Ўзбекистон | 12:53 / 13.03.2021
5826
7 дақиқада ўқилади

AstraZeneca вакцина олгандан кейин тромбоз ҳосил бўлишига «исбот йўқ»лигини маълум қилди

AstraZeneca вакцинасининг дунё бўйлаб қўлланиши кутилмаганда бошқа тарафга бурилиб кетди. Бир неча давлатлар вакцина қон томирларда тромбоз (томирларда қоннинг ивиб қолиш жараёни) ҳосил бўлишини билдириб, препаратдан фойдаланишни тўхтатиб қўйди, бироқ ҳозирча буни тасдиқловчи далил-исботлар келтирилганича йўқ.

AstraZeneca ўз вакцинасини жон-жаҳди билан ҳимоя қилишга киришди ва жума куни “томирларда тромбоз пайдо бўлиш риски” ҳақидаги иддаолар асосли эмаслиги, Европа ва Буюк Британия тиббиёт регуляторлари вакцина ва тромбозлар ўртасида боғлиқлик йўқлиги ва эмлаш кампанияси давом этиши кераклигини айтди.

Дания, Норвегия ва Исландия каби Европа давлатлари пайшанба куни вакцинадан фойдаланишни тўхтатди, Таиланд бош вазири Прают Чан-о-ча жума куни AstraZeneca вакцинасини олиш режаларини ўзгартирганини айтиб, эмлаш кампаниясини кечиктирганини маълум қилди. “Реклама қилинган нарсани югуриб бориб олишимиз шарт эмас”, дейди мамлакат вакцинация қўмитаси аъзоси Пиясакол Саколсатаядорн.

Жума куни Болгария хавфсизлик учун текширишга бериб, AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатиб турган сўнгги давлат бўлди. “Бош вазир Бойко Борисов Европа дори воситалари агентлиги вакцина хавфсизлиги борасидаги “барча шубҳаларни бартараф этмагунча” AstraZeneca’нинг коронавирусга қарши вакцинасини қўллашни тўхтатиб туришга буюрди”, дейилади ҳукумат баёнотида.

Дания вакцина қон томирларда тромбоз ҳосил қилиши ҳақидаги гап-сўзлар ва бир ўлим ҳолати туфайли препаратдан эҳтиёт юзасидан фойдаланмай туриш ва масъуллар текширув олиб боришларини кутиб, 14 кунлик танаффус олиш ҳақидаги қарорга келди.

Кейин навбат Норвегия ва Исландияга. Норвегия Жамоат соғлиқни сақлаш институти баёнотига кўра, мамлакатда AstraZeneca вакцинасини олгач, томирларда тромбоз пайдо бўлиш ҳолатлари учраган, лекин “бу асосан бошқа касалликлари бор қарияларда кузатилган”.

Австрия ва Италия каби давлатлар вакцинанинг муайян партияларидан фойдаланишдан воз кечди.

Германия, Франция, Буюк Британия, Нидерландия, Мексика ва Нигерия каби давлатлар эмлашда давом этиб, фуқароларини унинг хавфсиз эканига ишонтирмоқда.

Соғлиқни сақлаш ташкилотлари эмлашни давом эттиришни айтмоқда

Европа дори воситалари агентлиги (EMA) пайшанба куни AstraZeneca вакцинасидан воз кечишни тавсия қилмаганини билдириб, препаратни қабул қилганлар қон томирларида тромбоз пайдо бўлаётганига далил йўқлигини маълум қилди. Агентлик давлатларга текширувлар давом этаётган пайтда ҳам эмлашни тўхтатмасликка чақирди.

“Вакцинанинг фойдаси унинг рискларидан кўпроқ ва препаратдан тромбоэмболик ҳодисалар текширилаётган пайтда ҳам фойдаланишда давом этиш мумкин”, дейилади агентлик баёнотида.

Буюк Британиянинг дорилар регулятори - Дори воситаларини назорат қилиш агентлиги (MHRA) ҳам пайшанба куни жамоатчиликни вакцина ҳалигача хавфсиз экани ва одамлар коронавирус вакцинасини олиши мумкинлигини маълум қилди.

Бу эпизод сиёсий ўйинлар, кечиктириб етказиб бериш ва бошқа муаммоларга ўралашиб қолган фармгигант учун дард устига чипқон бўлди.

Бироқ, деярли бутун Европада хотиржамлик ҳукмрон. “Ҳар бир жиддий ножўя таъсирдан кейин тизимли равишда текширув олиб борилади. Лекин биз нима ҳақида гаплашяпмиз? Европада 5 миллион эмланганлар орасидан 30 киши ҳақида”, дейди Франция соғлиқни сақлаш вазири Оливье Вера.

11 миллион доза вакцинани қилиб бўлган Буюк Британия Дори воситаларини назорат қилиш агентлиги (MHRA) “томирлардаги тромбоз табиий равишда пайдо бўлиши мумкин ва бу ғайритабиий эмас”, деб айтган.

Германия оқшомида эмлаш режаларини амалга оширишда давом этишини тасдиқлади. “Европанинг аксар давлатлари қаторида биз ҳам AstraZeneca билан эмлашда давом этмоқчимиз”, деб баёнот берган Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан.

Тромбоз пайдо бўлишига исбот йўқ

AstraZeneca’нинг жума кунги таҳлилларига кўра, нафақат вакцина олганларда “юқори рискка далил йўқ”, балки аҳолининг умумий сонида ҳам камроқ рақам кўрсатиляпти.

“10 миллионлик ёзувлар бўйича хавфсизлик таҳлилларида ҳеч қандай ёш тоифаси, жинс, вакцина партияси, шунингдек, ҳеч қайси давлатда ўпка эмболизми ёки қон-томир тромб ҳосил бўлиши юқори риски борлигига исбот чиқмади”, дейилади компания баёнотида.

“Аслида, бундай воқеалар кузатилган ҳолатлар сони эмланиши керак бўлган аҳоли сонига нисбатан анча кам”, деб қўшимча қилинган баёнотда.

Дания соғлиқни сақлаш масъуллари вакцинадан фойдаланиш бўйича икки ҳафталик танаффусни эҳтиёт чораси деб атаб, одамларга “вакцина хавфсиз ва самарадор экани”, лекин тромбоз ҳосил бўлишини текширишда “илдамроқ ҳаракат қилиш” нияти борлигини айтган.

Испания текширув тугамагунча 55-65 ёшдагиларга вакцина қилмай туришга қарор қилган бўлса, Нидерландия соғлиқни сақлаш вазири Уго де Йонг пайшанба куни “хавотирга ўрин йўқ”лиги ва AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатишга сабаб йўқлигини айтган.

Шу ҳафта бошида Европанинг бир қатор давлатлари Австрияда 49 яшар аёл кўплаб тромблар билан вафот этганидан сўнг, AstraZeneca’нинг муайян партиясидан чиққан вакцинадан фойдаланишни тўхтатди. Чоршанба куни Европа Дори воситалари агентлиги (EMA) эмлаш тромбоз пайдо бўлиши ёки ўлимга сабаб бўлгани борасида исбот йўқ эканини айтган.

Пайшанба куни Италия Дори-дармон агентлиги (AIFA) AstraZeneca’нинг яна бир вакцина партиясини қўллашни тақиқлади. Агентликнинг айтишича, бу вакцина муайян партиясининг “баъзи жиддий ножўя таъсирлар”и рўй бергач қилинди. Баёнотда қандай ножўя таъсирлар ҳақида гап кетаётгани айтилмаган ва ножўя таъсирлар ҳамда вакцина ўртасида боғлиқлик бор экани ҳақида лом-мим дейилмаган.

COVAX дастури орқали миллионлаб вакцина олган Нигерия пайшанба куни вакцинани ҳимоя қилиб чиқди ҳамда препарат “хавфсиз ва самарали” эканини айтиб, унинг клиник таъсирларидан қониққанини маълум қилди. Шунингдек, мамлакат ўз фуқароларини эмлаш кампаниясида иштирок этишни давом эттиришга чақирган.

Real-world data бўйича ҳам ушбу вакцина коронавирусдан касалланиб касалхонага тушишлар сонини сезиларли равишда камайтиргани қайд этилган.

Препаратнинг бир дозаси 80 ёшдан улуғларнинг касалхонага тушиши рискини 80 фоизга камайтиради, дейилади Англия Жамоат соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида. Вакцина икки дозада қилиниши керак. Дозалар орасидаги муддатни давлатларнинг ўзи ҳал қилади.

Вакцина хавфсизлиги ҳақидаги хавотирлар AstraZeneca’нинг Европа иттифоқи билан препаратни етказиб бериш бўйича мунозара қилаётган ноқулай пайтга тўғри келиб қолди. Пайшанба куни, вакцинадан фойдаланишни тўхтатиб туриш қароридан кейин, Дания келишилгандан 900 000 камроқ дозада вакцина олади.

“Факт шуки, AstraZeneca’нинг Европа иттифоқи ва Данияга етказиб бериладиган вакциналар сонини камайтириши қониқарсиз ва жиддий қарор”, деган Статенс Серум институти директори ўринбосари Оле Йенсен.

Жума куни Полша расмийлари ҳам AstraZeneca етказиб бериладиган вакцина ададини камайтиришини айтишганди.

Мавзуга оид