Ўзбекистон | 10:45 / 15.03.2021
4335
1 дақиқада ўқилади

Тошкент туманидаги мактабларда олиб борилган таъмирлаш ишларида бюджет маблағлари талон-торож қилинди

Тошкент туманидаги 5та мактабда олиб борилган жорий таъмирлаш ишларида бюджет маблағлари талон-торож қилингани фош этилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти, Тошкент тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Департамент хабарига кўра, текширув давомида “К.И.” МЧЖ раҳбари Д.Б. ва туман халқ таълими бўлимининг қурилиш бўйича етакчи мутахассиси С.Т. тумандаги 5та умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилган жорий таъмирлаш ишлари бўйича ҳисоб-фактураларга амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 321,6 млн сўм бюджет маблағини талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш), 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид