойда келтирди деган билан атмосферани унутмаслигимиз керак-да.
Шу масалаларга етарлича эътибор берилмагани учун ҳам Хитойдаги кўплаб шаҳарлар аҳолиси ҳозир кечаси осмонда юлдузни кўра олмайди. Биз ҳам ҳаво ифлосланиши сабаб юлдузларни кўра олмайдиган даражага бориб қолмаслигимиз учун ҳозирдан ҳаракат қилишимиз керак. Шу йўлда ҳаракат қиляпмиз ҳам», – дейди Экоқўм раиси ўринбосари.
Бир ярим соат давом этган суҳбат экология соҳасидаги кўплаб муҳим муаммоларни қамраб олди. Унда, хусусан, қуйидаги мавзуларда сўз борди:
- Тошкентдаги маҳаллаларнинг бирида яна ўнлаб дарахтлар кесилди.
- Экология қоидалари бузилгани ҳақида хабар берганларга пул тўланадими?
- Қурилиш чиқиндилари муаммоси қандай ҳал этилади?
- Ҳавони ифлослантираётган, одамларни касал қилаётган заводлар
- «Катталар»га тегишли корхоналарга Экоқўмитанинг кучи етадими?
- «Дунёнинг айрим шаҳарларида ҳаво ифлосланганидан кечалари юлдузни кўриб бўлмайди. Биз ҳам шу даражага бориб қолмайлик»
- Экологияга зарар етказганлик учун жарималар: тушган пуллар нималарга сарфланади?
- «Олмоқчи эдик, фикримиздан қайтдик» — қўмитанинг қимматбаҳо машиналари ҳақида
- Тошкентда канализацияга заҳарли сувларни оқизаётган корхоналар масаласи
- Корхона ўрнатилган тозалаш фильтрларини ишлатяптими-йўқми, бу қандай назорат қилинади? Экологик мониторинг ҳақида
- Ҳавога, сувга, тупроққа зарарли чиқиндилар чиқараётган заводлар: уларни олдиндан огоҳлантирмай текшириш
- «Йилига 200 млн сўм компенсация тўлайдиган корхонани кутилмаганда бориб текширса, 2 миллиард сўм тўлайдиган қилиб чиқарса бўлади»
- «Экологияга зарар етказаётган ҳам, аптекага бориб болаларимизга дори олаётган ҳам ўзимиз»
- Қурилиш бўлаётган боғларда (Миллий боғ, «Ғафур Ғулом» ва бошқалар) дарахтлар хатловдан ўтказилган. Хўш, кейин-чи? Хатловга олинган дарахт ҳозир соғ-омон ўз жойида турганига кафолат борми?
- Мораторий: Ноқонуний кесилган 1та дарахт ўрнига 100тасини экиш ва уларни 3 йил парваришлаш талаби қўйилган. Экилган дарахтни 3 йил парвариш қилмаганга жавобгарлик борми?
- Ноқонуний дарахт кесилишининг олдини олган фуқароларга пул мукофоти тўланади. Бу пул бир неча миллион сўм бўлиши ҳам мумкин.
- Тизимдаги коррупция: соғ дарахтни касал деб ёздириб, уни «қонуний» кесиш ҳақида
- Тошкентнинг Навоий кўчасидаги дарахтлар инвентаризацияси
- Дарёлардан ноқонуний шағал қазиб олиш. «Техника ёллаб, шағал қазиб олишга боринг, инспекторимиз 20 дақиқада етиб боради»
- Шаҳарларда юк машиналаридан чиқаётган чиқиндилар. Тошкентга кириб-чиқадиган автомобилларнинг «глушител»идан чиқаётган ажралмалар меъёрини ўлчаш бошланади.
- Қурилишлардан кўтарилаётган чанг. Экологлар буни қандай ҳал қилмоқчи?
Тўлиқ суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube'даги каналида томоша қилинг. Ва унутманг, экология – сиз, оилангиз ва яқинларингиз саломатлиги демакдир. Саломатлигингизга бефарқ бўлманг.
Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
08:32 / 28.11.2024
Қурилиш майдонидаги дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
16:47 / 22.11.2024
Дарахтларга кимёвий воситалар билан шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
16:18 / 15.11.2024