Жаҳон | 20:57 / 13.03.2021
12574
2 дақиқада ўқилади

Боливиянинг собиқ вақтинчалик президенти ҳибсга олинди

Ички ишлар вазирининг маълумот беришича, прокуратура Жанин Аньесни ҳибсга олишга ордер берган.

Фото: Reuters

Боливиянинг собиқ вақтинчалик президенти Жанин Аньес 2019 йилда президент Эво Моралесга қарши давлат тўнтаришини тайёрлашга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди. Боливия ички ишлар вазири Карлос дел Кастильо дел Карпьонинг сўзларига кўра, "у полиция қўлида".

Ички ишлар вазирининг маълумот беришича, прокуратура Аньесни ҳибсга олишга ордер берган. Аньеснинг ўзи буни "сиёсий таъқибнинг бошланиши" деб атади. 

2019 йил октябрда Боливияда президент сайлови ўтказилган, олий сайлов суди биринчи турдаёқ амалдаги давлат раҳбари Эво Моралес ғалаба қозонганини эълон қилганди.

Бу эса мамлакатда оммавий норозиликларни келтириб чиқарди ва Моралес 10 ноябрда истеъфога чиққанини эълон қилди. Моралес ортидан вице-президент ва парламентнинг ҳар икки палатаси спикерлари лавозимларини тарк этди.

Сенаторлар палатаси раисининг иккинчи ўринбосари Жанин Аньес ўзини ўтиш даври президенти деб эълон қилди. 

2020 йил октябрда мамлакатда президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловда Эво Моралес раҳбарлигидаги "Социализм сари ҳаракат" партиясидан кўрсатилган номзод Луис Арсе ғалаба қозонди.

Мавзуга оид