Ўзбекистон | 16:40 / 12.03.2021
29346
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ташқи ишлар вазири: Шоҳимардон бўйича муаммо йўқ, Сўх юзасидан музокаралар давом этмоқда

12 март куни Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Кўргазмага ташриф буюрган Қирғиз республикаси ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев мухбирларга интервью берди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири икки томонлама музокараларни юқори баҳолади ва кўриб чиқилган масалалар бўйича маълумот берди.

«Мамлакатларимиз раҳбарлари томонидан икки давлат, икки халқни ўйлантириб турган барча масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, товар айирбошлашни ошириш, чегаралар делимитацияси ва демаркациясини жадаллаштириш, Ўш, Жалолобод, Боткен областлари ҳамда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ўртасида чегара назорат-ўтказув пунктларини кенгайтириш бўйича ҳам аниқ вазифалар берилди.

Қирғизистон ҳудудида ҳамкорликда гидротехник лойиҳалар қурилиши, жумладан, «Қамбарота-1» каскади лойиҳаси бўйича ҳам музокаралар ўтказилди. Маълумки, биз Ўзбекистон электр энергиясига эҳтиёжимиз бор, ўз навбатида, Ўзбекистон биздан вегетация даврида сув олади. Мана шу жараёнларни мувофиқлаштириш бўйича ҳам тўхталиб ўтилди.

Кўп саволларга сабаб бўладиган анклавлар масаласида ҳам алоҳида музокаралар ўтказилди. Шоҳимардон масаласида ҳозир саволлар йўқ, чегаралардаги барча назорат-ўтказув пунктлари ишлаб турибди. Сўх анклавига келсак, Ўзбекистон томони мавжуд назорат-ўтказув пунктларини кенгайтириш, янгиларини очиш таклифини билдирди. Президентлар томонидан бу масалани атрофлича ўрганиш ва ҳал қилиш вазифаси топширилди. Яқин вақт ичида чегаралар делимитацияси ва демаркацияси бўйича ҳукуматлараро комиссия иш бошлайди ва ўшанда барча масалалар ечимини топади, деб ўйлайман», дея Руслан Казакбаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид