Ўзбекистон | 08:11 / 17.03.2021
12561
2 дақиқада ўқилади

Кластерлар соҳасидаги тизимли муаммолар айтилди. Улардан бири - фермерларнинг мажбурий тартибда бириктирилиши

Вазирлар Маҳкамасининг “Агросаноат кластерлари мақоми ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Жорий йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, республика бўйича жами 345та агросаноат кластерлари мавжуд бўлиб, уларга жами 1 млн 201 минг гектар ер майдонлари бириктириб берилган.

Маълум қилинишича:

  • пахта-тўқимачилик кластерлари - 97та, бириктирилган ер майдони 927 068 гектар;
  • ғаллачилик кластерлари 77та, бириктирилган ер майдони 142 800 гектар;
  • мева-сабзавотчилик кластерлари 147та, бириктирилган ер майдони 122 394 гектар;
  • шоличилик кластерлари 16та, бириктирилган ер майдони 8 060 гектар;
  • бошқа кластерлари 8та, бириктирилган ер майдони 1 150 гектар.

Таъкидланишича, амалда фаолият юритаётган кластерлар таҳлили соҳада қуйидаги тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатган:

  • соҳани тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас;
  • кластерлар ҳуқуқий мақоми норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилмаган;
  • кластерлар ташкил этиш, уларни танлаб олиш мезонлари, шунингдек, уларга ерларни ажратишнинг ягона ва шаффоф механизмлари мавжуд эмас;
  • фермерларнинг кластерларга мажбурий тартибда бириктирилиши натижасида нотенг шартномавий муносабатлар шаклланган, фермерларда ўз маҳсулотларини сотишда харидорни танлаш имконияти мавжуд эмас;
  • кластерлар ерларини олиб қўйиш ва фаолиятини тугатиш, фермерлар билан тузган шартномаларини бекор қилиш қонунчиликка зид маъмурий усуллар орқали ҳал этилмоқда;
  • кластерлар мажбуриятлари бажарилиши ва инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини мониторинг қилиш механизми мавжуд эмас;
  • инвестицион мажбуриятлар бажарилмаслиги орқали ерлари олиб қўйилиши натижасида ерга амалда киритилган инвестицияни қайтаришда юзага келадиган муаммолар ечими мавжуд эмас;
  • кластер мақомини олганлик учун тадбиркорларни рағбатлантириш механизмлари мавжуд эмас, масалан, солиқ имтиёзлари ёки давлат бюджети маблағлари ҳисобидан муҳандислик-коммуникация объектларини ўрнатиш ёхуд ерларни ажратиш;
  • амалдаги қонунчиликда мавжуд кластерлар учун ягона солиқ имтиёзлари мавжуд эмас.

Қарор лойиҳасида агросаноат кластерлари мақоми ва улар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш назарда тутилмоқда.

Мавзуга оид