Фан-техника | 14:36 / 09.03.2021
11906
2 дақиқада ўқилади

Германия янги электрмобил ва гибрид автомобиллар савдоси бўйича АҚШни қувиб ўтди

2020 йилда Германияда 395 мингга яқин электрмобил ва гибрид автомобиллар сотилган, АҚШда эса бу кўрсаткич – 322 мингта. Хитой энг йирик бозор бўлиб турибди.

Германия 2020 йилда янги электрмобил ва плагин-гибрид (қувватлаш учун электр тармоғига уланиш имконига эга гибрид автомобиллар) уловлар бўйича АҚШни ортда қолдирди. Бу маълумотни 9 март куни Баден-Вюртемберг федерал ерида жойлашган «Қуёш ва водород энергиясини тадқиқ қилиш маркази» тақдим қилди.

Ўтган йили Германияда 395 минг янги электрмобиллар қайд этилган ва бу бир йил аввалгидан 264 фоизга кўпроқ. АҚШда эса, 2020 йилда бундай автомобилларнинг 322 мингтаси рўйхатга олинган. Бошқа давлатлар уларга яқин ҳам келмаган. Масалан, Францияда бу кўрсаткич 195 минг дона бўлса, Буюк Британияда 175 минг, Норвегияда эса 108 мингни ташкил қилган.

Электрмобиллар учун энг йирик бозор Хитой бўлиб қолмоқда – 2020 йилда 1 миллион 250 минг экологик тоза улов қайд этилган. Бу жаҳондаги электрмобилларнинг учдан биридан кўпроқ (3,18 миллион). Бироқ Хитойда э-мобилларга талаб атиги 3 фоизга ўсган, дунёда эса 38 фоизга.

Volkswagen ва BMW – электрмобил ишлаб чиқарувчилар рўйхатининг «кучли бешлиги»да

Ундан ташқари, Германиянинг икки автогиганти э-мобил ва плагин-гибрид ишлаб чиқарувчи топ-5 компания қаторидан жой олди. Volkswagen 422 минг дона билан иккинчи ўринни олди, BMW эса 193 минглик марра билан тўртинчи бўлди. Ундан олдинда Хитойнинг SAIC давлат корхонаси жойлашган. Умумий рўйхат мутлақ пешқадами эса АҚШнинг Tesla компанияси – 500 минг электрмобил.

2020 йилнинг охирига келиб дунёда қарийб 11 миллион электрмобил ва плагин-гибрид машиналар мавжуд эди. Уларнинг ярми Хитойда, 1,77 миллиони АҚШда. Германияда уларнинг умумий миқдори 569 минг дона. «Шундай қилиб, Германия ҳукуматининг улкан режаларига етишга ҳали анча бор. 2030 йилга бориб Германия йўлларида 7-10 миллион э-мобил ва гибрид машиналар юриши учун бу кўрсаткич ҳар йили миллионтага ошиши керак», дейилган Марказ ҳисоботида.