«Беморларга ҳаво керак»: Миришкорда шифохона ҳудуди 2019 йилда сотиб юборилган, шифокорлар қурилиш тўхтатилишини талаб қилишмоқда
Мазкур мақола нафақат давлат шифохонаси ҳовлисининг йил сайин қисқариб, сотиб юборилавергани, балки туман ҳокимлиги ҳамда мутасаддиларнинг аҳоли саломатлигига қанчалик беписанд экани ҳақида.
Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги мутасаддилар шифо маскани ерини сотишни қасд қилишса, президент қарори ҳам, соғлиқни сақлаш вазирининг хати ҳам, депутатларнинг қаршилиги ҳам, шифокорларнинг норозилиги-ю аҳоли саломатлиги ҳам уларга заррача тўсиқ бўла олмас экан.
Kun.uz сайтида тумандаги Жейнов шифохонасининг салкам 2 миллиард сўмга таъмирлангани ва бир йилга етмай таъмирталаб бўлиб қолгани ҳақида ёзилган эди. Шифохона шундан сўнг қайтадан енгил таъмирланган.
Эндиги муаммо эса ундан ҳам аянчли: тиббиёт муассасаси ерлари йил сайин тўрт томондан қисқариб бормоқда. Бу кетишда ҳадемай фақат бинонинг ўзи қолса, ажаб эмас.
Жейнов шифохонаси 1997 йилда қурилган бўлиб, 30 минг аҳолига хизмат кўрсатади. 2017 йилдаги маълумотга кўра, жами ер майдони 15397,56 квадрат метрни ташкил этади.
Дастлаб 2017 йил бинонинг ўнг томондан 30 сотих ери бозор ҳудудига қўшиб берилган. Ундан сўнг эса олд томонидаги 20 сотих ер шифохона балансидан олиб қўйилиб, автомобиллар тўхташ жойига бериб юборилган. Энди беморлар ҳафта кунларига қараб бу ердаги бозор шовқинига ҳам, автомобиллар шовқинига ҳам ва ҳатто ғишт цехи шовқинига ҳам чидаши керак. Муассасанинг яна бир ҳудуди эса хусусий дорихона қурилишига берилган. Барчаси туман ҳокими қарори билан.
Айни вақтда шифохона ҳовлисига киришда ўнг томонда хусусий тадбиркор қурилиш бошлаб юборган. Маълум бўлишича, 2019 йилдаёқ бу жой аукцион орқали тадбиркорга сотиб юборилган экан.
Шифокорлар ҳар қандай тиббий муассаса фақат тўрт девор ичидаги хоналардан иборат бўлибгина қолмай, балки беморлар учун тоза ҳаво, очиқ майдон, майсазор ёхуд дарахтлар ҳам бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтишди. Бу тегишли санитария меъёрлари билан белгилаб қўйилган ва ўз вақтида шунга монанд равишда ер ажратилиб, шифохона барпо этилган. Кейинги йилларда шифохона ҳудудининг ҳар томондан қисқариб келиши оқибатида деярли бинонинг ўзи қолмоқда.
Иккинчи томондан, «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 7 декабрда имзоланган президент қарори 11-бандида аниқ белгилаб қўйилган: «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг розилигисиз давлат соғлиқни сақлаш муассасаларининг ер участкалари ва кўчмас мулклари бегоналаштирилиши тақиқлансин». Яъни шифохона ерини бериш учун вазир розилиги керак.
Аммо Миришкорда туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари И.Шароповнинг 2018 йил 24 декабрдаги икки энлик хати билан 810 кв метр ер туман ҳокимлиги захирасига олиниб, аукционда пуллаб юборилган.
Беморлар учун яна бир ноқулайлик шуки, шифохонанинг айни вақтда қурилиш кетаётган (сотилган) ҳудудига бошқа кириш йўли йўқ. Унинг йўли шифохонага тез ёрдам машиналари кирадиган йўл билан битта. Бу дегани, муассаса учун унинг ўз ҳудудида энди алоҳида йўл ҳам қолмаяпти.
«Ҳозир Жейнов шифохонаси ичидан сотилган ҳудудда қурилиш ишлари бошлаб юборилган, тадбиркорга алоҳида кириш йўли ҳам, йўлакчаси ҳам йўқ. Шифохона йўлидан юк машиналари тинмай қатнаяпти, беморларнинг тинчини бузяпти, тез ёрдам машиналари кириб чиқишига халақит беряпти», дейишди шифохона ходимлари.
Мазкур мақола тайёрланаётган вақтда ҳам шифокорлар яна таҳририятга қўнғироқ қилиб, ҳудудда хусусий тадбиркор қурилиш ишлари амалга ошираётгани сабабли шифохонага кирадиган ягона йўл ёпилиб қолгани, тез ёрдам машиналари учун ҳам ўтиш йўли қолмаганини айтишди.
Аслида бундай вазиятда туман аҳолиси саломатлигига эътибор сифатида туман ҳокимлиги назоратни қўлга олиши, шифохона ерларини сақлаб қолиши ҳам мумкин. Аммо бу ерда ва бундан олдинги уч ҳолатда ҳам муассаса ерининг олиб қўйилиши айнан ҳоким қарори билан амалга оширилгани сабабли шифокорлар ёрдам сўраб депутатлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идораларга мурожаат қилиб келишмоқда.
Қизиғи, соғлиқни сақлаш вазири томонидан мазкур ҳолат юзасидан республика прокуратурасига хат юборилгандан сўнг ҳам масалага ечим топилмаган.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларнинг мурожаатлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сўровига «Бош прокуратурадан Жейнов шифохонасини ҳокимлик захирасига қайтариш тўғрисидаги туман ҳокими қарорини протест келтириб бекор қилиш, тиббий муассаса ерини қайтариш ва айбдор шахсларни қонунда белгиланган тартибда жазога тортишда амалий ёрдам сўралгани» ҳақида жавоб қайтаради.
Бош прокуратура томонидан бу ишни ўрганиш вилоят прокуратурасига, вилоятдан туман прокуратурасига юборилган. Туман прокуратурасининг мурожаатларга жавобан фуқароларга берган хатида эса мазкур иш юзасидан туман маъмурий судига мурожаат қилиш мумкинлиги айтилган.
Дарвоқе, туман прокуратурасининг фуқароларга юборган жавоб хатидан Миришкор тумани ҳокимлиги қарори билан ушбу шифохона балансидаги ерлар тўртта ҳолатда олиб қўйилганини кўриш мумкин.
Хуллас, фуқароларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда вазирликка, вазирликнинг Бош прокуратурага мурожаатлари охир-оқибат туман прокуратурасига қайтиб келмоқда. Прокуратура эса масалага ҳуқуқий баҳо бериш ўрнига, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлигини эслатиш билан чекланмоқда.
2021 йил 23 феврал куни Қарши туманлараро маъмурий суди судяси Л.Зайниддинова раислигида ўтказилган суд мажлисида мазкур иш кўриб чиқилади. Гарчи очиқ суд бўлса-да, шифокорлар мазкур суд мажлисига киритилмайди. Даъвогар Миришкор туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ғ.Умирзоқовнинг Миришкор туман ҳокимининг Жейнов шифохонаси ҳудудидаги ерни захирага олиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш талаби рад этилади.
Шундай қилиб, шифокорларнинг тиббий муассаса ерларини сақлаб қолиш йўлидаги барча уринишлари йўққа чиқади.
Бир нарсани эслатиб ўтишни хоҳлардик, мазкур масалада бирор-бир шифокор мулкий ёки бошқа томондан ўз манфаати учун мурожаат қилмаган. Балки, аҳолининг умумий манфаати, беморларга қулайлик, президент қарори ижроси талаби учун эшикма-эшик мурожаат қилиб келмоқда. Эҳтимолки, улар энди ҳали қатор ташкилотлар кўзига «бало»дек кўринишар ҳам.
Ҳолатга изоҳ олиш учун туман ҳокимлигида бўлганимизда, ҳокимлик ҳуқуқшуноси Жейнов давлат шифохонасининг тиббий муассаса эмаслиги, ҳатто бу муассаса туман тиббиёт бирлашмаси балансига ҳам кирмаслигини маълум қилди.
Қизиқ, унда шифохона кимнинг балансида? Нега Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош прокуратурага хат билан чиқди?
Ҳокимлик ҳуқуқшуносининг Жейнов давлат шифохонаси тиббиёт бирлашмасининг балансида эмаслиги тўғрисидаги изоҳи ҳақиқатга мос келмаяпти. Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган маълумотга кўра, Жейнов давлат шифохонаси Миришкор туман тиббиёт бирлашмасининг балансида ҳисобланади.
Бир сўз билан айтганда, шифохона ерларини сотувга чиқарган ҳокимлик ҳам энди бу масала бўйича суд қарор қабул қилганини пеш қилмоқда.
Журналистлар шу масалада изоҳ олиш учун туман ҳокимлиги биносига кирмоқчи бўлганида Миллий гвардия ходимлари томонидан монелик кўрсатилганди. Kun.uz ходимлари ўз саволларига жавоб олиш мақсадида аввалига туман ҳокимининг ўринбосари Бекзод Арзиев билан ҳокимлик ҳовлисида кўришган, Арзиев ўзининг «янги» эканлигини айтиб, ер аукционда сотилган вақтларда ишлаган мутахассисни рўбару қилган, аммо мутахассис журналистларга интервю беришни истамаганди.
Бу ҳолат Kun.uz сайтида «Миришкор ҳокимлигида Миллий гвардия журналист фаолиятига тўсқинлик қилди. Камералар ёқилгач, тўсиқ олинди» сарлавҳали мақолада батафсил баён қилинганди.
Умуман, Жейновдаги шифохона ҳудуди ғайритабиий тарзда сотилиб, аукционга қўйилаётгани ва негадир бу муаммога тумандагиларнинг асло ечим топишга ҳаракат қилмаётгани, қолаверса, шу масала юзасидан журналистларнинг суриштирув ўтказишига монелик қилингани кишини таажжубга солади.
Дарвоқе, Жейнов томонга бораркансиз, кенг далалар, очиқ майдонларга гувоҳ бўласиз. Аммо негадир ҳамма шу шифохона ҳудудига кўз тикяпти. Натижада кенг далалари бўлган туманда беморларга ҳаво етмаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Бош прокуратурадан миришкорликларнинг нажот масканидаги бу ҳолатга эътибор қаратишни сўраймиз.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Анвар Мустафоқулов, Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбирлари.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
11:02 / 15.12.2024
Тахтиқорача довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилди
13:42 / 23.11.2024
Дубайда қийин аҳволда қолган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди
18:04 / 06.11.2024
Тахтиқорача довонида Cobalt’ни тош босиб қолди. Қурбонлар бор
18:06 / 17.10.2024