Инновация вазирлиги яна бир баёнот берди. Аммо вазирлик ишонган манбанинг ўзида у ишончли эмаслиги ёзиб қўйилган
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Kun.uz сайтида эълон қилинган «Баёнот бериш масъулияти. Ўзбекистон расмийларининг вакцина ҳақидаги гаплари қанчалик асосли?» сарлавҳали мақола юзасидан муносабат билдирди.
Вазирлик муносабати матни билан қуйидаги манзилда тўлиқ танишиб чиқиш мумкин.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг муносабати
Kun.uz’нинг мақоласида масъулларнинг баёнотларидаги ўзаро фарқлар ва бир-бирига зид маълумотлар қаламга олинганди. Аммо негадир, вазирлик ўз муносабатида мақоладаги асосий мавзуни бир четда қолдириб, «вакцина хавфсизлиги ва самарадорлигига шубҳа билдирилган», дея талқин қилмоқда.
Муносабатда вазирликни кулгига қўядиган бир жиҳат бор. Вазирнинг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулованинг мақолада танқид остига олинган баёнотига асос сифатида хорижий сайтлардан бирида нашр этилган илмий мақола кўрсатилмоқда.
Эътиборга олиш лозимки, айнан шу асосга кўра вазирлик Kun.uz’ни нохолисликда айбламоқда.
Афтидан, вазирликдагилар ўзлари таянаётган манбани диққат билан ўқиб кўрмаган. Агар диққат билан ўқиган бўлганларида, сайт саҳифасидаги сариқ ранг билан алоҳида белгилаб қўйилган эслатмани кўрган бўлишарди.
Чунки, у ерда шундай ёзувлар бор: “bioRxiv is receiving many new papers on coronavirus SARS-CoV-2. A reminder: these are preliminary reports that have not been peer-reviewed. They should not be regarded as conclusive, guide clinical practice/health-related behavior, or be reported in news media as established information”.
Таржимаси: “bioRxiv сайти SARS-CoV-2 коронавируси ҳақида кўплаб илмий ишлар қабул қилади. Эслатма: булар ваколатли мутахассислар томонидан кўриб чиқилмаган дастлабки ҳисоботлардир. Улар якуний хулоса, клиник амалиётга қўлланма/саломатлик билан боғлиқ хатти-ҳаракат ёки оммавий ахборот воситаларида қатъий хулоса сифатида фойдаланилмаслиги даркор”.
Эслатиб ўтамиз, Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова «Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигидаги коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси COVID-19’нинг Британия ва Жанубий Африка штаммларига қарши Американинг Moderna вакцинасидан олти баравар яхшироқ бўлиб чиқди», деган гапни айнан ушбу илмий мақолага асосланиб айтган экан.
Сайт модераторлари у ердаги маълумотлар нафақат клиник амалиёт, балки ОАВда ҳам қўлланмаслигини тавсия қилиб, огоҳлантириб қўйишган. Мавзу эса, 35 миллион аҳолига эга давлат учун 1 миллион дозада вакцина сотиб олиш ва уни ишлаб чиқариш ҳақида бормоқда.
Иккинчидан, илмий мақола ичида вазир ўринбосари Шаҳло Турдиқулованинг «Moderna вакцинаси ва 6 баробар самарадорлик»ка оид баёноти мазмунидаги гап топилмади. Умуман олганда, бир маҳсулотни тавсифлаётиб, унинг бошқа турдошидан фалон марта яхши дейиш на қонунга ва на ахлоқ нормаларига тўғри келса керак.
Учинчидан, вазирлик тақдим қилган ҳаволадаги мақола аввалида яна бир огоҳлантириш мавжуд.
This article is a preprint and has not been certified by peer review
Таржимаси: Бу мақола нашролди [версия] ва мутахассислар томонидан кўриб чиқилмаган
“What does this mean?” деган ёзув устига боссангиз мана бу изоҳ чиқади:
Бунинг таржимаси қуйидагича:
«Аn unrefereed preprint – нима дегани?
Илмий журналда расман чоп этилишидан аввал илм-фан ва тиббиётга оид мақолалар мутахассислар томонидан кўриб чиқилади. Бу жараёнда журнал муҳаррирлари турли мутахассислардан маслаҳат олади ва бу мутахассислар «тақризчилар», ёки «referees» деб аталади. Тақризчилар тақдим қилинган мақолани ўқийдилар ва ундаги фараз, усул ва хулосаларни текширадилар. Одатда, журналлар referee’ларнинг мулоҳазаларини эътиборга олган муаллифларнинг мақолаларинигина нашр қилишади.
Бу жараён узоқ давом этиш эҳтимоли борлиги сабаб, муаллифлар ўз қўлёзмалари тақризчилар томонидан кўриб чиқилиб, бирор журнал томонидан маъқулланишидан аввал bioRxiv хизмати (Инновация вазирлиги ишонган ва ишонтиришга уринаётган манба – таҳр.)дан фойдаланиб, қўлёзманинг «нашролди» версиясини эълон қилишади. Бу бошқа олимларга янгиликларни зудлик билан кўра олиш, муҳокама қилиш ва изоҳлаш имконини беради. Шунинг учун, ўқувчилар bioRxiv’даги мақолалар муаллифлар томонидан якунига етказилмагани, хатолари бўлиши мумкинлигидан огоҳ бўлишлари ҳамда илмий ёхуд тиббий ҳамжамият томонидан қабул қилинмаган ёки маъқулланмаган маълумотлар ҳақида хабар беришлари сўралади».
Ҳурматли ўқувчи, эътибор беряпсизми? Вазирлик берган ҳавола ичида бу платформа илмий асос эмаслиги ва ҳатто оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ҳам тавсия қилинмаслигидан ташқари, мақолаларда учраган хатолар ёки илмий/тиббий ҳамжамият томонидан қабул қилинмаган фаразлар учраса хабар бериш сўралган. Ундан ташқари, bioRxiv’даги мақолалар охирига етказилмагани ҳам айтилмоқда. Шундай экан, вазирлик тақдим этган ҳаволадаги манба на илмий мақсадлар, на шунчаки маълумот сифатида фойдаланишга яроқли. Бу платформа шунчаки тугал хулосалар бермайдиган оддий муҳокама майдони, холос.
Ҳа, дарвоқе, Kun.uz’да мақола чиққанидан бир неча дақиқа ўтиб, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўзининг Фейсбукдаги профили орқали изоҳ ёзган:
Қаранг, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фақат ЖССТ рўйхатидан ўтган вакцинани оламиз деяпти. Инновацион ривожланиш вазирлиги ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасини ЖССТ рўйхатидан ўтказиш учун барча зарур ҳужжатлар жўнатилганини айтмоқда. Республика махсус комиссияси эса, ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасига 1 миллион дозада буюртма берилгани ва маҳаллий тартибда ишлаб чиқариш учун корхона танлаб олинганини маълум қилди.
Мана шу занжирнинг қаеридадир мантиқ узиляпти, шундай эмасми?
Хўш, оддий аҳоли, вакцина қабул қилувчи кимга ишониши керак?
Саволлар кўп. Жавоблар эса, ҳозирча ишонарли эмас.
Шундай қилиб, яна бир бор масъуллардан ўзлари тақдим этаётган манбани аввал текшириб олишни илтимос қилиб қолардик.
Шоакмал Исроилов
Мавзуга оид
16:31 / 16.12.2024
Укол ўрнига крем: қоқшолга қарши янги турдаги вакцина яратилди
16:51 / 25.11.2024
Болаларда ҳам қўллаш мумкин бўлган маймун чечак вакцинаси тасдиқланди
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024