Жаҳон | 13:43 / 16.03.2021
2946
2 дақиқада ўқилади

BioNTech вакцина ишлаб чиқариш бўйича альянс ташкил қилди

Вакцина етишмовчилигини бартараф этиш ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида Германиянинг BioNTech лабораторияси 13 компаниядан иборат альянс тузди. Компанияларнинг аксари Европаники.

РНК усули асосида дунёда илк вакцинани ишлаб чиққан Германиянинг BioNTech компанияси Европа Иттифоқи ва бошқа давлатларни етарли миқдордаги препарат билан таъминлаш учун 13 компаниядан иборат альянс ташкил қилди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри маълум қилган. Шу йўл билан BioNTech жорий йилда икки миллиард дозада препарат ишлаб чиқаришга эришмоқчи.

Нашр берган маълумотга кўра, музокаралар ўтган йилнинг октябридаёқ BioNTech ўзининг америкалик ҳамкори Pfizer билан биргаликда яратган вакцинани эълон қилишидан бир ҳафта олдин бошланган. Альянсга Pfizer’нинг бир неча асосий европалик рақобатчилари ҳам қўшилган.

Ҳамкорлар қаторида Германиянинг Merck, Rentchler Biopharma, Evonik Industries, Dermapharm, Siegfried AG ва Baxter Oncology компаниялари, Франциянинг Sanofi ва Delpharm ширкатлари, Швейцариянинг Novartis компанияси, Австриянинг Polymun Scientific Immunbiologische Forschung GmbH компанияси, Канаданинг Acuitas Therapeutics компанияси қўшилган. Уларнинг барчаси ишнинг муайян қисмини бажаради.

BioNTech ишлаб чиқаришни кенгайтирмоқда: шу йилнинг апрелида ишга тушириладиган завод йилига 750 миллион дозада вакцина ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиши кутилмоқда.

Январ ойида Евроиттифоқ Британиянинг AstraZeneca компаниясига буюртма берилган вакцинани тўлиқ ҳажмда ололмаслиги маълум бўлганди.

Мавзуга оид