Жамият | 19:51 / 15.03.2021
6269
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева кунлик ишчилар марказлари фаолияти яхши йўлга қўйилмаганини танқид қилди

Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилишида хотин-қизларнинг ижтимоий муаммолари ва уларни тизимли ҳал қилиш масалалари муҳокама қилинди. Кенгаш раиси Танзила Норбоева хотин-қизларнинг энг оғриқли масалаларидан бири бўлган мардикор бозорлари ҳақида гапириб ўтди.

«Мардикорлик билан шуғулланадиган аёлларимиз бор. Мардикор аёл дейилади, лекин жуда хунук эшитилади. Кунлик ишчилар, дейлик. Мана шунақа фаолиятга эҳтиёжи бор аёллар мавжуд. Тошкент шаҳрининг ўзида кунлик ишчилар марказларидан 6таси ташкил этилди. Бу масалада вилоятлардаги опа-сингилларимизга алоҳида эътибор қаратишимиз керак.

 Сизлар (йиғилишда қатнашаётган ташкилот вакиллари) бу масала Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ваколатига киради, деб эътиборсиз қолдирманглар.

Яшаш ҳудудингизда: бозор ёки кўчалар бўйида аёллар ишчи кучимни сотаман, деб тўпланиб туришади. Мана шунақа жойга ўзингиз боринг, аёллар билан суҳбатлашинг. Аёллар кўчада ўз ишчи кучини таклиф қилиб туриши жуда хунук ҳодиса. Майли, бунинг айби йўқ. Лекин улар ишчи кучларини замонавий талаблар асосида таклиф қилишлари керак. Кунлик ишчилар марказлари ташкил қилинди, лекин уларнинг ишлаб кетишини ҳам ташкил қилиш керак.

Вилоятларга хизмат сафари билан чиққанимда, албатта, ўша жойларга бораман. Аёлларнинг мардикор бозорлари Қўқонда, Тошкент шаҳри ва вилоятида кўп», деган Сенат раиси. 

Мавзуга оид