Ўзбекистон | 14:45 / 13.03.2021
25413
7 дақиқада ўқилади

Баёнот бериш масъулияти. Ўзбекистон расмийларининг вакцина ҳақидаги гаплари қанчалик асосли?

Коронавирус пандемияси инсониятдан бемисл қурбонлар ва катта харажатлар талаб қилди. Пандемия нафақат инсониятнинг ишлаш ва яшаш тарзини ўзгартириб юборди, балки фикрлашга ҳам таъсир қилмай қолмади.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Тарихдан чиқарилган хулосалар ва реал ҳаёт пандемияга барҳам беришга вакцинадан самаралироқ чора йўқлигини кўрсатяпти.

Бинобарин, жаҳоннинг энг кўзга кўринган лабораториялари, энг бой фармкомпаниялари миллионлаб одамлар ёстиғини қуритган касалликка қарши препарат ишлаб чиқишга зудлик билан киришди.

Олимларнинг изланишлари ўз мевасини бериб, вакциналар бирин-кетин миллий регуляторлар томонидан тасдиқлана бошлади. АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия ва бошқа иқтисодий барқарор давлатлар ўз аҳолисини эмлашни бошлашди. Бугунга келиб Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари аҳолисининг 70 фоизидан ортиғини тўлиқ эмлаб бўлиб, жамоавий иммунитетга эришган илк давлатларга айланиши мумкин.

Ўзбекистонда эса вакцинация ҳали бошланганича йўқ. Зеро, вазият шундайки, маблағ бўлса ҳам вакцина олишга имконият чекланган. Вакциналарни ишлаб чиқиш бошланмасиданоқ катта ва бой давлатлар фармкомпанияларга аввалдан пул тўлаб, буюртма бериб қўйишган.

Шундай шароитда, 17 февраль куни Республика махсус комиссиясининг ахбороти эълон қилинди. Ахборотда жумладан шундай дейилади: «[Хитойнинг] «Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd» компанияси томонидан мазкур вакцинани Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш мақсадида мамлакатимизда фаолият юритаётган бир қатор фармацевтика корхоналари фаолияти ўрганилди, лаборатория ҳамда техник ва ишлаб чиқариш қувватларини инобатга олиб, «Jurabek Laboratories» МЧЖ ҚК танланди».

Яна шундай сўзлар ҳам бор: «Шу мақсадда коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш тадбирларини ташкиллаштириш борасида кўрилаётган чоралар, «ZF-UZ-VAC 2001» вакцинасидан 1 миллион доза харид қилиш ва мамлакатимиз аҳолисини ихтиёрий равишда оммавий эмлаш тадбирларига йўналтириш масалаласини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига муҳокамага киритиш бўйича Республика Махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди».

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков 8 март куни ССВ матбуот хизматининг берган саволларига жавоб бера туриб, Ўзбекистон фақат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тан олган вакциналардан фойдаланишини айтиб ўтган. Бундай баёнот берилиши биринчи марта эмас.

uZRYn7vgTrPKpRkgeeXjmIrPlpnuYLAQ.jpg (800×500)
Нурмат Отабеков

Бироқ, Республика Махсус комиссияси тасдиқлашга шайланаётган Хитойнинг «Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd» компаниясининг ZF 2001 вакцинаси ҳали ЖССТ тасдиғидан ўтмаган.

Мана бу ҳаволада қайси вакциналар қайси регулятор тасдиғидан ўтгани ҳақидаги маълумотни кўриш мумкин. Бу «Википедия» экан-ку, деб ишонмасликка шошилманг, саҳифа остида фактларга ҳаволалар берилган, бемалол текшириб олиш имкони бор.

Шундай қилиб, Махсус комиссия ҳали ЖССТ тасдиғидан ўтмаган вакцинага буюртма бериб юборган ва уни ишлаб чиқариш учун маҳаллий корхонани танлаб олган бўлиб чиқяпти.

Дарвоқе, ZF 2001 (ёки ZF-UZ-VAC 2001) вакцинасининг синовлари ҳали тўлиқ якунланмаган. Ҳозирда 3-фаза синовлари ўтказилмоқда ва улар 2022 йилнинг апрелида ниҳоясига етиши кўзда тутилган. Бу ҳақда ЖССТнинг расмий сайтидан маълумот олиш мумкин. 3-босқич синовлари 1 йил давом этишини инновация вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам тасдиқлаганди.

Аслида ЖССТ тасдиғидан ўтган вакциналар сони кўп эмас, атиги учта: Pfizer/BioNTech, Johnson&Johnson ва AstraZeneca вакциналари.

Умуман олганда, «фақат ЖССТ тасдиқлаган вакцинанигина оламиз» деган гап Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати масъулларининг одамни таажжубга соладиган илк баёноти эмас. Ташкилот бошлиғининг бошқа бир ўринбосари Ботир Қурбонов ССВ матбуот хизматининг вакциналар қандай ишлаши тўғрисида 6 март куни берган саволига шундай жавоб берганди:

«Вакцина – бу микробнинг (вирус ёки бактерияларнинг) заифлашган, зарарсиз бўлаги бўлиб, танангизнинг табиий иммунитети билан биргаликда касаллик юқиши хавфини камайтиради. Вакцина танангизга юборилгандан кейин иммунитет тизимингиз танага кирган микробни аниқлайди ва бу микробга қарши курашиш учун антитаначалар ишлаб чиқариб, у билан қандай курашиш кераклигини эслаб қолади. Агар келгусида ушбу микроб таъсирига яна дуч келсангиз, иммунитет тизимингиз уни қандай йўқ қилишини билади, сиз касал бўлмайсиз».

oy2RdZTv5NY020sihxr0Lgnauo6FL0VO.jpg (800×450)
Ботир Қурбонов

Б.Қурбонов, афтидан, замонавий вакциналар, ҳатто ўзимизда ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётган Хитойнинг ZF 2001 (ёки ZF-UZ-VAC 2001) вакцинаси ҳам қайси метод асосида яратилганидан хабардор эмас.

ZF 2001 (ёки ZF-UZ-VAC 2001) – рекомбинант вакцина. Рекомбинант вакцина – бу рекомбинант ДНК технологияси орқали ишлаб чиқарилган эмлаш. Бунга бактериялар ёки сут эмизувчилар ҳужайраларига иммунитет таъсирини рағбатлантирадиган антигенни (масалан, бактериал сирт оқсилини) кодловчи ДНКни киритиш, шу ҳужайралардаги антигенни экспрессиялаш ва сўнг уларни тозалаш киради.

Жаҳонда энг яхши вакциналардан бўлиб турган Pfizer-BioNTech вакцинаси mRNA технологияси асосида ишлаб чиқилган. mRNA вакциналар  инсон организми РНКсининг хусусиятларидан оқилона фойдаланиш орқали иммунитет ҳосил қилишга асосланган.

Ҳа, Ботир Қурбонов айтганидек, заифлаштирилган вирус билан таъсир қиладиган вакциналар ҳам бор ва кўп. Лекин савол берилганда бир вариантни айтмасдан, ҳар хил турдагиси борлигини айтиш ўринли бўларди. Унинг мақоми, эгаллаб турган ўрни шуни тақозо этади.

Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулованинг: «Яқинда ўтказилган тадқиқотлар вакцинанинг Британия ва Жанубий Африка штаммларига қарши жуда юқори самарадорликка эгалигини кўрсатди. Масалан, Moderna вакцинаси билан солиштирганда, самарадорлик 6 баробарга юқори», деган сўзларининг ҳам асоси шубҳали. Ҳар ҳолда, очиқ манбаларда буни тасдиқловчи маълумотлар учрамайди.

Шаҳло Турдиқулова

Ундан кейин, ZF 2001 (ёки ZF-UZ-VAC 2001) вакцинасининг 2-фаза синовлари 2020 йилнинг 10 июлидан 3 декабрига қадар ўтказилган ва «британча» ё «африкача» штамм ўрганишга улгурилмаган. Вакцинанинг 3-фаза синовлари эса ҳали давом этмоқда ва юқорида айтилгани каби 2022 йилнинг апрелида тугайди. Хулоса эса, табиийки, ҳали эълон қилинмаган. Шундай экан, «бу вакцина фалон вакцинадан фалон марта самаралироқ» дейиш қанчалар тўғри?

Аҳолига асосли манбаларга таянган ҳолда тўғри маълумот берилиши керак. Ақалли, кейинчалик уялиб қолмаслик учун. Ҳар ҳолда бу каби маълумотлар очиқ ва бепул.

Ўз соҳасини билган, лавозими масъулиятини ҳис этган ёки жилла қурса тил билиб, бироз ҳафсала қилган одам бемалол очиқ ва ишончли маълумотларни қўлга кирита олади. Агар асл мақсад муайян доираларнинг манфаатлари учун эмас, аҳолининг саломатлигига қаратилган бўлса, албатта.

Шоакмал Исроилов

Мавзуга оид