Жапаровнинг Ўзбекистонга илк ташрифи якунлари. Кўплаб келишувлар ва чегара масаласи учун уч ой муҳлат
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат етакчиси сифатида иш бошлагач, учинчи давлат ташрифини Ўзбекистонга амалга оширди. Бунгача Жапаров Қозоғистон ва Россияга борганди. Ушбу ташриф қандай кечди ва нималарга эришилди?
Кутиб олиш. Фарқ
Садир Жапаров Ўзбекистонга келишдан аввал Қозоғистон ва Россияга борди. Ўзбекистонда у шунчалик яхши кутиб олиндики, табиийки, одамлар олдинги кутиб олишлар билан таққослай бошлашди. Қирғизистон президентини кутиб олиш учун аэропортга шахсан ҳукумат раҳбари, бош вазир Абдулла Арипов чиқди. Қозоғистонда уни ташқи ишлар вазири кутиб олганди. Россияда эса кутиб олган одам ким экани ҳам айтилмади ва бу ҳақда турли хунук миш-мишлар ҳам тарқалганди.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Жапаровнинг Россия ва Ўзбекистонда кутиб олинишининг яна бир жиҳатига эътибор қаратишди. Президент бўлгач, кортежлардан воз кечишини айтган Жапаровга Россия ҳукумати томонидан учта енгил машина ва қўриқчилар учун битта микроавтобус ажратилди. Ўзбекистонда эса Жапаров учун янада катта кортеж ажратилди.
Аслида бу эътибор берадиган нарса эмас, лекин одамларнинг назаридан четда қоладиган ҳолат ҳам эмасди.
Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифининг биринчи кунида расмий учрашувлардан кейин ўзига хос байрам ўтказилди. Унда қирғизча қўшиқлар айтилди, қирғиз миллатининг анъаналари ёдга олинди, мамлакатда яшаётган қирғиз миллати вакиллари Жапаров билан суҳбатлашди.
Ташрифнинг иккинчи кунида Ўзбекистон Қирғизистонга беғараз ёрдам сифатида 20та замонавий жиҳозланган тез ёрдам машиналарини совға қилди. Шунингдек, Жапаровга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган машиналар, автобуслар ва турли хил техникалар кўрсатилди. У Ўзбекистон президенти билан бирга Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчат ўтказди ва бу икки миллат ўртасидаги муносабатлар янада яхшиланишига умид сифатида қаралди.
Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан муносабатлари доим долзарб бўлиб келган. Чегарадош билан ўртада кўнгилсиз воқеалар бўлгани ҳам яширадиган нарса эмас, шу сабаб Қирғизистонга бўлган илиқ муносабат нафақат давлат сифатида Ўзбекистон учун, балки Қирғизистонда яшаётган ўзбеклар учун ҳам катта аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, Жапаров кутиб олинганда, унинг ташрифи давомида кўрсатилган юксак меҳмондўстлик олқишлашга муносиб иш.
Қандай келишувларга эришилди?
11 март куни Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров иштирокида тор доирада ва икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги кенг доирадаги музокаралар якунлангач, имзоланган ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Ташриф доирасида кўп қиррали Ўзбекистон—Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22та ҳужжат имзоланди.
Қарийб 50 та қўшма лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган Саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, Ўзбекистон—Қирғизистон Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш, Қирғизистонда гидроэнергетика объектларини қуриш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидан.
Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен, Норин вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича «йўл хариталари» ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик дастури ҳамда божхона иши, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, ўсимликлар карантини, таълим, фан ва маданият соҳалари бўйича қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Ер масаласи
Қирғизистондаги интернет нашрлар Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида асосий масала чегара масаласи бўлишини кутаётганди. Учрашувларда бу масала ҳам муҳокама қилинди. Икки давлат ўртасида чегарадаги муаммолар яқин уч ой ичида ҳал қилиниши айтилди. Шавкат Мирзиёев учрашувлар давомида томонлар шунчаки гаплардан амалий ҳаракатларга ўтгани қувонарли ҳолат эканини таъкидлаб ўтди.
Давлат раҳбари музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини ҳуқуқий расмийлаштиришни тез фурсатларда якунлаш ва ўтиш пунктларини тўлақонли ишлашини таъминлаш бўйича амалий қадамлар белгиланганини маълум қилди.
«Чунки биз чегара бўйича муносабатларимиз тарихида биринчи марта жуда қаттиқ ва аниқ келишиб олдик: ким қилиши керак, қачон қилишлари керак. Бу халқларимиз [ечимини] кутаётган жуда нозик муаммо. Ва биз Садир Нургожоевич билан ҳар бир чегара масаласи бўйича чегараларни аниқ тавсифлашга келишиб олдик: ким қилади, қачон қилади. Биз ҳаттоки муддатларини ҳам аниқлаб олдик — уч ой ичида», деди Шавкат Мирзиёев.
Айрим чегара ҳудудидаги масалалар тез фурсатларда ҳал этилиши айтиб ўтилди.
«Одамлар [ечимини] кутаётган баъзи масалаларни биз яқин келажакда аниқ ҳал этамиз. Бюрократиясиз, фуқароларимизга қулай ва яхшироқ бўлиши учун жиддий масъулиятни ўз зиммамизга олишга қарор қилдик», — дея таъкидлади президент.
Айни дамда чегаранинг тортишувли қисмларини ҳал қилиш учун битта йўл борлиги аён бўлди – ҳар икки томон бир-бири билан ер алмашади. Бу масалани аввалроқ Қирғизистондаги расмийлар ҳам айтишганди.
Қўшни мамлакат томонидан чегара масалаларида Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев раҳбар ҳисобланади. Қирғизистон нашрлари Ташиев Ўзбекистонга келган делегация таркибида йўқлигига эътибор қаратишди. Тошкентдаги учрашувларда кутилганидек чегаралар масаласида ҳужжатлар имзоланмади. Барчаси яқин уч ой ичида ҳал бўлиши кутилмоқда ва бу мамлакатларни катта бошоғриқдан қутқаради. Албатта, чегара чизиш ишлари парламент иштирокида ҳал қилинади. Бу жиддий муаммо чиндан уч ой ичида ҳал бўлса, бундан хурсанд бўлиш керак, чунки масала узоқ йиллардан буён ҳал бўлмай келмоқда.
Жапаровнинг ташрифидан шундай хулосага келиш мумкин: Ўзбекистон қўшни мамлакатнинг жуда мураккаб ҳолатда ҳукумат тепасига келган янги президентига максимал даражада ҳурматини кўрсатди. Бу билан қайсидир маънода қўшни мамлакатга навбатдаги марта дўстлик қўлини узатди. Муносабатлар ҳам шунга мос равишда ривожланишига умид қиламиз.
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024