Ўзбекистон | 12:08 / 15.03.2021
5903
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қатор шартнома турларини фақат электрон шаклда тузиш таклиф этилмоқда

Президентнинг “Ижтимоий-иқтисодий муносабатларда шартнома институти ролини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат лойиҳаси билан бир қатор шартнома турларини фақат электрон шаклда тузиш таклиф этилмоқда.

Улар:

  • бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига ўқитиш шартномалари;
  • фермер хўжаликлари билан тузиладиган контрактация шартномалари.

Шартномалар тузишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар яратиш мақсадида Адлия вазирлиги махсус ахборот порталида бепул равишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига фойдаланиш учун намунавий шартномалар лойиҳаларини жойлаштириб бориш таклиф қилинмоқда.

Айрим шартномавий-ҳуқуқий муносабатларда фуқаролар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилмоқда.

Жумладан:

  • фуқароларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилмоқда;
  • мижоз рухсатисиз ҳисобварақдаги пулларини чиқариш фақат суд қарори билан ёки банк билан мижоз ўртасидаги тузилган шартнома асосида йўл қўйилиши белгиланмоқда;
  • суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционда сотувга қўйиладиган мол-мулк барча қарзлардан ва тақиқлардан холи бўлган ҳолда жойлаштирилиши назарда тутилмоқда.

Коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган шартномаларни монополияга қарши курашиш органлари билан келишилгандан сўнг истеъмолчилар билан тузиш амалиёти киритилмоқда.

Мавзуга оид