Жаҳон | 11:42 / 14.03.2021
25973
9 дақиқада ўқилади

Россия, Туркия ва Қатарнинг Сурияга оид янги механизми: Эрон нега сафдан чиқариляпти?

2017 йил бошида Эрон билан бирга Астанада маслаҳатлашув ўтказган Россия ва Туркия кутилмаганда Қатарни ўз ёнига олиб, Сурия масаласида янги уч томонлама механизмни яратди.

Туркия, Қатар ва Россия ТИВ раҳбарлари Доҳада / Фото: Anadolu Agency

Россия, Туркия ва Қатар ташқи ишлар вазирлари иштирокида эълон қилинган янги жараён ҳам Суриянинг сиёсий ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга, сиёсий барқарорликни энг қисқа вақт ичида таъминлашга қаратилган.

Нур-Султондаги маслаҳатлашувнинг сўнгги йиғилиши аниқ натижа бермаган, Россия ва Туркиянинг Эрон билан зиддиятлари кучайиб кетган бир пайтда Доҳада ўтказилган ушбу учрашув диққатга молик воқеа сифатида эътироф этилмоқда.

Гарчи бу Эрон сафдан бутунлай чиқариб юборилишини англатмаса-да, мазкур қадам араб дунёсининг Сурия масаласини қайта кўриб чиқишидан ва сиёсий жараёнга «ҳа» деб жавоб бериш эвазига Дамашқ маъмуриятининг Араб Лигасига яна қайтиши мумкинлигидан дарак бермоқда.

Россия, Туркия ва Қатар ташқи ишлар вазирлари Мавлуд Човушўғли, Сергей Лавров ва Муҳаммад бин Абдураҳмон ол Соний 11 март куни Доҳада бўлиб ўтган учрашувдан сўнг берган баёнотларида Сурия муаммосини сиёсий йўллар билан ҳал қилиш ва Сурия халқига гуманитар ёрдам етказиб бериш мақсадида янги механизм яратганликларини эълон қилишди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли
Фото: Reuters

«Бугун биз янги уч томонлама маслаҳатлашув жараёнини бошлаймиз», деди Човушўғли мақсад Сурия муаммосига узил-кесил сиёсий ечим топиш эканини таъкидлар экан.

Уч давлатнинг Сурия билан боғлиқ дипломатлари доимий алоқада бўлиши ва ташқи ишлар вазирлари ҳам вақти-вақти билан учрашиб туришини таъкидлаган Човушўғли кейинги учрашув Нур-Султонда, ундан кейин эса Москвада ўтказилишини маълум қилди.

Қатар ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон ол Соний
Фото: Cem Özdel / Anadolu Agency

Қатар ташқи ишлар вазири янги механизмнинг икки мақсади – Сурия масаласига доимий сиёсий ечим топиш ва ҳеч бир минтақани четлаштирмаган ҳолда узлуксиз гуманитар ёрдам бериш эканини таъкидлади.

Ол Соний ушбу уч томонлама маслаҳатлашув жараёни Астана маслаҳатлашувларига рақиб эмаслиги ва Сурия муаммосини ҳал қилишга уринаётган платформалардан бири бўлишини айтди.

Россия ташқи шилар вазири Сергей Лавров
Фото: Cem Özdel / Anadolu Agency

Россия ташқи ишлар вазири ҳам Туркия, Қатар ва Россия дипломатлар даражасида қарийб бир йил давомида учрашиб тургани, яъни Доҳадаги йиғилиш кеча қабул қилинган қарорнинг натижаси эмас эканини таъкидлади. Лавров бу янги механизм 2017 йилдан буён фаолият юритиб келаётган ва Суриядаги низоларнинг олдини олиш ҳамда унга сиёсий ечим топишни мақсад қилган, Туркия-Россия-Эроннинг «бошини қовуштирган» Астана маслаҳатлашувига алтернатив эмаслигини айтди.

«Қатарнинг Суриядаги фожиали вазиятни бартараф этиш учун зарур шарт-шароитларни яратишда ўз ҳиссасини қўшиш ҳақидаги илтимосини мен фақат мамнуният билан қабул қиламан», – деди у.

Эрон четлатиляптими?

Эрон олий раҳнамоси Али Хоминаий, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Россия президенти Владимир Путин
Архив фото: Tolga Bozoglu via Reuters

Қатар ва Россия ташқи ишлар вазирларининг ушбу баёнотларга қарамай, Доҳада эълон қилинган янги механизм кейинги пайтларда асосан Туркия-Россия мулоқоти ва ҳамкорлигига айланиб қолган Астана маслаҳатлашувига қараганда кўпроқ аҳамият касб этиши айтилмоқда. Бироқ бу ҳолат Дамашқ маъмурияти билан чуқур алоқада бўлган Эрон сафдан бутунлай четлатилишига олиб келмаслиги ҳам тахмин қилинмоқда.

Россия ва Туркиянинг Қатар билан янги механизмни ишга тушириши қуйидаги омиллар билан изоҳланиши мумкин:

Туркия-Россия муносабатлари. Астана маслаҳатлашувлари 2017 йил бошида ташкил этилган бўлиб, унинг энг асосий мақсади – Сурияда юзага келган низоларни тўхтатиш, зўравонликни камайтириш ва сиёсий жараёнларнинг ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш эди. Бу жараёнда Туркия, Суриядаги мўътадил мухолифат, Эроннинг шиа қуролли кучлари, шунингдек, Россия Дамашқ бошқарувига оид таъсир кучларини ишга солишган ва амалга оширилган хавфсизлик чоралари натижасида Суриядаги можароларни минимал даражага туширишга эришишганди.

Туркия ва Россия Сурия ғарбида давом этаётган Идлиб муаммосини ҳал қилиш учун 2018 йилда Сочи маслаҳатлашувини бошлаган ва улар ўшанда амалда Эронни сафдан четлатганди. 2020 йил бошида Туркия ва Сурия армияси ўртасида рўй берган тўқнашувларга ҳам 2020 йил 5 мартда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Россия президенти Владимир Путин орасида имзоланган протоколдан сўнг барҳам берилганди. Шу боис Суриядаги жараёнлар Эроннинг иштирокини талаб қилмайдиган ҳолатга етиб қолгани эндиликда Анқара ва Москвага аён.

Эрон Суриядаги шиа қуролли гуруҳларини назорат қила олмаяпти: Теҳрон маъмуриятининг Суриядаги шиа қуролли гуруҳларини назорат қила олмаётганини Москва минтақада ўрнатилган мўрт барқарорликка зарар етказувчи омил сифатида баҳоламоқда. Таъкидланишича, Россия Теҳрон билан ҳам, Дамашқ маъмурияти билан ҳам шиа қуролли гуруҳлари фаолиятига оид муаммолар муҳокама қилинган музокаралардан наф кўрмаган.

Шиа гуруҳларининг нафақат Сурияда, кейинги пайтларда Ироқда ҳам фаоллашиб қолгани, шунингдек, АҚШ ва Эрон ўртасидаги кучайиб бораётган зиддиятларнинг Сурияда ҳам акс-садо беришининг олдини олиш истаги Туркия ва Россиянинг Қатар билан параллел жараённи ривожлантиришига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Астана маслаҳатлашуви сиёсий ечим учун етарли бўлмади. Астана маслаҳатлашувининг энг муҳим миссияси – Сурия Конституциявий қўмитасининг ташкил этилиши ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-сонли қарори доирасида адолатли сайловлар ўтказилиши кўзланган сиёсий жараённинг якунланиши бўлди.

2019 йилда бошланган ва 5-тур учрашувларини ўтказган Конституциявий қўмитадан ижобий натижалар олинмади. Бунинг энг муҳим сабабларидан бири эса Эроннинг Суриядаги сиёсий жараёнлар билан шуғулланишни истамаслиги ва Дамашқ маъмурияти томонидан жараёнга тўсқинлик қилиниши бўлди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли (чапда), Қатар ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон ол Соний (марказда), Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (ўнгда) Қатар пойтахти Доҳадаги маслаҳатлашувда. 11 март 2021 йил.
Фото: Россия ТИВ / Reuters

Доҳада бўлиб ўтган учрашувдан кейин эълон қилинган баёнотда ва матбуот анжуманида янги механизмни яратишдан кўзланган мақсад асосий эътиборни сиёсий ечимга қаратиш экани айтилди.

9 моддадан иборат қўшма декларациянинг 3 та моддасида сиёсий жараёнлар ҳақида сўз юритилади. Унда Конституциявий қўмитанинг самарали ишлаши учун ҳар қандай ёрдам кўрсатилиши, айниқса, БМТнинг махсус вакили Гейр Педерсеннинг саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланиши таъкидланади.

Қатарнинг ўрни қандай бўлади?

Фото: Россия Ташқи ишлар вазирлиги

Эрон ва Қатар ўртасидаги энг муҳим фарқ – уларнинг бири Асад маъмуриятига хайрихоҳ, иккинчиси эса унга тамоман қарши.

Қатар Сурияда фуқаролик уруши бошланган илк даврлардаёқ Туркия билан бир сафда Асад режимини ағдариш учун ҳаракат қилиб келади. Бироқ Доҳа 2015 йилдан бошлаб ўзининг Сурияга нисбатан фаол позициясидан чекина бошлайди ва айниқса, 2017 йилги Форс кўрфази мамлакатлари блокадасидан сўнг, бу масалага қизиқиш билдирмай қўяди.

Шуниси эътиборга лойиқки, Қатар БАА ва Саудия Арабистони билан муносабатларни нормаллаштиргандан сўнг дарҳол Сурия бўйича ташаббусни ўз зиммасига олди. Туркия билан махсус алоқаларга эга, Яқин Шарқ географияси ва араб дунёсидаги фаол ташқи сиёсати билан ажралиб турувчи Қатарнинг Асад маъмуриятини ҳокимиятдан четлатиш тўғрисидаги аввалги қарори ҳамон қатъийми ёки йўқ – ҳозирча маълум эмас.

Аммо Қатарнинг сафга қўшилиши Суриянинг Араб Лигасига қайтиши нуқтайи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Қатар ташқи ишлар вазири матбуот анжуманида Суриянинг 2011 йил охирида Араб Лигаси таркибидан четлатилишига сабаб бўлган омиллар бугун ҳам борлигига ишора қилди. Аммо агар Сурия маъмурияти сиёсий жараённинг олдинга силжишига имкон берса ва том маънода ривожланиш юз берса, Қатарнинг ветоси юмшайди, деган умид билдирилмоқда.

«Сурияни қайта қуриш»

Россия ташқи ишлар вазири Лавров матбуот анжуманида таъкидлаган «Сурияни қайта қуриш» зарурати сиёсий жараённинг кейинги босқичларида Эрон эмас, дунёдаги энг бой давлатлардан бири бўлган Қатар муҳим рол ўйнашига ишора қилаётгандек.

Қатар билан жуда яқин алоқалар ўрнатаётган, кўплаб соҳаларда бир-бирига ўхшаш сиёсат олиб бораётган Туркия учун ҳам Қатар билан Сурия масаласида бир «кема»да бўлиш муҳим аҳамиятга эга.

Россия ҳам 2015 йилдан буён ўз молия тизимига юк бўлиб келаётган Сурия инқирозининг якунланишидан умидвор. Бунинг учун эса халқаро ҳамжамият учун мақбул формула ёрдамида сиёсий ечим топилиши даркор.

Мавзуга оид